Соч парваришининг 7 қоидаси
пайшанба, 2015 Январ 29 Мухлиса Хакимова
Сочларингиз нурсиз ва тўкилувчан бўлиб қолганлиги сизни ташвишга соляптими? Турли усулларни қўллашга шошилмай, энг зарур қоидаларни билиб олинг.
1. Доимий гўзаллик қоидаси! Сочларингиз “итоаткор” бўлишини истасангиз, 3-4 кунда бир маротаба бош ювишга одатланинг. Ҳа-ҳа, сочни ювиш оралиғини шундай муддатда олиб борсангиз, кирланиши ҳам шунга мослашади. Сочни чайишда оддий сувга қараганда мойчечак дамламаси, бир дона лимон шарбати билан аралаштирилган эритмалар жуда қўл келади. Улар сочни янада сержило қилиб, ялтиратади. 2-3 кунда бир марта соч илдизини енгил уқалаб, ёғоч тароқда тарасангиз, бошда қон айланиши яхшиланади.
2. Қўшимча воситалар билан танишамиз! Сочларингиз сержило тус олиб, яхши турмакланишини истасангиз, ҳадеб лак, мусс ёки гел каби воситаларга чалғиманг, улардан фақат кечки оқшом ёки бирор тадбирда фойдаланиш мумкин. Бироқ кундалик турмакларда бу воситалардан ортиқча фойдаланиш, сочнинг табиий жилосини камайтириб, тез кирланишга мойил қилиб қўяди. Лак, мусс ва гелларни ҳарид қилаётганингизда таркибида спирт эритмаси бўлмаганини танланг. Яхшиси, сочнинг ҳажмли бўлишига ёрдам берадиган ва жило берувчи шампунлардан фойдалансангиз, табиий гўзал сочларга эга бўласиз.
3. Ниқоб тайёрлаймиз! Қуруқ ва нормал сочларни парваришлаш мушкул эмас. Аммо тез ёғланадиган сочлар учун алоҳида парвариш зарур. Ҳафтасига 2-3 марта ювсангиз ҳам сочларингиз ёғланиб кетаверса, ушбу рецептни қўллашингиз мумкин: 1 ош қошиқ хамиртурушни озроқ қайнаган сувга аралаштиринг. Сўнг бир дона аталанган тухум оқини қўшинг. Ниқобни соч илдизидан узунлигига қадар суриб, 20 дақиқадан сўнг илиқ сувда чайинг.
4. Турмакларни янгилаймиз! Ёз мавсумида сочларимиз узун ва тўлқинсимон турмакланган бўлса, кузга келиб, уни бироз янгилаймиз. Масалан, сочни юз тузилишига кўра, ўртача узунликда ёки калта қирқтириб, турмаклаш мумкин. Узун соч турмакларини хуш кўрсангиз, сочнинг бир қисмини юқорига кўтариб, қолган қисмини турмаклаш усулини танланг. Хозирги кунда ўрилган сочлар урфда эканини биласиз. Сочингиз ҳоҳ узун бўлсин, ҳоҳ калта уни турлича ўриш мумкин.
5. Сочимизни бўяймизми?! Ҳар бир мавсумнинг ўзига хос ранглари бўлиши сир эмас. Шу жумладан сочларга ранг беришда ҳам мавсумий бўёқларни танлаган маъқул. Мутахассислар ҳозир урфда бўлган соч бўёқларига: қизғиш, тўқ жигарранг, шоколад, каштан, қўнғир, товланувчи бодом ранги ва тўқ малла рангларни тавсия этишмоқда. Агар сочларингизни аввал қора рангга бўяган бўлсангиз, уй шароитида очроқ рангга бўяшингиз қийин кечади. Бу юмушни гўзаллик салонларида бажариш, яъни сочни рангсизлантириб, сўнг керакли бўёқни қўллаш мумкин. Агар сочингизга ранг танлашда иккиланаётган бўлсангиз, буни мутахассисларга қўйиб беринг.
6. Парваришлаймиз! Соч тўкилиши деярли барча аёлларни муаммоси, десак янглишмаймиз. Буни олдини олиш учун уй шароитида 2 дона тухум сариғига 2-3 та алоэ барги шарбатини аралаштириб, соч илдизига суртинг. Натижаси янада яхши бўлиши учун бошни целлофан пакет билан ўраб, 20-25 дақиқа қолдиринг. Сўнг илиқ сувда чайиш мумкин. Яна бир тавсия: ҳафтада бир маротаба майда ош тузига озроқ зайтун ёғини аралаштириб, соч илдизини уқалаб туриш ҳам уни мустахкамлайди.
7. Химоя қиламиз! Қуруқлашган ва жонсиз бўлиб қолган сочларни оддий майонез ёрдамида қутқариш мумкин. Бунинг учун соч узунлигига кўра, 2 ош қошиқ майонезни 1 ош қошиқ ўсимлик ёки бодом ёғи билан аралаштириб, илдизидан то узунлигига қадар суртинг. 20-25 дақиқадан сўнг илиқ сувда чайиб, шампун билан ювинг. Бу усулда соч илдизи мустаҳкамланиб, толаси ҳимоя қобиғига эга бўлади.
Мавзу бўйича бошқа мақолалар
Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг