Гулларга меҳр беринг!
чоршанба, 2015 Июн 24 Лола Хакимова
Хонадонингизнинг тилсиз сухбатдоши бўлмиш анвойи гуллар алоҳида меҳрга, парваришга муҳтож. Бу ўсимликларга қанчалик эътибор берсангиз, улар ҳам шунчалик хонадонингизга кўрк бағишлаб, дилингизни яйратади. Шу боис дастлабки ишни гулларингизга меҳр беришдан бошланг.
Гулингиз яйраб ўссин десангиз.
Гулларни экиш, кўчириб ўтқазишда гултувакларнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Уларни танлаётганда ўтказиладиган ўсимлик хусусиятларини, албатта, инобатга олинг. Агар гул чирмашиб ўсадиган бўлса, ўтказиладиган гултувагингиз бўйи баланд бўлмасин. Бу тур гуллари саёз гултувакларда яхши озуқа олади, майда илдизлари ёйилиб ўсишга мўлжалланган бўлади. Тик ўсадиган гулларни эса бўйи баланд гултувакларга ўтказинг. Кичик гултуваклардаги тупроқ озуқаси тик ўсадиган гуллар учун етарли эмас.
Сопол гултуваклар фойдали.
Гулларни экишда елим гултуваклар узоқ вақт хизмат қилади. Фақат бундай идишдан фойдаланганда сув чиқиб кетиш йўли қаватини қалинроқ қилиш керак. Лекин сопол идишлар сув ушлаш, намликни бир хил сақлаш борасида елим идишлардан афзалроқ. Шу сабабли, иложи борича гулларни сопол гултувакларга ўтқазинг.
Гулларни озиқлантирамиз.
Гул экилган тувакдаги тупроқ тезда дармонсизланиб, таркибидаги минерал озуқалар қурийди. Гул яхши ўсиши учун гултувакдаги тупроққа минерал эритма, ўғит шарбатини қуйиб туриш керак. Бундай озиқлантирувчи аралашмаларни уй шароитида ҳам тайёрласа бўлади. Бунинг учун 4 литр сувга 0,5 г калий хлорид тузи, 4 г азотли калций тузи, 1 г калий фосфор тузи қўшилади. Ўғитли аралашма тайёр бўлгач, уни яна 2 томчидан саккиз томчигача темир хлориди қўшилади. Худди шунингдек ўғитли шарбатни уй шароитида ҳам тайёрласа бўлади. Бунинг учун керакли сувнинг бир қисми миқдорида гўнг солиниб, аралаштирилади. Минерал ўғит ёки ўғитли шарбат гултувак тўлгунча солинади.
Тупқорлар танлови керакми?
Бу савол айни гулларни экиш, қайта тувакка ўтказиш вақтида эсга тушади. Баҳорда даладан тупроқ келтириб бўлмайди. Шунинг учун баҳорги экиш хақида куз мавсумида ўйлаб, тупқорни даладан келтириб қўйишни маслаҳат берамиз.
Гулларни ерга кўчирмоқчимисиз?
Март-апрел ойлари хонаки гулларни кўчириб ўтказиш учун жуда қулай вақтдир. Хонаки гуллар очиқ жойга экилишидан аввал ташқи муҳитга ва ёруғликка ўргатилиши керак. Уларни бирданига қуёш нури тўғри тушадиган жойга қўйиш ярамайди. Одатда уйнинг шимол тарафига тушиб турадиган сояга тахминан бир ҳафтага қўйилади. Ана шундан кейингина тувакдаги хонаки гулларни очиқ ерга ўтқазиш мумкин. Бунинг учун ерда тувак ҳажмидаги чуқур қазилиб, гул туваги билан шу жойга ўтқазилади. Баъзи ёш хонаки гуллар (масалан, аралия, геран, драцена, фукция)ни ерга туваксиз ҳам ўтқазса бўлади. Ёзнинг сўнгги кунларида эса гуллар ердан ковлаб олиниб, узун илдизлари озгина қирқилади ва тувакка қайта ўтқазилади. Кузги мавсумда (тахминан 23 сентябрдан сўнг) хонаки гулларни қўзғатмасдан, қўшимча ёруғлик бериш мумкин бўлган жойга кўчириш керак.
Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг