Тошкентча ош (палов)
шанба, 2015 Июн 27 Лола Хакимова
Керакли масаллиқлар:
1. Қўй гўшти - 1 кг.
2. Қўй думбаси - 200 гр.
3. Сариқ сабзи - 1 кг.
4. Пиёз - 0,5 кг.
5. Гуруч - 1 кг.
6. Ивитилган нўхот - 1 стакан.
7. Зираворлар.
8. Зиғир (пахта) ёғи - 1 чўмич
Тайёрланиши:
Қозонга ёғ солинади. Ва у қизигач, гўшт солиниб, қизаргунича қовурилади. Устига тўғралган пиёз солиб, уни ҳам қизаргунича қовурилади. Ошни ранги пиёзни қовурилишига қараб ўзгаради. Агар сиз оқишроқ ошни ҳоҳласангиз, пиёзни кўп қизартириб қовурманг. Агар пиёзни гўшт рангига яқин қизартириб қовурсангиз, ош қизил тусда бўлади.
Қизарган пиёз устига тўғралган сабзини соламиз. Сабзи эзилиб, йўқ бўлиб кетмаслиги учун уни узоқ қовурманг. Сабзи бироз ўлгач, масалллиқлар кўмилгунича сув соламиз. Кейин, ошда думба эриб, йўқ бўлиб кетмаслиги учун сувга думба солинади. Агар думбани таъбингиз кўтармаса, қозонга солинадиган ёғнинг миқдорини икки баробар кўп солинг. Сўнг, таъбга кўра туз, зира, думба ва нўхотни соламиз. Ушбу дақиқада ош учун махсус зираворлар тўпламини солишингиз ҳам мумкин.
Масаллиқлар 15-20 дақиқа қайнагач, тузини яна бир маротаба текшириб кўриб, етарли бўлмаса, созлаймиз. Қозон тагидаги олов баландланиб, устига гуруч соламиз. Бунда, гуручни икки хил усулда солиш мумкин. Бирида гуруч тозаланиб, ювилиб, солинади. Иккинчисида гуруч аввалдан сувда ивитиб қўйилади. Иккинчи усул қўлланган ҳолатда қозондаги қайнаётган масаллиқ суви миқдори камроқ бўлиши лозим. Чунки гуруч ивитилган вақтда керакли сувни шимиб олган бўлади.
Қозонга солинган гуруч суви тортилгунича аралаштирилмай қайнатилинади. Бунда қозондаги гуруч бир хилда қайнаши лозим. Акс ҳолда, қайнаётган томон гуручи етилиб, қайнамаган жойи гуручи эса тирик бўлиб қолиши мумкин. Сув тортилганини қозон четига капгирни тиқиб кўриб, биламиз. Сув тортилгандан сўнг гуруч ўртага дўппидек йиғилиб, ўртасига капгир санчилади. Бу капгир санчиш гуруч атрофида буғ айланишини таъминлайди. Сўнг, қозон усти ёпилиб, ош 15-20 дақиқа паст оловда димланади.
Ёқимли иштаҳа!
Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг