Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Лого beka.uz

Учрашганда қаролмайман кўзингга

 жума, 2015 Май 22    Лола Хакимова  

Учрашганда қаролмайман кўзингга

Кўнглингиз кўчасига йўл солган қадрлигингиз сизга қандай муносабатда эканини билолмай, паришон бўляпсиз. Кечалари кипригингизга қўнолмаган уйқу фариштаси чор-ночор «У ҳам мени севармикин, кўнгли кўзгусида менинг суратим чизилганмикин?» деган саволларни етаклаб келади. Дилингиздаги хавотирни аритиб, ҳадикни кўнглингиз уйига бегона қилиш учун сизга бир неча сирларни очамиз. Унинг кўнглида сизнинг ўрнингиз қаерда эканини, сизни қай даражада қадрлашини унинг истиқболига пешвоз чиққанингизда аниқлаб олишингиз мумкин. Бунинг учун дийдор онларида у сизга қандай қарашига эътибор берсангиз кифоя!

Суҳбатлашиш жараёнида у ўзини қандай тутади?

Одатда, бир сўзлилик, мардлик — йигит кишига хос фазилатлар саналади. Уни таниган кунингиздан бошлаб, ўзи айтган барча сўзининг устидан чиққан бўлса, (бу айнан сизга берилган ваъдалар бўлиши шарт эмас!) бундай йигитнинг сўзларига ишониш мумкин. Шунингдек, сиз билан суҳбат чоғида ўзини йўқотиб қўйса, билингки, у сизга бефарқ эмас.

Агар у суҳбат чоғида ерга қараса…

Қаршингиздаги йигит ҳаёт синовларида иродаси синган. Ўзига ишонмайди. Шахсий ҳаётини ўзи қуришдан чўчийди. Шунингдек, бу қарашлар замирида жавобсиз муҳаббат ётган бўлиши ҳам мумкин.

Кўзларингизга тикилиб қараса…

Агар у фақат сизга қараса, демак, сизни энг яхши дўст ўрнида қабул қиляпти ёки сизни чин дилдан севиб қолган. Бундай нигоҳни «тутиш» осон бўлмайди, бироқ, айнан шундай қарашлар бир кўришда муҳаббат пайдо бўлишига замин яратади.

У кўзларини юқорига  қадаса…

Айтишга сўз тополмай, юқорига қараб, қуёшли осмондан юлдузларни излайдиган йигит нимадандир уялгани, тортинаётгани аниқ. Агарда у сиз нималар ҳақдадир берилиб ҳикоя қилаётган чоғингизда юқорига қараб турса, билингки, сиз танлаган мавзу у учун ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас.

У сизга кулиб қараса…

Суҳбат чоғида жон-дили билан гаплашса, кўзларида учқунлар пайдо бўлса, шунингдек, ёш боладек қувонаверса, унинг кўнглида сизга нисбатан илиқ туйғулар булоғи кўз оча бошлаган. У сизни чин дилдан севиб қолиши мумкин ва бу муҳаббатга садоқатини изҳор этишига қўйиб беринг.

Шунчаки, юзаки қараб қўйса…

У сизга қизиқяпти: нималарни ёқтирасиз, қандай жанрдаги фильмларни томоша қиласиз, охирги марта қачон чин дилдан қувониб кулгансиз… Бироқ, у ҳали бир қарорга келгани йўқ. Сизни ёқтирадими, умуман, ростдан ҳам ёнингизда бўлишни истайдими — буни ҳали ўзи ҳам билмайди.

Кўз қири билан қараса…

Одатда, бундай нигоҳлар қаттиқ ранжиган, кимлардандир кўнгли қолган инсонларнинг қарашларида акс этади. Шунингдек, ҳаммага жаҳл қилишга одатланган йигитлар ҳам атрофдагилар шундай қарайдилар. Агар у сизга шундай қараса, ўзингизни тузатишга, қадамингизни ўйлаб босишга ҳаракат қилинг: балки уни хафа қилгандирсиз ёки қайсидир ҳаракатингиз унинг жаҳлини чиқаргандир?

Сиз билан суҳбатлаша туриб, кўзларини олиб қочса…

Агар у сизнинг кўзингизга тик қарашдан қочса, бундай йигитга ишонишни маслаҳат бермаймиз. Чунки, бу ҳаракат остида бирор ёлғон ёки сизга нисбатан қилинган хато учун жавобгарлик ҳисси ётган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Яъни, у сизнинг кўзларингиздан эмас, ўз қилмишларидан яширинаётган бўлиши мумкин.

Юқорида келтирилган мулоҳазалар кичик кузатувлар ҳосиласи сифатида қаламга олинди. Бироқ, шуни унутмангки, ҳар бир инсон ўз тақдирини ўзи яратади. Муҳаббат эски туйғу, лекин ҳар бир юрак уни янгилайди, дейишади. Қалбингизга қулоқ тутиб, ўз муҳаббат эртагингизни қўлингиз билан ёзинг! Токи бу муҳаббат қиссаси такрорланмас ва умрибоқий бўлсин!
 



Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг