Юз териси тиниқлиги
душанба, 2015 Апрел 13 Мухлиса Хакимова
Юз терисининг салқиб, оқариб қолиши асосан авитаминоз - яъни организмга витаминлар етишмаслиги натижасида юз беради. Бу асосан қиш ва баҳор фаслларига тўғри келади. Агар юзингиз ранги тиниқ, шафтоли гули сингари майин бўлишини истасангиз, витаминларга бой маҳсулотларни истеъмол қилинг. Бу маҳсулотлар организмда қон алмашиниш жараёнини яхшилаб, юз рангига ижобий таъсир кўрсатади.
Демак, кундалик таомномангизда сабзавотлардан тайёрланган салатлар бўлиши лозим. Пишиқчилик даврида эса кўпроқ мевалар истеъмол қилинг. Ҳар куни янги тайёрланган шарбат ичинг. Агар бу сабзи ёки олма шарбати бўлса янада яхши.
Бундан ташқари, юз терисини енгил уқалаш ҳам мумкин. Бармоқларингиз ёрдамида юзларингизни енгил ҳаракатлар билан уқаланг. Бу нафақат юзингизда қон юришини яхшилайди, балки тери рангига ижобий таъсир ўтказиб, муддатидан олдин ажин тушишининг ҳам олдини олади.
Соғлигингизга беэътибор бўлманг. Жигар ва ошқозон-ичак касалликларидан эҳтиёт бўлинг, чунки айнан шу касалликлар энг аввало юз терисида намоён бўлади. Бунинг учун вақтида тўғри овқатланишнинг ўзи етарлидир. Борди-ю, организмда бундай муаммолар пайдо бўлса, аввало улардан халос бўлинг. Чунки, бундай вақтда хеч қандай ниқоб ёки крем кор қилмайди. Ҳатто қимматбаҳо пардоз воситаларидан фойдалансангиз ҳам.
Пардоз воситаларини тўғри танланг ва қоида бўйича ишлатинг. Юз терингизга мос келмайдиган воситаларни ишлатманг, бу салбий таъсир кўрсатиб, юзингиз терисида янги муаммоларни келтириб чиқаради.
Кундалик юз парваришини эсдан чиқармай, мунтазам шуғуллансангиз, гўзаллик сизни тарк эмайди.
Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг