Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Лого beka.uz

Гўдак ҳаётининг навбаҳори

 шанба, 2015 Март 28    Лола Хакимова  

Гўдак ҳаётининг навбаҳори

Ҳомиладорлик пайтидаги токсикоз, шишлар ва бола саломатлиги ҳақидаги қўрқувлар энди ортда қолди. Ҳомиладор аёл вужудида 9 ой яшаб, эндигина дунёга келган фарзандини ниҳоят ўз бағрига босади. Туғруқхонадан эсон-омон чиқиб олган ёш оналар қувончдан еттинчи осмонда учиб, ўз уйлари томон шошилишади ва уй остонасига қадам босганча енгиллик ҳамда қувонч билан бирга қандайдир хавотирни ҳис қилишади. Биринчи фарзанди туғилган ёш оналарда анча-мунча саволлар пайдо бўлиши табиий ҳол, албатта. Бола қандай ривожланиши керак? Бола билан қачон ва қандай шуғулланиш мумкин? Унга сут етарли бўлаётганини қандай билиш мумкин? Қўшимча овқатни қачон бериш керак? Ушбу саволлар оналарни хавотирга соладиган масалаларнинг ҳали ҳаммаси эмас.

Биринчи ой. Кўпчилик оналар болани уйга олиб келгач, энди эрталаб ҳам, кечқурун ҳам бўш вақтлари бўлмаслигини тушунишади. Бундан асабийлашиш ва уйдаги барча ишларни мустақил равишда ўзгартириш ҳам шарт эмас. Энди сиз – онасиз ва бу энг муҳими. Унутманг, гўдаклар онанинг ҳолатини ҳис қилади. Она қанчалик хавотирланса, бола шунчалик безовталанаверади. Осойишта ва хотиржам оналарнинг фарзандлари ҳам тинч бўлади.

Кун тартиби. Эндигина дунёга келган кичкинтойнинг асосий вазифаси – унинг учун яратилган атроф-муҳитдаги шароитларга мослашишдир. Янги туғилган гўдаклар ҳаётининг биринчи ойида кунига 20 соат ухлаб, асосан жисмоний эҳтиёжларини қондириш учунгина уйғонишади. Гўдак ўртача ҳисобда кунига 7-8 маротаба овқатланади.

Авваллари шифокорлар болани ҳар 3 соатда овқатлантириш керак деган фикр билдирар эдилар. Бугунги кунда эса фикрлар қарама-қарши томонга ўзгарди. Бола қорни очиши билан овқатлантирилади. Шундай бўлса-да, тановул вақтининг оралиғи 2 соатдан кам бўлмаслиги керак. Бундан ташқари, болага сув берилиши керакми ёки йўқлиги тўғрисида баҳслар олиб борилмоқда. Айрим шифокорларнинг фикрича, она сутида етарлича сув бўлиб, унга ортиқча суюқлик ичиши шарт эмас. Баъзилар еса болага сув ичириш жуда муҳим деб ҳисоблашади. Агар болага сув берилишига қарор қилинган бўлса, у ҳолда сувга шакар қўшилмайди. Йилнинг илиқ мавсумларида эндигина туғруқхонадан чиққан гўдакларни ҳам сайрга олиб чиқиш мумкин. Сайрнинг вақти 10-15 дақиқадан ошмаслиги керак. Салқин кунларда эса туғруқхонадан кейинги 2 хафтадан сўнггина олиб чиқиш мумкин. Ушбу сайрнинг вақти 5-10 дақиқадан ошмаслиги керак. Кун давомида болага қисқа ҳаво ванналарини уюштиринг. Масалан кичкинтойни кийинтираётганда бир неча вақтга яланғоч қолдиринг, бола бироз ҳаракатланиб ётаверсин. Бунда ҳона ҳавосининг ҳарорати 22C дан паст бўлмаслиги зарур.

Иккинчи ой. Кичкинтой ўзининг энг биринчи байрамини нишонламоқда. Энди у бир ойлик бўлди. Она ва бола аста секинлик билан кўникма ҳосил қилиб, бир-бирларини тушуна бошлайдилар. Унинг қандай йиғлашидан нима истаётганини аниқлаш мумкин – қорни очганмикин, таги ҳўл бўлганмикин ёки шунчаки онасини чақираётганмикин? Мулоқотнинг ушбу илк унсурлари она ва боланинг кейинги муносабатлари учун ҳам жуда муҳим.

Кун тартиби. Кичкинтой ҳали ҳануз, кунига тахминан 18 соат ухлаяпти. Аммо уйғоқлик даври анча узайиб, кайфияти чоғ ўтмоқда. Овқатлантириш аввалгидай 7-8 марта бўлиши, лекин боланинг кечаси тўйиб овқатланиши ва тинч ухлаши назорат қилиб турилади.  Одатда бола ҳаётининг иккинчи ойида уйқу ва уйғоқлик пайтиниг кундалик тартиби белгиланади. Бола кечаси 8-10 соат ухлаб, орада қорнини тўйғазиб олиш учун 2-3 маротаба уйғониши лозим. Агар бола кечаси тез-тез уйғонса, унга кўкрак тутишга шошилманг, балки у бирон нимадан безовталанаётгандир. Болани қўлга олиб, бироз тебратганча хонани айланинг, озгина сув беринг (ширин сув бўлмаслиги керак) ёки қорнини уқаланг. Агар бола тинчланмаса шифокор билан маслаҳатлашинг. Сайрлар вақти тобора узайиб боради. Агар ҳаво яхши бўлса, уни 1-1,5 соат ҳам сайр қилдириш мумкин.



Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг