Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Лого beka.uz

Болангизни қўғирчоққа айлантирманг

 жума, 2015 Июн 12    Лола Хакимова  

Болангизни қўғирчоққа айлантирманг

Барча ота-оналар қатори сиз ҳам амал қилишингиз учун кашф этилган, аниқ ишлаб чиқилган муайян қоидалар йўқ аслида, чунки ҳар бир бола ўзига хос бўлиб, алоҳида муомала, муносабатга эҳтиёж сезади. Аммо ота-оналар қўллаши мумкин бўлмаган бир неча хатти-ҳаракатлар борки, жаҳл отига қамчи уришга шай, тажрибасиз, ёш оила катталари ўзлари англамаган ҳолда тақиқларга йўл қўйишади.

Ўзини тута оладиган, интизомли фарзандни тарбиялашни истасак унинг шуури, онгида ижобий тахлит, тарзни йиллар давомида шакллантиришимиз ва нима бўлишидан, ҳар қандай вазиятдан қатъи назар уни бузмаслигимиз лозим.

Оила қўрғонингизда юз берадиган галдаги жанжал пайтида "Яхшилаб ўйлаб кўрдингми?" деган гапни айтиб қоласиз. Аслида сиз (ота-оналар) бу жумлани тилга ола туриб, жон-жигарингизнинг руҳиятига салбий таъсир ўтказаётганингизни хаёлга келтирмайсиз ҳам. Билиб қўйинг, бу маълум маънода болани камситишдек "жаранглайди".

Ортиқча ғамхўрлик ҳам маъқулланмайди. Бунда сиз болангизнинг имкониятларига етарлича баҳо бермаган бўласиз ва у ўзини норасо, ижобий хислатлари етарли эмас, деб ҳис этади. Бош қоида: "Боланинг ўзи ҳақли бўлган, қўлидан келган ишни унинг ўрнига бажаришга уринмаслигимиз керак".

Ҳар доим эркалатиб, эрк бериб қўйиш ҳам ярамайди. Агар кичкинтойингизга "йўқ" деёлмасангиз, у охир-оқибат "гапимда туриб олсам, ҳамма айтганимни қилишади", деб тушунади. Балки оила ичида унинг истаклари бажо келтирилар, аммо натижада у ҳаётга мослашолмай, хуноб бўлади.

Боладан доимий итоаткорлик, бўйсунишни талаб этиш тақиқланади. Яхшиси, уни олдиндан огоҳ қилинг, хабардор этинг, шунда унинг эътирозларини тинглайсиз. Ахир болангиз ўз дарсларини, машғулотларини ташлаб, буйруқларингизни сўзсиз бажаришга югураверса, ундан келажакда мустақил шахс эмас, (хизматчи) "қўғирчоқ" етишиб чиқади-ку.

Тарбияда изчиллик, кетма-кетлик, қатъий интизом бўлиши керак, агар она аниқ бир нарсага бугун тақиқ қўйса, бунга эртага ҳам, индинига ҳам амал қилиниши даркор.

Муҳим қоидалардан яна бири: ҳали боланинг ақли етмайдиган нарсаларни ундан талаб қилмай тура туринг. 2 ёшли кичкинтой 5 яшар боладек мулоҳаза қилолмайди, шу сабабли ундаги ривожланишни тезлатиш, шошириш ярамайди. Бу фақатгина гўдакнинг ўзини ўзи англаш механизмини бузиб, қўшимча тўсиқ, ғовларни келтириб чиқаради, холос.

Барча тафсилотларни баён этавериш шарт эмас. Агар бола айб иш қилган бўлса, унга бу хатолигини бир неча сўзлар билан хотиржам тушунтириш кифоя. Ғазабланган она бутун бошли маънавий маърузасини ўқишга киришиб кетса, ўзини ўзи ҳимоялашнинг бош воситаси сифатида боланинг онги "ўчади-қолади". Бунга эса болалар жуда тез мослашиб олишади. Фарзандингизнинг руҳиятини эзманг, ахир, барибир билдирилган барча мулоҳазалар натижада биргина (ягона) мазмунни касб этади-ку.
 



Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг