Нохуш ҳидларни кетказиш
пайшанба, 2015 Март 26 Лола Хакимова
Кўп ҳолатларда уй бекаларимизни ошхона ва уй хоналаридаги нохуш ҳидлар безовта қилиши мумкин. Лекин улардан тез ва осон қутулишни йўллари бор. Бунинг учун бекаларимизга қуйидаги усуллардан фойдаланишни маслаҳат берамиз:
- Қўлдаги нохуш ҳидни (балиқ, саримсоқпиёз ва шу каби хидларни) кетказиш учун қўлларни аввал туз билан ишқалаб, сўнг совун билан ювиш керак.
- Оғиздан келаётган саримсоқпиёз ҳидини петрушка чайнаб кетказиш мумкин.
- Балиқ ҳиди келаётган сирли идиш ёки товани қиздирилган туз билан ишқалаб, сўнг чайиш керак.
- Агар қошиқ ва санчқилардан балиқ ҳиди келса, уларни совунли совуқ сувда чайиб, ўсимлик ёғи суртилади ва яхшилаб юмшоқ сочиқда артилади.
- Тахтакач ва бошқа ошхона идишларидан келаётган пиёз ҳидини қуруқ туз билан ишқалаб кетказиш мумкин.
- Ошхонадаги нохуш ҳидни - очиқ идишда сирка қўшилган сув қайнатилгач, бир неча дақиқадан сўнг хона ҳавосини янгилаб, кетказиш мумкин.
- Иссиқ комфоркага апельсин ёки лимон пўсти ёки иссиқ газ печига озгина туз сепиб, ушбу мақсадда қўллаш ҳам мумкин.
- Тошиб кетиб, газ плитасига тўкилган сут ҳидини йўқотиш учун плита устига туз сепилади ва нам қоғоз билан ёпилади. Ушбу усул билан нохуш ҳид тарқалишини тўхтатиш мумкин.
- Хонадан бўёқ ҳидини кетказиш учун бир бош саримсоқпиёз тозаланиб, бир неча вақтга хонада қолдирилади.
- Хонадан мойбўёқ ҳидини тезроқ кетказиш учун бир нечта жойга туз солинган ликопчалар қўйилади.
- Сигарет тутуни хона ҳавоси янгиланганда ҳам осонликча тозаланмайди. Бунинг учун деразалар очилиб, хонанинг исталган жойларига 2-3 дона намланган сочиқ қўйилади. Нам сочиқ сигарет тутунини ўзига тортади.
Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг