Қизим сенга айтаман, келиним сиз эшитинг
душанба, 2015 Сентябр 07 Лола Хакимова
Халқимизда "Қари билганни пари билмас" деган нақл бор. Бу нақлга бефарқ бўлмаган, кўпни кўрган оналаримиз, оталаримиз маслаҳатларига қулоқ тутган ёшлар албатта, ҳаётда қоқилишмайди. Қуйида, шу маслаҳатлар жумласидан бўлган бувиларимиз ўгитларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
1. Эрингизга хушмуомала бўлинг. Мазангиз йўқ бўлса ҳам, унга билдирманг.
2. Ҳеч қачон эрингизга ота-онасини ёмонламанг. Улардан қандай воз кечса, вақт ўтиб сиздан ҳам шундай воз кечиши мумкин.
3. Овқатига эҳтиёт бўлинг. Қорни оч қолмасин. Қандай ишингиз ёки илтимосингиз бўлса ҳам, аввал қорнини тўйдириб, кейин айтинг.
4. Рўзғордаги камчиликларни айтиб юзига солманг. Эр-хотин қўш хўкиз. Қандай камчилик бўлмасин, биргаликда ҳал қилишга ҳаракат қилинг. Муаммоларни бир ўзига ташлаб қўйманг.
5. Ҳар қандай вазиятда ҳам мулойим бўлинг. Айниқса, эрингизни жаҳли чиқиб турган бўлса, сиз ҳақ эканлигингизни исботлашга ҳам уринманг, пастроқ келинг. Озгина вақт ўтиб, кейин сиз ҳақлигингизни тушунтирсангиз бўлади.
6. Эрингиз хафа бўлганда, сиз ёнида шод юрманг. Эрингизга ҳамдард бўлинг.
7. Гап талашиб қолган тақдирингизда ҳам уйингизга аразлаб кетманг. Ўзи кетар ёр-ёр... бўлиб, обрўйингизга путур етиб қолмасин.
8. Қизларингизга қаттиқроқ туринг. Уйни озода-саришта тутишга ўргатинг. Қиз бола бировнинг ҳасми. Улар узатилганда сизга фақат рахмат келтирсин.
9. Эрингиз фарзандаларингизни уришаётганда болаларни ёнини олманг. Ҳеч қачон болани кимдир тарбия қилаётганда бошқа биров қўшилмаслиги керак. Болани тарбиясини бузиб қўясиз.
10. Эр-хотин гап талашиб қолсангизлар, болаларни олдида эмас, бошқа уйда уларга билдирмай келишиб олинг. Болалар ота-онасига фақат ҳурматда бўлиши керак. Ҳеч қачон болалар олдида эрингизни беҳурмат қилманг.
11. Остонага қараб қўйинг. Қиз боласи бор уй ҳамманинг назарида бўлади.
12. Рўзғорга олиб келинган харажатларни дарҳол жойлаб қўйинг. Тухумларни аста ювиб, қуритиб кейин музлатгичга жойланг. Гурунч ва мошларни банкаларга солиб қўйинг. Гўштни эса овқатга соладиганингизни мўлжаллаб, бўлак-бўлакларга бўлиб қўйинг.
13. Манти-қасқоннинг ҳар бирига алоҳида чит газламадан қопча тикиб, жойлаб қўйинг.
14. Рўзғорга маҳсулотларни улгуржи олишга одатланинг.
15. Кечкурун эрингиз келганда уйни тозалашга киришманг. Ҳамма ишларингизни у уйга келгунча бажариб олинг.
16. Хонтахта атрофидаги кўрпача ва ёстиқларга қараб туринг. Иложи бўлса, кўрпачаларнинг устига сидирма ғилоф тикинг ва улар сал кир бўлса, ювиб, дазмоллаб яна қайта кўрпачаларга тутиб қўйинг. Шундай қилсангиз, ҳадеб кўрпачаларингизни авра астарини сўкиб, ювиб, қавитавермайсиз.
17. Хонтахта тагига газлама тўшаб қўйинг. Ҳар куни тўкилган нон ушоқларини шу газламани қоқиб тозалаб олаверасиз.
18. Ҳар куни кечки пайт эрингиз эртасига киядиган кийимларини тайёрлаб қўйинг. Айниқса, оёқ кийимини артиб, мойлаб қўйиш эсдан чиқмасин.
19. Меҳмон келганда доимо оёқ кийимларини артиб кейин тахлаб қўйишга одатланинг. Баъзилар тахлаб қўйдимку, бўлдида дейди. Йўқ, туфлиси ёки калиши лой бўлса, уни тахлаб қўйгандан нима наф?
20. Қизларингизга уйдаги чангларни артишига одатлантиринг.
Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг