Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Лого beka.uz

Ўғил бола тарбияси

 якшанба, 2015 Июн 21    Лола Хакимова  

Ўғил бола тарбияси

Боланинг тарбияси онанинг ҳомиладорлигиданоқ бошланади. Оиладаги шарт-шароитлар, меҳр-муҳаббат, атрофдагиларнинг муносабатлари боланинг тарбиясида жуда катта роль ўйнайди. Ички хислатларимизнинг шаклланиши, қобилиятимизни тўғри йўналтира олишимиз, ҳаётда ўрнимизни топа олишимиз, оиладаги муҳитга боғлиқ. Айниқса, ўғил болаларимизни ҳақиқий йигит сифатида тарбиялаш учун, уларга болалигиданоқ тўғри сабоқлар бериш катта аҳамиятга эга. Қуйида сизларга ана шундай сабоқлардан баъзиларини тавсия этамиз.

Ваъдасининг устидан чиқсин!

Ўғил болаларга кичик пайтиданоқ ҳар бир айтган "сўзида туриш"ни ўргатинг. Қўлидан кела оладиган ишни бажара олишга сўз бериб, сўзининг устидан чиқиш қанчалик муҳимлигини ва бу унга қандай ижобий натижа олиб келишини дўстона муносабат ёрдамида тушунтириб беринг. Албатта, бу билан сиз унга ишонишингизни таъкидлаб ўтинг, ҳар сафар сўзининг устидан чиққанида, ундан фахрланишингизни такрорлашдан чарчаманг.

Чидамли, бардошли, кучли бўлсин!

Ўғил болаларга хос бўлган хислатлар ҳақида (чидамли ва кучли шахс сифатида) таништириб боринг. Бунинг учун ҳар хил эртак қаҳрамонлари, мультфильм, кинодаги ижобий тимсоллар орқали ёки ҳаётий мисоллар билан, ўғил болаларнинг ўзига хос хислатларга эгалигини тушунтириб боринг. Айниқса, ўғил болалар спорт машғулотлари (ёки жисмоний меҳнат) билан шуғулланиши керак эканлигини айтинг. Бу билан сиз фарзандларингизни ҳаётга чидамли, бардошли ва кучли шахс сифатида шаклланишида ёрдам берасиз. Уйда аёллар, мактабда аёллар бўлса, сиз керакли натижага эриша олмайсиз. Зеро, йигитларимизга хос бўлган кучли хислатларни фақатгина эркакларимизгина тўғри тушунтириб, сингдира оладилар.

Масъулиятни ҳис қилсин!

Жавобгарлик ҳиссини шакллантиришга ёрдам беринг. Бунинг учун бирор-бир вазифа бериб, шу вазифанинг бажарилишига масъуллигини тушунтиринг. Ҳозир ёшлигида кичик бир ишга маъсулият билан ёндошса, келажакда катта бир ишни худди шу маъсулият билан бажаришига олиб келишини айтинг. Агар берилган вазифани "қўлимдан келмайди, қила олмайман" деб жавоб берса, сиз ҳар доим фарзандингизга ишонган ҳолда, муҳаббатингиз ила: "Сенинг қўлингдан келади, сенга ишонаман" деган сўзларингиз билан уни қўллаб-қувватланг, натижага эришганида уни рағбатлантиринг.

Ўз фикрига эга бўлсин!

Қарор қабул қилишни ўргатинг. Яъни у ўз фикрига эга бўлсин. Бунинг учун ҳаётда тўғри сўзли, қатъиятли бўлиш, меҳр кўрсатиш, ҳавас қилиш, жонкуярлик қилиш каби хислатлар аслида қандай бўлишини тушунтириб беринг. Бундай хислатларга эга бўлган йигитларни қандай ютуқлар кутаётганини ички мотивациясини уйғотиш ёрдамида шакллантиринг. Ишонувчанлик, кўнгилчанлик, ички қўрқув ҳиссиётлари, ғазаб, ҳасад, ёвузлик, ёлғончилик, қизғанчиқлик билан бирор-бир ютуққа эришиб бўлмаслигини, фақат салбий натижаларга олиб келишини мисоллар ёрдамида тушунтириб боринг.

Оладиган ҳосилингиз меҳнатингизга боғлиқ!

Фарзандингизга бўлган асл муносабатингиз ҳақида жиддий ўйлаб кўринг. Бунинг учун болангиз ҳақида ўйлаётган ўйларингиз ёки айтаётган сўзларингиз устида бош қотиринг. Мисол учун, "Сен одам бўлмайсан", "Сенинг қўлингдан келмайди", "Сен қиз болага ўхшаб иш қиласан" каби сўзлардан қочинг. Унутманг, ҳаракатларингиз у ёқда турсин, ҳаттоки ўйларингиз ҳам ҳаётда амалга ошиб қолиши ҳеч гап эмас. Шундай экан, ниятингиз сизнинг эккан уруғингиздир, ундан оладиган ҳосилингиз меҳнатингизга боғлиқ! Йигитларимизнинг ўзига бўлган ишончини ортиришда, ўғилларингизга бўлган муносабатингизнинг аҳамияти катта. Яъни сиз фарзандингизнинг етук шахс бўлиб етишига ИШОНИНГ ва ИШОНТИРИНГ! Ўз ҳаётидаги ўрнини топишга ёрдам беринг, уй шароитингизга кўра уни ҳаётдаги орзуларидан чегаралаб қўйманг. Ўз ҳаётини ўзи ҳал қилишига ўргатинг.

Берилган тавсияларим оддий, фақат уни амалга ошириш учун йиллар керак бўлади. Бугун эса АЙНИ ВАҚТИ – ҳар биримиз ўғилларимизнинг тарбиясида жиддий муносабатда бўлайлик!
 



Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг