Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Лого beka.uz

Кир ювиш сирлари

 душанба, 2015 Июн 08    Лола Хакимова  

Кир ювиш сирлари

"Кир ювгин-у, эгачингникига бор" деган мақолни эшитганмисиз? Бу гап бежизга айтилмаган. Бутун бошли оила аъзоларининг кийимларини ювган аёл буткул ҳолдан тойиб, бир пиёла чой ичишга ҳам ҳоли бўлмай қолганида, опа-сингиллари унинг аҳволини тушуниб, иссиққина овқат-у чой тутқазаркан. Албатта, бугунги кунга келиб бу мақол эскирди. Негаки, аёлларнинг оғирини енгил қиладиган "дастёрлар" — кир ювиш машиналари ҳаётимизга кириб келганига анча бўлди. Кир ювиш машиналари бир зумда кирларни ювиб, тозалаб қўяди. Аммо бунинг ҳам бир "лекин" томони бор. Кир ювишда ҳам амал қилиниши лозим бўлган баъзи жиҳатлар борки, уларга риоя этилмаса, кийимларингиз хунук кўринишга келиб қолиши ҳеч гапмас. Келинг, бугун саришта бека билиши лозим бўлган ана шундай кичик сирлар билан ўртоқлашамиз.

Тайёрлаш

Нозик кийимларни ювишда алоҳида эътибор зарур. Имкони борича, нозик либосларни олдиндан ивитиб қўйманг. Агар жуда кирланиб кетган бўлса, совунли сувга 30 дақиқа солиб қўйиш мукин. Кийимда доғ бўлса, ювишдан олдин уларни тозалаш лозим. Шуни ёдда тутинг: тоза ипак ёки шойи либосларни юваётганда таркибида ишқор мавжуд бўлган воситалардан фойдаланманг. Янги мева доғлари тушган кийимни сув остида тутиб турсангиз, улардан халос бўлиш осонлашади. Шунингдек, доғ устига газли сув сепиб қўйсангиз ёки нам губкани бостириб қўйсангиз,  ишингиз енгиллашади. Газли сув мева шарбати ёки кока-кола доғини осонгина йўқотади. Кийимларни юваётганда уларни жуда қаттиқ ишқаламанг. Яхшиси, доғ тушган жойларни губка билан тозалаб, енгилгина сиқиб олинг.

Ювиш

Нозик матоларни, яхшиси, совуқ сувда, қўлда ювинг. Ҳозирги кунда конструкторлар бекаларнинг оғирини енгил қилиш учун кир ювиш машиналарига "нозик ювиш" дастурини киритишган. Бунинг учун махсус ювиш воситаларидан фойдаланинг. Сув ҳарорати юқори бўлмаслиги, шунингдек машина барабани тўлиб қолмаслиги лозим. Нозик кийимлар кир ювиш машинасида ҳар қандай мато билан "чиқишавермайди". Масалан, жун матони пахта мато билан, шойини эса трикотаж билан бирга ювиб бўлмайди.

Қуритиш

Кир ювилган сув ва чайқаладиган сув ҳарорати бир-биридан кескин фарқ қилмаслиги керак. Акс ҳолда, кийим "ўтириб" қолади. Агар кийим ёрлиғида "Қуритиш мумкин" деган ёзув бўлса, машинанинг қуритиш режимидан фойдаланишингиз мумкин. Жун ва шойини чайқагандан сўнг сиқмасдан қуритиш лозим. Шойини енгилгина сиқиб олинг, шундан сўнг шойи либосни ҳам, жун кийимни ҳам патли сочиқ устига бир текисда ёйинг. Сув сочиққа сингигач, кийимни махсус осгичга илиб, қуритинг. Жун кийимни эса бошқа қуруқ сочиқ устига ёйинг, шунда унинг қуриши осон бўлади. Кийимларни ҳеч қачон қуёш нурида қуритманг: шойи мато мўртлашиб, жун кийим эса тортилиб қолади. Иситиш тизимининг иссиқ батареялари ҳам ювилган либосларни қуритиш учун мақбул жой эмас.

Дазмоллаш

Жун, (кашемир, юнгли мато, альпака, ангорий) жуда ҳам иссиқ бўлмаган, ўртача ҳароратда дазмолланади. Кийимда ҳар хил излар қолмаслиги учун либосни нам дока устидан дазмоллаш лозим. Тўқилган кийимларни дазмолламаганингиз маъқул, акс ҳолда улар чўзилиб қолиши мумкин. Тўқилган кийимдаги ғижимларни текислаш учун қуйидаги усулдан фойдаланинг: тўқилган кийимни илгичга илиб, уни иссиқ сув тўлдирилган тоғора устида бир неча соат осиб қўйинг, қарабсизки, кийимдаги ғижимлар ўз-ўзидан текисланади. Шойини тескари тарафидан дазмолланг. Тажрибали бекалар шойи мато устидан сув сепмайдилар, негаки, кийимда турли доғлар қолиши мумкин.

 



Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг