Одноклассникида эҳтиёт бўлинг
чоршанба, 2015 Март 25 Лола Хакимова
Одноклассники ижтимоий тармоғи 2005 йилда очилган бўлиб, ягона мақсади дунё шаҳарларига тарқаб кетган собиқ синфдошларни бирлаштириш эди. Кейинчалик ушбу тармоқ анча ривожланди, унинг имкониятлари кенгайди. Ҳозирга келиб бу тармоқда дўстлашиш, турли мулоқотлар олиб бориш, мусиқа тинглаш ва кинолар кўриш мумкин. Ҳаттоки, овозли ва видео суҳбат қуриш ҳам мумкин. Лекин, ҳамма яхши нарсанинг ёмон томони бўлганидек, ушбу тармоқда сиёсий ва диний бузғунчилик, содда одамларни йўлдан уриш, бузуқлик каби иллатлар анча авж олган. Бундай ёмонликларни тарғиб қилувчи одамларнинг тўрига тушиб қолмаслик учун қандай йўл тутиш керак?
Бунинг учун қуйидаги маслаҳатларга қулоқ тутинг:
- профилингиз ёпиқ ҳолда бўлсин,
- фотоальбомларингиз ёпиқ ҳолда турсин, агар очиқ бўлса, суратларингизни фақат дўстларингиз билан баҳам кўринг,
- бегона одамлар билан дўстлашманг, уларга расмларингизни юборманг, телефон рақамингизни берманг,
- дўстлик таклифларини қабул қилишдан аввал таклиф эгасининг профилини яхшилаб текширинг: кимлар билан дўстлашган, қандай гуруҳларга аъзо, қандай мавзулар ва фотосуратларга "класс" босганига эътибор беринг,
- беҳаё гуруҳларга кирманг, буни таклиф қилганлар билан умуман гаплашманг,
- агар сиз оилали бўлсангиз, йигитлардан келган шахсий хабарларга жавоб берманг, ҳаттоки улар чиройли гулларга бурканган хушомад бўлса ҳам,
- "сирлашамиз" деган қизларга дарров сирларизни очманг, бундай профиллар ортида йигитлар ўтирган бўлиши мумкин,
- гуруҳлардаги мавзуларни ўқишни маъқул кўрсангиз, муҳокамаларида иштирок этмасликка ҳаракат қилинг,
- гуруҳлар ва статуслар муҳокамаларидаги турли жанжалларга аралашманг, беодобларни тартибга чақиришга ҳаракат ҳам қилманг, уларни қайта тарбия қилолмайсиз барибир.
Тармоқдаги рекламаларга унчалик ҳам ишонаверманг. Турли озиш ўт ёки чойлари, қоматни ўзгартирувчи кремлар ва шунга ўҳшаш маҳсулотларнинг аксарияти фойда бермайди ва содда одамлар пулини шилиш учун мўлжалланган. Ёдингизда бўлсин, яхши нарса рекламага мухтож эмас.
"Текинга 20 ОК", "Бу жойда текин совғалар", "Текин Paynet" каби тарғиботларга учманг. Текин пишлоқ фақат қопқонда бўлади, қолган ҳамма нарса учун тўлов бор!
Кўпчилик турли гуруҳларга аъзо бўлишган ва ундаги мавзуларни ўқиб боришади. Албатта, буни ёмон жойи йўқ. Лекин гуруҳларни ҳам танлашни билиш керак. Аксарият гуруҳлардаги мавзуларнинг сийқаси чиқиб кетган, реал ҳаётдан йироқ, айниқса, бизнинг шарқ маданиятимизга тўғри келмайди. Чунки, "статус" деб аталмиш иборалар асосан рус, инглиз тилларидан таржима қилиниб, гуруҳларга кўчирилади. Россия ва Европада, сиз билганингиздек, ҳаёт ва яшаш тарзи умуман бошқача. Мисол учун, уларнинг "Ҳаёт сеники, бировга қулоқ солма, ўзинг истагандек яша!" деган хитоби бизга хеч ҳам мос келмайди. Агар биз, шарқ аёллари билганимиздек яшасак, биласизми нима бўлади? Бир тасаввур қилиб кўринг-а!
Кўп гуруҳларда қалбни ларзага келтирувчи воқеалар, ибратли ҳикоялар, вафо, садоқат, дўстлик мавзусидаги иборалар чоп этилади. Кўпинча буни чоп этганларнинг ўзлари, яъни гуруҳ маъмурияти аъзолари ўз сўзларидан ибрат олишга лойиқлар. Чунки, улар одамларни тўғри йўлга бошлаш ниятида эмас, "кўриб қўй, мен қандай ақллиман" деб гердайиш учун статуслар ёзишади. Ўз статусларининг изоҳларида эса дунёқараши торлиги, маънавий қашшоқ эканлиги яққол кўриниб туради...
Кейинги маслаҳатларимиз янги ҳаётда қадам қўяётган ёш қизларимиз учундир.
Таниқли кино ва санъат арбобларининг хушрўй суратларини қўйиб олган йигитчалардан эҳтиёт бўлинг. Улар тармоқда асосан кўнгилхушлик учун бузуқ қизларни излашади. Кўпчилик йигитларнинг фикрича "яхши қизлар однога кирмайди". Бундан келиб чиқадиган бўлсак, йигитлар ушбу сайтда ўзларига умр йўлдош қидирмайдилар. Чунки хеч қайси йигит била туриб ёмон қизга уйланмайди. Шунинг учун, "сайтда бахтимни топаман" деган қизалоқларимиз ўта эҳтиёткор бўлсинлар.
Замонавий йигитлар қизлар кўнглини овлашга жуда уста бўлиб кетишган. Ширин ва чиройли сўзлар айтиб, ваъдалар билан кўнглини пуч ёнғоқларга тўлдиришади, ва содда, оқкунгил қизчаларни тўғри йўлдан уришади. Ёвуз ниятларига эришиб бўлгач, турли таҳдидлар билан қўрқитиб, тез ва осон қочиб қоладилар. Келажак ҳаёти барбод бўлган содда қизлар эса, "севги йўқ экан, ҳамма йигитлар ёлғончи экан" деб қон йиғлаб қолаверадилар. Аслида севги бор. Бу илоҳий туйғуни ҳис қилиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Лекин, асл, ҳақиқий севги чимилдиқда пайдо бўлсагина, умрбоқий бўлади. Одноклассники ижтимоий тармоғидаги севги эса сохта. Икки инсон бир-бирини кўрмай, эшитмай, ҳис қилмай, фақатгина виртуал мулоқот қилиб бир-бирини севиши мумкин-ми? Менимча йўқ!
Муҳтарам қизларжоним, ўзингизни жуда эҳтиёт қилинг! Сайтдаги сохта "шахзодаларга" ишонманг, уларнинг чиройли сўзларига, хушомадларига, расмдаги гулларига, юракчасига учманг! Жиддий йигитлар бундай йўл тутишмайди. Биргина қалтис хато билан келажак ҳаётингиз илдизига болта урманг! Бу нафақат сизга, балки оила аъзоларингизга ҳам қаттиқ таъсир қилади. Сизнинг шаънингиз уларнинг ҳам шаъни!
Ундан кўра ўқинг, ҳунар ўрганинг, ўзингизни келажак ҳаётга тайёрланг. Оллоҳдан аёлларни ҳурмат қиладиган, сизни тушунадиган, инсофли, диёнатли умр йўлдош насиб этишини сўранг. Шунда авлодимиздан қолган удумларимизга биноан, уйингизга яхши жойлардан совчилар келади. Тақдирингизни ота-онангиз ихтиёрига топширинг, улар фарзандларига хеч қачон ёмонликни раво кўришмайди!
Одноклассники сайтидан эса фақат яхшилик учун фойдаланинг.
Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг