Қайтар дунё
пайшанба, 2015 Март 05 Лола Хакимова
Бу дунёни қайтар дунё дейдилар. Унда яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам қайтади. Бунга кўп маротаба гувоҳ бўлганмиз. Қуйидаги воқеа бу мақолнинг тўғри эканлигининг исботидир.
Қиш кунларининг бирида, ёш йигитча ўзи ўқиётган коллежда қимматбаҳо Samsung Galaxy S5 русумли телефон топиб олади. Лекин уни нима қилишни билмай, уйига олиб келади ва оиласидагилардан беркитишга ҳаракат қилади. Укаси бундан хабар топиб, отасига айтади. Ота бутун оилани йиғиб, телефонни эгасига қайтариш кераклигини, бировни нарсаси бировга буюрмаслигини айтади.
Эртасига ота ўғли билан бирга коллежга бориб, устозлари ёрдамида телефон эгасини топади ва унга телефонни беради. Телефони топилганидан хурсанд бўлган ёш қизча кўп рахматлар айтиб дарсига югуриб кетади.
Кечки дастурхон атрофида ота ўз оиласига бу ҳолатни айтиб, кейинги сафар топиб олинган буюмларни эгасига ўша заҳотиёқ қайтариш кераклигини уқдиради...
Орадан 3 ой ўтиб, айнан шу оила аъзоси - онанинг телефони шаҳар кафеларининг бирида унутилиб қолади. Кафега қайтиб боришганида эса кеч бўлганлиги, телефонни кимдир олган ва аппарат ўчиқлиги маълум бўлади. Оила аъзолари бундан хафа бўлишади ва янги телефон сотиб олиш тараддудига тушишади.
Орадан вақт ўтиб, янги телефон танлаб юрган пайтда бегона рақамдан отага қўнғироқ бўлади. У унутилган телефонни топиб олган йигитчанинг онаси эди, ва фалон адресга келиб телефонни олиб кетишларини айтади.
Бундан хурсанд бўлган ота ва она дархол ўша айтилган манзилга бориб телефонни олишади ва йигитчага катта рахматлар айтишади...
Албатта, бу воқеа биз билган оилада, кечки дастурхон атрофида оила аъзоларига ибратли мисол тариқасида келтирилиб, ҳалоллик ва поклик борлиги, инсонларга доимо яхшилик қилиш кераклиги, ва яхшилик унутилмаслиги, бир жойдан қайтмаса, бошқа жойдан албатта қайтиши айтилади...
Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг