Доно беканинг 10 қоидаси
шанба, 2015 Май 30 Лола Хакимова
Яхши бека деган номга сазовор бўлиш барча аёлларнинг орзуси. Азиз опа-сингиллар, дугонажонлар, сиз ҳам бунинг ҳаракатида бўлсангиз, бизнинг маслаҳатларимизга қулоқ тутинг. Қуйида оилавий бахтга элтувчи бир неча сирлардан бохабар қилмоқчимиз.
- Доно бекага вазминлик, вафодорлик тушунчалари хос. У оиласининг тинчлигини доим биринчи ўринга қўяди. Оиласидаги муҳит ("об-ҳаво") кўп жиҳатдан унга боғлиқлигини жуда яхши тушунади ва шунга кўра йўл тутади.
- Оила ҳамжиҳатлик демакдир. Никоҳ муҳаббат, бир-бирини тушуниш ва ўзаро ҳурмат асосида қурилиши кераклигини ёдда тутинг.
- Оилангизда орзулар уйғунлигини яратинг. Оила қуриш гўёки янги бинонинг қад кўтариши каби. Турмушингиз давомида содир этган ҳар бир ҳаракатларингизни мана шу бино асосига қўйилаётган ғиштларга ўхшатиш мумкин. Бино қанчалик мустаҳкам бўлса, унда шунча узоқ вақт яшайсиз.
- Аёл киши табиатан ижодкор эканлигини унутманг! Ҳаётингизнинг ҳар бир кунини унутилмас, турли ёрқин ранглар билан безашга ва уйингизда доим хушкайфият бўлишига ҳаракат қилинг.
- Ҳиссиётларга эрк берманг! Оқила бека ғазабни кўрсатиш тарбиясизликнинг бир кўриниши эканини, ҳеч қачон, ҳеч қаерда бунга йўл қўймаслик кераклигини яхши билади. Борди-ю, қалбида бундай ҳис пайдо бўлса, шу муаммони бартараф этиш чорасини излашга тушади.
- Оқила бека кечиримли бўлади. Ҳамма ҳам ҳаёти давомида хатога йўл қўйиши мумкин, бу ҳолат турмуш ўртоғингизда ҳам бўлиши табиий ҳол.
- Сабрли бўлинг! Сабр-тоқат — инсондаги энг улуғвор фазилат. Сабр ўринсиз ҳолатлардан, кераксиз гап-сўзлардан сақлайди.
- Оқила аёл ўзига ва атрофдагиларига қувонч улаша олади. Барча нарсалардан, ҳатто жуда кичик нарсалардан ҳам яхшилик излайди.
- Борича қабул қилишни ўрганинг. Унутманг, инсонлар ўз туйғуларини турлича ифода этишади. Турмуш ўртоғингиздан ўзингиз истаган тасаввурингиз даражасидаги ҳаракатларни кутманг. Унинг сизга бўлган муносабатини қадрига етинг.
- Ўрнингизни билинг. Ҳақиқий бека ҳеч қачон турмуш ўртоғи билан муносабатларда етакчилик қилиш учун рақобатлашмайди. У умр йўлдошига нисбатан ҳурматда бўлади ва ҳеч қачон унга шахсий мулкига қарагандек қарамайди. Ҳар қандай эркак аёлининг назокатли, ёқимли, ҳаёли бўлишини исташини унутманг.
Демак, яхши бека доимо:
- Кирим ва чиқимларини назорат қилади. Бу қачон ва қанча сарфлаганини аниқ билиш имконини беради.
- Кутилмаган меҳмонлар ташриф буюрганида ҳам, шошиб қолмайди. Уларни тезда мазали таомлар билан сийлайди.
- Ошхонада янгиликлар яратишга ҳаракат қилади, бу билан ҳар сафар яқинларини хушнуд этади.
- Яхши беканинг турмуш ўртоғини ҳар куни иссиқ, кечки овқат кутади.
- Уйида эрта учун ҳам етарлича маҳсулотларни ғамлаш ҳақида ўйлайди. Катта харидлар қилмоқчи бўлса, олдиндан оз-оздан пул йиғиб боради.
- Уй саранжомлаш унинг ҳар кунлик юмушидир.
- Яхши уй бекаси барча жиҳозларини жой-жойида сақлайди, ҳатто анча вақтдан бери ишлатилмаётган буюмларни қаерда эканлигини ҳам яхши билади.
- Вақтни тўғри тақсимлашни ўрганинг. Ўзингиз учун ҳар куни эрталаб ҳеч бўлмаганда 15-20 дақиқа вақт ажратинг.
Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг