Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Лого beka.uz

Сунъий киприкдан фойдаланиш

 душанба, 2015 Май 11    Мухлиса Хакимова  

Сунъий киприкдан фойдаланиш

Келинчаклар тўй куни улама киприкларга мурожаат этишади. Тўйдан сўнг ҳам қайрилма киприкларга эга бўлиш мақсадида уларни пардозлаш сирларига қизиқадилар.

Сунъий киприк нима? У кўзга урғу бериш ва киприкларни узун кўрсатиш мақсадида қўлланиладиган сунъий ёки табиий толали киприклардир. Киприклар қовоқ устига елим ёрдамида ёпиштирилади. Ундан аввал эса қовоқларни макияждан тозалаб олиш лозим. Сунъий киприклар ўртача 3 ой давомида сизни латофатли кўрсатади.

Қаерда? Сунъий киприкларни уй шароитида ва “гўзаллик салон”ларида улаш мумкин. Уй шароитида анъанавий усул, салонларда эса технологик усулда узайтириш қулай. Анъанавий усулдаги киприклар дўконларда сотилади. Уларнинг нархи ҳам арзон бўлиб, асосан бир марталик ва қисқа муддатли бўлади.

Киприкни узайтириш усуллари.

  1. Анъанавий узайтириш. Бу усулда устки қовоқ асосида ўз киприкларингиз илдиз соҳасига сунъий киприк тутамлари ёпиштирилади. Ушбу усулнинг ижобий томонида – киприкни узайтириш жараёнига кетадиган вақтнинг тежалишида.
  2. Япон технологияси бўйича узайтириш. У киприкларни битталаб ёпиштиришни кўзда тутади. Бу усул самарали, чунки битталаб ёпиштирилган киприклар, тутамлаб ёпиштирилган киприкларга қараганда узоқроқ сақланади.

Ёдда тутинг! Узайтирувчи киприклар сунъий ва табиий (асосан, норка мўйнаси ёки ипакдан тайёрланган) бўлади. Мутахассислар териси таъсирчан ва аллергияга мойил кишиларга сунъий киприклардан фойдаланмасликни маслаҳат беришади.

Ёпиштириш жараёни. Киприкларни узайтириш жараёнида киприкларингизнинг асосига махсус смола (елим) ёрдамида сунъий киприклар ёпиштирилади. Ўртача ҳисобда киприкларни узайтириш жараёни бир соатдан кам вақтни олади. Узайтирилган киприклар билан ҳар 2 ҳафтада улани коррекция қилган холда, 2 ойга яқин юриш мумкин.

Парваришлаш. Агар сиз киприкларингизни узайтиришга қарор қилган бўлсангиз, унда уларни тўғри парваришланг. Хусусан, киприкларни ҳўлламаслик, юзни ёстиққа қаратиб ётмаслик, киприкларни сувга чидамли туш билан бўямаслик ва кўзларни ишқаламаслик керак бўлади. Иссиқ ванна ва душ ҳам уларни тез кўчишига сабаб бўлади. Контакт линза тақадиганлар ҳам эҳтиёт бўлишлари лозим.

Жойига қараб. Киприкларнинг тури кўп. Масалан, байрамлар, тадбирларда чиқиш қилганда тўлиқ киприк толалари, кундалик учрашувларда эса бир неча толали киприкларга мурожаат қилинади. Қалин ва узун киприклар тўй маросдимида асқотади. Узунлигига ҳам эътибор қаратинг. Ўта узун киприклар ўзининг сунъийлигини яққол сездириб қўяди. Яхши сунъий киприк бош қисмидан бошланиб, охирига қадар узунлашиб боради.

Қарши кўрсатма. Киприк улашдан аввал елимга қарши аллергия бор йўқлигини аниқлаш лозим. Бунинг учун сунъий киприкнинг бир неча толасига елим суриб ёпиштириб кўринг. Бироз кутинг, агар кўзда қичишиш, қизариш ва бошқа реакциялар содир бўлмаса, демак, елимдан фойдаланиш мумкин. Агар сизнинг кўзингизда муаммолар, хасталиклар бўлса, узайтиришдан воз кечган маъқул. Шунингдек, киприклар заиф ва қуруқ, қовоқлар ўта ёғли бўлса ҳам киприк уламаган маъқул. Сабаби, бундай ҳолатда улар тез тушиб кетади.

Олиб ташлаш мумкинми? Ҳа, буни ўзингиз ҳам амалга оширишингиз мумкин. Сизга оддий ўсимлик ёғи ёрдам беради. Кечқурун киприк бўйлаб ёғни суриб чиқинг. Тонгда эса эҳтиёткорлик билан кўчириб олинг. Агар кўчмаса, у ҳолда салон ходимларига мурожаат қилинади.
 



Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг