Қандай миксерни танлаган маъқул?
сешанба, 2015 Июн 30 Лола Хакимова
Пазанда бекаларнинг асосий иш қуроли – миксер ҳақида нималарни биласиз? Умуман, уларни харид қилаётганда нималарга эътибор бериш керак? Авваламбор, миксер танлашда унинг турига, қувватига, тезликлари ва қўшимча қисмларига эътибор бериш лозим. Ҳамда, миксер билан бирга бўлган идишчасининг хажмини ҳам эътибордан қолдириш керак эмас.
Миксер турлари. Миксерлар одатта икки хил бўлади. Биринчиси оддий (қўлда бошқариладиган) миксерлардир. Улар оммабоп ва ҳамёнбоплиги билан ажралиб туради. Иккинчиси - кўчмас, яъни бир жойда ўрнатилиб ишлатиладиган. Кўчмас миксерлардан асосан қандолат цехларида фойдаланилади. Улар бир ерга ўрнатилиб, катта хажмдаги масаллиқларни кўпиртиришга мўлжалланган. Агар сиз уйда мунтазам пишириқлар пиширишни хуш кўрсангиз, иккинчи турдагисини танланг. Агар дам олиш кунлари, байрамларда пишириб турсангиз, биринчи турини олишни маслаҳат берамиз.
Тезликни тартибга солиш. Турли тезликларда ишлайдиган миксерлар асосан иккинчи турга мансуб. Чунки, қўл миксерларида кўпроқ қулайлик ва енгиллик аҳамиятга эга. Бир қўлда узоқ вақт оғир миксерни кўтариб туришни ким ҳам ҳоҳлайди дейсиз? Албатта, миксер тезлигини тартибга солувчи тугмалар қанча кўп бўлса, шунча яхши. Лекин эътибор беринг, тугмаларни бир бармоқ билан тартибга солиш мумкинми? Агар бу сизга иш жараёнида ноқулайлик туғдирмаса, демак, уни харид қилиш лозим.
Мотори. Қўл миксерлар моторининг энг мақбул қуввати – 100-300 Ватт. Қўчмас миксерлар кучлироқ, яъни 200-500 Ватт қувватга эга бўлади. Агар қувват бундан юқори бўлса, унинг ёқиб ўчирилиши учун махсус тугмаси бўлиши лозим. Бирданига катта ҳажмдаги масаллиқларни кўпиртириш лозим бўлса юқори қувватлисини танлаш тўғри бўлади.
Тишлари. Миксер тишларининг кўплиги унинг нархини ҳам белгилайди. Аммо бир-бирини ўрнини тўлдирадиган тишчаларга алданиб қолманг! Агар миксер тишларига қўшимча равишта миқдор ўлчагич стакан, тозалагич ва махсус куракча бўлса, айни муддао. Бу иш жараёнида сизга қўл келади. Баъзи миксерлар тишчаларини алмаштириш билан нафақат кўпиртириш, балки енгил қиймалагичга айланиши мумкин. Миксер таркибида қисман блендер вазифасини ўтайдиган пичоқ-тишларининг мавжудлиги ҳам ошхона ишларида анча қулайлик туғдиради.
Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг