Эркакнинг ҳам кўнгли нозик
душанба, 2015 Феврал 23 Лола Хакимова
Маълумки эркак киши ишлагани сабабли, кўчада, ишхонада гўзал ва кўркам аёлларга кўп кўзи тушади. Баъзилари билан иш юзасидан мулоқотда ҳам бўлади. Албатта, уларга нисбатан ҳаваси бўлади, бу табиий. Чунки уйида аёли бундай юрмайди, у уй ташвишлари билан ўралашган, ўзига қарамаган бўлади. Эр рафиқасини беихтиёр кўчадаги аёллар билан таққослайди. Ва афсуски, мойиллик тарозуси ўшалар томонига оға бошлайди. Сабаби кундай равшан: улар ташқи қиёфаларига қараган, жозибали, хушмуомала. Бу ҳислатлар эса аёлида турли сабабларга кўра оқсайди. Эр бу тафоввутга кўз юмиши, кези келганда аёлини тушуниши мумкин. Лекин, бу узоқ давом этмайди. Вақт ўтган сари эркакнинг кўнглида безанган, хушбўй атир-упа сепган аёлларга нисбатан мойиллиги ошиб боради. Уйдаги жуфти ҳалолига бўлган муносабати ўзгариб боради, уни суймайдиган, ширин сўзларни айтмайдиган, кўнгли билан ҳисоблашмайдиган ва қўрс бўлиб боради. Чунки, эр ўзи истаган гўзалликни, назокат ва латофатни уйидан топа олмайди. “Эркаклар кўзи билан севади” деган гап бежиз айтилмаган. Модомики шундай экан, аёлларимиз, уй бекаларимиз уй ишларидан вақт орттириб, озгина бўлса ҳам ўзларига қарашлари лозим, тўғрироғи шарт!
Биз аёллар, яна бир нарсани унутмаслигимиз лозим. Эътибор, муносабат борасида эркакнинг ҳам кўнгли нозик бўлади. Аёл киши нафақат ташқи кўриниши, балки оқилалиги, гўзал хулқи билан ҳам эрни оилага боғлаб турмоғи лозим. Бунинг учун у эркакнинг яхши ва оғир кунида яқин дардкаши, маслаҳатчиси бўлмоғи керак. Сабр-чидамга даъват қилиб, тушкунликдан чиқиши учун кўнглини кўтарадиган гапларни айтиб, янада иродалироқ бўлишга ундаши керак. Шу йўл билан аёл ўз эрининг яқин кишиси бўлиб, уйдаги барча юмушларни тартибга солиб туради. Ҳаттоки эрининг иш юзасидан бажармоқчи бўлган ишларига ҳурмат билан қараб, ваъда ва учрашувларини ўз вақтида ўтказишига ёрдам бериб турса, эрини янада уйига боғлайди. Чунки бундай оқила, доно аёли бор ҳар қандай эркак ўз уйида роҳат-фароғат топади, ҳузур кўради. Лекин барча нарса меъёрида бўлгани каби, аёл киши эрининг ҳар бир катта-кичик, арзиган-арзимаган юмушларига ҳам аралашавериши яхши эмас, ҳар бир инсоннинг ўз эрки ва фақат ўзига ҳос юмуши бўлгани каби, ҳар бир эрнинг эрки ва ўз иши борлигини унутмаслик лозим.
Оилада эрнинг бош бўлиши, унга итоат қилиш, шарқ аёллари учун ёзилмаган қонундир. Бунда эрга итоатликни хору-зорлик, мутелик, ўзини пастга уриш деб тушуниш ва қабул қилиш мутлақо нотўғри. Бундай фикрлаган аёллар эрининг гапини тан олмай, оилада тушунмовчилик келтириб чиқарадилар. Шошқалоқлик, тез аччиқланиш, талашиб-тортишиш, тирноқ остидан кир қидириш ва ўзгаларга ўхшаб ҳаёт кечиришни эрдан талаб қилиш каби ишлар аёл кишига ҳеч қачон обрў келтирмаган. Бундай манманликлар оилани бузилишига олиб келиши аниқ.
Хулоса шуки, оиланинг мустаҳкам бўлиши асосан биз, аёлларга боғлиқ!
Мавзу бўйича бошқа мақолалар
Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг