Ҳомиладорликда тўғри овқатланиш
якшанба, 2015 Феврал 22 Лола Хакимова
Ҳомиладорлик даврида тўғри овқатланиш ҳомиладорлик жараёнининг меъёрда кечиши, ҳомиланинг тўғри ўсиши ва ривожланиши учун аҳамиятлидир. Қуйидаги маслаҳатлар сизга бу даврда анча ёрдам беради деган умиддамиз:
- Ҳомиладорлик даврида жуда кўп овқат еманг, яъни “иккита одам учун” қабилида иш кўрманг. Ҳомиладорликда бағрингизда болангиз борлиги учун ҳам кўпроқ овқат ейишни истайсиз, лекин овқатнинг ҳажми эмас, балки маҳсулотларнинг турлича бўлгани ва организм томонидан осон қабул қилиниши муҳимдир.
- Ҳомиладорлик даврида спиртли ичимликлар, тамаки, аччиқ таомлар ва кофеини бор маҳсулотлардан воз кечиш лозим.
- Ҳомиладорлик даврида истеъмол қилинадиган таомлар хилма-хил бўлиши лозим. Гўшт, балиқ ва денгиз маҳсулотлари, мева-сабзавотлар, дуккакли маҳсулотлар, макарон, нон ва сут маҳсулотларидан имконият борича ҳар куни оз-оздан ейиш керак.
- Ҳомиладорликда кўнглингиз истаган маҳсулотни ейишга ҳаракат қилинг. Агар кутилмаган бирон маҳсулотни бирдан егингиз келса, буни яқинларингизга эркалик эмаслигини, балки организм шуни талаб қилаётганлигини тушунтиринг. Ҳомиладор аёлнинг истаганини истеъмол қилишини яқинлари таъминлаши лозим.
- Ҳомиладорлик даврида суюқликни кўп ичиш керак. Суюқлик бу даврида аёлнинг ўзини яхши ҳис этишига, ҳомиланинг меъёрда ривожланиши ва ўсишига фойдали бўлиб, кунига 3-4 стакандан ортиқ сув ичиб туриш ижобий таъсир кўрсатади.
- Ҳомиладорликда овқатни тез-тез, оз-оздан еган маъқул. Бир ўтиришда тўйиб овқатланиб олгандан кўра ҳар 2-3 соатда оз-оздай еб олиш фойдали.
- Ҳомиладорликда ичагингизнинг вақтида бўшашини ҳам таъминланг. Бунинг учун ҳазм қилиш тизимини ривожлантирувчи маҳсулотлар - мева ва сабзавотлардан кўпроқ истеъмол қилинг. Агарда ичингиз қотишига мойиллигингиз бўлса, қурутилган олхўридан истеъмол қилиб туринг.
- Ҳомиладорликда уйқуга кетишдан олдин кўп овқат еб олмаслик зарур. Сабаби, ошқозон тўла бўлса ухлаш вақтида ҳомиладор аёлга қийинчиликлар келтиради ва бачадон катталашган сари жигар оғриши, жиғилдон қайнаши, уйқусизлик каби ҳолатлар кузатилиши мумкин.
- Аллергия берувчи маҳсулотлар - аччиқ таомлар, қизил ва қора икра, қизил балиқ гўшти каби маҳсулотлардан бироз йироқ бўлганингиз маъқул. Уларни истеъмол қилишда меъёрни унутманг.
- Ҳомиладорлик даврида тузни ва шўр маҳсулотларни камроқ истеъмол қилинг. Тузланган сабзавотлар, дудланган балиқ ёки хар ҳил соуслар ҳомиладор аёл буйракларига оғирлик қилади. Кундалик овқатингизга ҳар доимгидан камроқ туз солиб ейишга ҳаракат қилинг.
Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг