Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Лого beka.uz

Болангизнинг қорни тўймаяптими?

 якшанба, 2015 Июл 19    Лола Хакимова  

Болангизнинг қорни тўймаяптими?

Янги йил байрами, хурсандчилик, меҳмонларни кузатиш ва кутиб олиш. Бу ташвишлар ёш болали оналарга бироз бўлса-да, салбий таъсир қилади. Чунки ташвишлар билан бўлиб, гўдагини вақтида эмизолмаслиги ҳам мумкин. Натижада шу давр мобайнида сут ишлаб чиқарилиши камаяди. Бундан ташқари, қиш ойларида организмда витаминлар камайиши натижасида ҳам онада сут ишлаб чиқарилиши бироз пасаяди. Бу касаллик тиббий тилда гипогалактия деб номланади.

Она сутининг камайишига сабаб бўлувчи омиллар:

  • Болани эмизиш режими бузилганда;
  • Бола сут безларини тўлиқ бўшатмаганда;
  • Кечқурун бола эмизилмаганда;
  • Эмизишлар сони кескин қисқарганда;
  • Она толиққанда;
  • Она тўйиб ухламаганда;
  • Стрессларда;
  • Онадаги турли ҳам­роҳ касалликларда.


Нима қилиш лозим?

Сутингиз камайдими, фарзандингиз сутга тўй­май йиғлаяптими, дарров асабийлашманг. Дарҳол болага турли аралашмаларни ҳам тиқиштирманг. Бу ҳолат вақтинча ҳам бўлиши мумкин. Одатда эмизикли даврда онада лактацион кризислар ҳам кузатилади. Оддий қилиб тушунтирсак, онада маълум вақтда онада сутнинг камайиши келиб чиқади. Бу ҳолат бола туғилганининг 3-6 ҳафталарида, 3-7 ва 7-8 ойларида аниқланади. Бу давр давомийлиги ҳар хил бўлади. Энг узоғи билан 3-4 кун давом этади. Сиз асабийлашсангиз, бу ҳолат ҳам ушбу даврнинг чўзилишига сабаб бўлади.

Оналарга маслаҳатлар:

  • Агар бола сутингизга тўймаса, сут етарли бўлмаса ҳам болани кўпроқ эмизишга ҳаракат қилинг. Айниқса, болани кечаси, албатта, эмизинг. Бу ҳолат сут ишлаб чиқарилишига ижобий таъсир қилувчи гормонларнинг ишлаб чиқарилишига ёрдам беради;
  • Она етарлича дам олиши лозим;
  • Она ўз вақтида овқатланиши лозим;
  • Шифокор назорати остида турли физиотерапевтик муолажалар буюрилади: ультратовуш, УФО, лазер терапия, кўкрак безлари массажи.
  • Онанинг овқат рационида кальций ва фосфор сақловчи маҳсулотлар, балиқ ва мол гўшти, тухум етарли миқдорда бўлиши лозим.

Она сутини кўпайтирувчи шарбатлар:

  • Сабзи шарбати. Сабзи тозалаб ювилади ва қирғичдан ўтказилиб, шарбати олинади. Ярим стакандан кунига 2-3 маҳал қабул қилинади. Сабзи шарбатининг таъмини яхшилаш учун сут, қаймоқ, асал, турли меваларни қўшиш мумкин.
  • Шолғом шарбати. Шолғом тозалаб ювилади ва қирғичдан ўтказилиб, шарбати олинади. Ушбу шарбатга  қайнатиб, совутилган сув қўшилади. Сўнгра устидан 1 ош қошиқ асал, озгина туз солинади ва яхшилаб аралаштирилади. Кунига ярим стакандан 2-3 маҳал қабул қилинади.
  • Сутли, асалли сабзи шарбати. Сабзи тозалаб ювилади ва қирғичдан ўтказилади. Устига 3-4 қошиқ сут ёки қаймоқ солинади. Кунига бир стакандан 2-3 маҳал қабул қилинади.
  • Укроп уруғлари дамламаси. Бир ош қошиқ укроп уруғи олинади. Устига бир стакан қайноқ сув солинади. Сўнгра 2 соат давомида дамланади. Дамлама докадан ўтказиб олинади. Кунига ярим стакандан 2 маҳал қабул қилинади. Агар бу миқдордаги дамламани кўтара олмасангиз, кунига 6 маҳал бир ош қошиқда қабул қилинг. Дамлама оғизда бир муддат ушлаб турилади, сўнгра ютилади.
  • Анис дамламаси. 2 ош қошиқ анис уруғлари олинади. Устига бир стакан қайноқ сув қўшилади. Бу дамлама бир соат давомида дамланади. Совутилган ҳолда 2 ош қошиқдан кунига 3-4 маҳал қабул қилинади.

Оналарга тавсия этилмайди!

  • Тузланган ва шўр маҳсулотлар;
  • Аллергик маҳсулотлар — цитрус мевалар, шоколад, кунгабоқар уруғлари;
  • Спиртли ичимликлар;
  • Таомларда ўткир ҳидли ва зираворли қўшимчалар бўлмаслиги лозим (сирка кислотаси, саримсоқпиёз, пиёз, хрен, хантал);

Қуйидаги дори воситалари эмизикли оналарга буюрилмайди: кофеин, уйқу чақирувчи дорилар, фтивазид, сульфаниламидлар, бром препаратлари, ични сурувчи дори воситалари, талвасага қарши дорилар, сийдик ҳайдовчи воситалар, айрим антибиотиклар.

Булар сутни камайтириш билан бирга она сути орқали ажралади ва болага салбий таъсир қилади.
 



Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг