Болаларга ўйинчоқ танлаш
сешанба, 2015 Август 11 Лола Хакимова
Ҳар бир ота-она фарзандларини турли ўйинчоқлар билан хушнуд этишни ҳоҳлайди. Лекин болажонлар учун ҳамма ўйинчоқлар хам мос келаверадими? Уларни хурсанд қиламиз деб нотўғри таъсир қиладиган ўйинчоқларни харид қилмасликни истасангиз ушбу тавсияларга эътиборингизни қаратинг.
1-2 ёш учун: Ёғоч доска; Тебранма тойчоқ (ўғил болаларга); Аравачадаги қўғирчоқ (қиз болаларга); Ичма-ич қутилар; Челак ва белкурак тўплами; ғилдиракли ўйинчоқ (капалак, қушча); Мусиқий шкатулка (пианиноча, гитарача); Копток; Ранг-баранг резина, пластмасса ўйинчоқлар; Машинача, танк, юк машинаси (овоз чиқарадиган); Ўйинчоқ телефон.
2-3 ёш учун: Турли ўлчамдаги тўплар; Қўғирчоқлар; Юмшоқ ўйинчоқлар; Кубиклар; Уч ғилдиракли велосипед; Пластилин. Бўрли доска; Рангли қоғозлар; Рангли қаламлар, фломастер ва бўёқлар (расм чизишни ўрганиш учун); Стол ва стулчалар; Тележка; Фонарча; Боғдорчилик ўйинчоқлари; Мусиқий ускуналар (барабанча, қўнғироқ, танбур) Оддий мозаика суратлари; Конструктор ўйинлар (йиғиш, тўплаш, қуриш).
3-6 ёш учун: Коптоклар, пластилин, кубиклар; Касбга оид ўйинчоқлар: шифокорлар, қурилиш, дурадгорлик асбоблари; Йирик авто ўйинчоқлар (КамАЗ, вагон, самолёт, поезд); Қалам, фломастер, акварель, елим, қоғозлар; Стол ўйинлари — домино; конки, чанғи; Чўмилиш балони; Расм бўяйдиган китоблар; Уйча; Ҳарфлар тўплами.
Факт: Боланинг ақлий салоҳият даражасининг 20%и ирсиятга боғлиқ бўлса, қолган қисми эса атроф-муҳит ва мулоқот таъсирида ривожланади.
Зарарли ўйинчоқларни қандай фарқлаш мумкин?
Ташқи кўриниши: улар очиқ рангда, қўғирчоқ ва жониворлар мулойим, жилмайган ҳолатда, тажовузкор ҳолатдан йироқ бўлиши лозим. Уни кўрган бола қувониши керак. Ҳажми: бола уни ўзи кўтара олиши керак, бироқ оғиз соҳасига сиғмаслиги лозим. Йирик ўйинчоқлар эса боладан кўпи билан уч баравар катта бўлиши мумкин. Хавфсизлик: овозли ўйинчоқлар чироқчалари эҳтиётсизлик юз берганда, болага зарар етказмаслиги шарт. Сифати: ҳеч қандай ёрлиқ ёки белгисиз бўлган ўйинчоқларни харид қилманг. Улар хавфли материалдан тайёрланган бўлиши мумкин. Ўйинчоқнинг таркиби билан албатта, танишинг.
Қандай ўйинчоқлар тавсия этилмайди!
- Улкан махлуқ шаклидаги жониворлар, роботлар шаклидаги. "Уруш уруш" ўйнашга мўлжалланган бундай ўйинчоқлар болада тажовузкор руҳ уйғотади.
- Жунли пахмоқ ўйинчоқлар: айиқча, қуёнчаларнинг жуни бола оғзига кириши, қичиштириши, аллергия чақириши мумкин. Кўз тугмачаларини эса бола узиб ютиб юбориши эҳтимолдан холи эмас.
- Шовқинли ўйинчоқ мусиқа асбобларининг баъзиларига рок, рэп каби жазавага соладиган мусиқалар ёзилган. Мусиқали ўйинчоқларни албатта, эшитиб кўринг, сокин ва кайфиятни кўтарадиганини танланг. Асабни бузадиган ва баланд овозлисини харид қилманг.
- Автомат ўйинчоқлар ҳам тавсия этилмайди. Улардаги жангари овоз, ўқлар тўплами болага ижобий таъсир этади, деб айтиш мушкул.
- Барби қўғирчоқлари. Ёш аёл тасвиридаги озғин, замонавий, пардозланган ва очиқ либослардаги бундай қўғирчоқлар мактаб ёшидаги қизларга тўғри келади, аммо болаларга эмас. Чунки уларда бола учун нотаниш тана аъзолари ҳам мавжуддир…
Қачондан бошлаб китоб ўқиб бериш мумкин?
Боланинг илк китоби суратли бўлиши лозим. Унда ёрқин ва йирик ҳажмли жониворлар, уйлар, дарахтлар тасвирланади. Ҳар бир сурат алоҳида картон қоғозларда бўлса яна яхши. Бола уларни фарқлашни ўрганади. Бундай китобларни 4-6 ойликдан бошлаб болага кўрсатиш мумкин. Китоб жилди силлиқ ва қалин бўлсин, чайнашга қулай бўлмасин. Бир ёшдан сўнг болага осон ва қисқа сюжетли эртаклар ўқишни бошлаш мумкин. 12-18 ойликда болага шеърий оҳангли митти эртаклар тез сингади. Ушбу эртаклар, албатта, суратли бўлиши керак. Бола ҳозирча тасаввур қилишни билмагани учун эртакни расмлар орқали тушунади. Икки ёшли болага тарбиявий аҳамиятга эга, охири яхшилик билан тугайдиган эртакларни ўқиб бериш лозим. У сюжетни эслаб қолади. Бу паллада эртак эшитиб ухлаш боланинг хотиржамлигига, руҳий барқарорлигига ижобий таъсир этади. У эртакни ўз хаёлида жонлантира бошлайди.
Фарзандларингизни тўғри танланган ўйинчоқлар билан хурсанд қилинг. Китоблар оламига олиб кириб, маънавиятини бойитинг. Зеро, биздан кейин қолажак авлодларимизнинг зеҳнли, билимли ва иқтидорли бўлиб улғайиши Ватанимизнинг гуллаб-яшнашига катта ҳисса қўшади.
Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг