Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Лого beka.uz

Болалар ва ўсмирлар овқатланиши

 шанба, 2015 Март 07    Лола Хакимова  

Болалар ва ўсмирлар овқатланиши

Бола ва ўсмирнинг жисмоний ҳамда руҳий-асабий жиҳатдан нормал ривожланиши учун овқатланишини тўғри ташкил этиш катта аҳамиятга эга. Овқат етишмовчилиги боланинг ўсиб, ривожланишини кечиктиради, организм қаршилигини сусайтириб қўяди. Меъёридан ортиқча овқат эса алмашинув процессларини издан чиқариб, иштаҳани пасайтиради, овқат ҳазмини бузади. Тўғри овқатлантириб бориш учун бола ва ўсмир организмининг ёшига қараб осқиллар, ёғлар, углеводлар (1-жадвалга қаранг) ва витаминларга (2-жадвалга қаранг) бўлган физиологик эҳтиёжларини, шунингдек асосий озиқ моддалари ўртасидаги нисбатнинг тўғри бўлишини ҳисобга олиш керак.

Ёши Оқсиллар Ёғлар Углеводлар
1-3 4.0-4.2 4.0 10-15
3-7 3.5 3.5 10-15
7-11 3.0 2.0 10-15
11-15 2.5 2.5 10-12
15-18 2.0 2.0 8-10

Жадвал 1. Болалар ва ўсмирларнинг оқсиллар, ёғлар ва углеводларга бўлган суткалик эҳтиёжи, оғирлигининг 1кг. га грамм ҳисобида.

Ёши A B1 B2 B6 C D PP
1-1.5 1.0 0.8 1.1 0.9 35.0 0.15 9.0
1.5-2 1.0 0.9 1.2 1.0 40.0 0.15 10.0
3-4 1.0 1.1 1.4 1.3 45.0 0.15 12.0
5-6 1.0 1.2 1.6 1.4 50.0 0.15 13.0
7-10 1.5 1.4 1.9 1.7 50.0 0.15 15.0
11-13 1.5 1.7 2.3 2.0 60.0 0.15 19.0
14-17 (ўсмирлар) 1.7 1.9 2.5 2.2 80.0 0.15 21.0
14-17 (қизлар) 1.5 1.7 2.2 1.9 70.0 0.1 18.0

Жадвал 2. Болалар ва ўсмирларни витаминларга бўлган суткалик эҳтиёжи, мг, % ҳисобида.

Болалар айниқса 1 дан 3 ёшгача бўлган гўдаклар учун овқатда алмаштириб бўлмайдиган аминокислоталарга бой оқсиллар бўлиши муҳим. Сут, творог, тухум, гўшт сингари масаллиқлар шундай оқсилларга бой. Ёғларга бўлган эҳтиёж асосан ўсимлик (кунгабоқар, маккажўхори, пахта) мойлари ҳисобига қондирилиши керак, чунки уларда организмга яхшироқ сингадиган ярим тўйинмаган ёғ кислоталари кўп. Ўсимлик мойларини сабзавот пюреси ва салатларга қўшиб бериш фойдали.

Болалар ва ўсмирлар овқати сарфланган энергияни қоплаш учун физиологик эҳтиёжни қондириши лозим. Энергия сарфи болаларнинг 1,5-3 ёшида 1500 ккални, 3-5 ёшида 1800 ккални, 5-8 ёшида 2000-2400 ккални, 8-12 ёшида 2400-2800 ккални, 13-16 ёшида 3000гача ккални ташкил этади.

Болалар ва ўсмирлар овқатида оқсиллар, ёғлар ва углеводларнинг энг яхши нисбати 1:1:4 дир. Шу нисбатнинг ҳийла бузилиши, гарчи овқат билан бирга организмга тушадиган озиқ моддалар ва витаминлар миқдори етарли бўлганда ҳам, саломатликка салбий таъсир қилади. Айниқса ҳайвон ёғларини меъёридан ортиқча истеъмол қилиш боланинг семириб кетишига ва ўсиб ривожланишини кечиктиришга олиб келади. Углеводлар керагидан ортиқча қабул қилинганда, организмда сув ушланиб қолиб, бола рангпар, бўшанг, тез-тез касалга чалинадиган ва касалликлар аксари асорат билан кечадиган бўлиб қолади.

Бола ва ўсмирлар овқати ҳилма-ҳил бўлиши зарур. Бир хилдаги овқат иштаҳани бўғади. Болалар ва ўсмирлар овқатига ишлатиладиган масаллиқлар янги ва юқори сифатли бўлиши керак. Ёғлиқ гўштни катта мактаб ёшидаги (14-17 ёш) болаларгагина бериш мумкин. Болалар ва ўсмирларга хом, яхши пиширилмаган ёки дудланган гўштни бериш тавсия этилмайди, чунки бола захарланиб қолиши ёки гижжа юқиши мумкин, ҳамда бундай гўшт яхши сингмайди. Шўр ёки ўткир дориворланган гўшт ва балиқ таомларини ҳам бермаслик керак.

Қалампир, сирка сепилган, ҳантал (горчица) қўшилган овқатларни 8-10 ёшгача бўлган болалар емаслиги керак. Алкаголли ичимликларнинг ҳамма турлари (пиво, уйда тайёрланган мусаллас ва бошқалар) бола ва ўсмир организмига жуда зарарли. Кўп миқдорда аччиқ чой, кофе, какао, шоколад айниқса, 3 ёшгача бўлган болаларга қўзғатувчи таъсир кўрсатади. Шунинг учун бундай маҳсулотларни чеклаш лозим.

Болалар ва ўсмирлар кунда 4 маҳал овқатланиши керак. Бунда овқат миқдори қуйидагича тақсимланади: нонушта -30%, тушлик 40-45%, тушдан кейинги овқат -10%, кечки овқат 15-20%. Боғча ёки бошқа болалар муассасасига қатнаб, ўша жойда 4 маҳал овқатланадиган болаларни уйда овқат ейишга мажбур қилмаслик керак. Агар боғча ёки болалар муассасасида 2 ёки 3 маҳал овқат бериладиган бўлса, уйда болани қўшимча овқатлантириш зарур. Сўнгги овқат уйқудан 1,5-2 соат илгари берилиши керак.
 



Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг