Асал ҳақида
шанба, 2015 Январ 03 Мухлиса Хакимова
Асални қадимдан фойдали хусусиятлари сабабли қадрлаб келишади. У нафақат егулик, балки саноатда ҳам кенг ишлатиладиган маҳсулотлардан бири бўлиб қолди. Хусусан, косметика сохасида. Асал юз, қўл, тери ва соч учун мўлжалланган турли ниқобларга қўшилади. Асал витаминларга бой, таркибида B гуруҳи, C, H, E, K, PP витаминлари, каротин, ферментлар ва минераллар бор. Улар сочни томиридан учигача озиқлантириб, соч толаларининг шилвираб қолиши, қазғоқ ва бош терисининг қуриши каби муаммоларни кеткизади. Асалли ниқоблар бу муаммоларни тезда бартараф этиш хусусиятига эга.
Лимонли асал ниқоби. Идишга битта лимоннинг шарбатини сиқиб соласиз. Устидан 50-60 гр. асал қўшиб аралаштирасиз. Ҳосил бўлган аралашмани сочнинг илдизидан учигача суртасиз. Кейин бошингизга полиетилен халта ёки қалпоқча кийиб оласиз. 10 дақиқадан кейин илиқ сув билан ювиб ташлайсиз ва хона ҳароратида қуритасиз.
Мойли ниқоб. Икки қошиқ асални, уч қошиқ зайтун мойи билан аралаштиринг, кейин уни сочга суртиб бошингизга полиетилен халта кийиб сочиқ билан ўраб қўйинг. 15 минутдан кейин бошингизни илиқ сувда ювиб ташланг ва хона ҳароратида қурутинг.
Ёғли сочлар учун. Икки дона тухум сариғини 60 гр. асал билан аралаштирасиз, кейин бу аралашмани сочга суртасиз. Ниқоб бир кеча турганидан сўнг эрталаб ювасиз. Бу ниқобни мунтазам ишлатиш сочни ёғланиб кетишидан асрайди.
Қуруқ сочлар учун. Бу ниқоб сочдаги намлик етишмаслигини кетказишга ёрдам беради. Бунинг учун пиёзни гўшт майдалагичдан ўтказасиз. Ниқоб учун 50 гр. пиёз бўтқаси керак бўлади. Кейин уни 10гр. асал билан аралаштирасиз ва сочга суртасиз. 1,5 соатдан сўнг илиқ сувда шампун билан ювиб ташлайсиз. Агар сочларингиз қуруқ ва жуда кучсиз бўлса бу ниқобга 10 гр. илитилган зайтун мойи ҳам қўшиб юборасиз.
Қазғоққа қарши. 400 мл. ўткир мойчечак дамламасини тайёрланг. Бунинг учун бир неча қошиқ мойчечак қайноқ сувда дамланади ва бироз ўтиб докадан сузиб олинади. Кейин бу дамламага 60 гр. асал аралаштирасиз. Ниқоб олдиндан ювилган тоза сочларга суртилади. 10 дақиқадан сўнг бошингизни ювиб ташлайсиз.
Соч тўкилишига қарши. 30 гр. асал, 20 гр коняк, 20 гр зайтун мойи ва 1 дона тухум сариғи керак бўлади. Бу маҳсулотларни яхшиллаб аралаштириб сочга суртасиз. 30 дақиқадан сўнг илиқ сувда ювиб ташлайсиз ва хона ҳароратида қуритасиз. Ушбу ниқобни 3 ой давомида ҳафтасига бир марта такрорлайсиз.
Мавзу бўйича бошқа мақолалар
Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг