Сепкилларга қарши қандай курашиш мумкин?
шанба, 2015 Феврал 28 Мухлиса Хакимова
Косметик нуқсонлар орасида тез-тез учраб турадиган ва ўз соҳибаларига ноқулайлик туғдирадиганларидан бири сепкиллардир. Бу жигарранг майда доначалар бизга туғилганимиздан бери ёпишиб олгандек гўё. 25 ёшимизагача уларнинг сони кўпайиб боради ва ранги ҳам тўқлашади. 30 ёшдан кейин эса аксинча ранглари оқаради, лекин миқдори ўзгармай қолаверади. Энг қизиғи - 40 ёшдан кейин улар умуман йўқ бўлиб кетишлари ҳам мумкин.
Сепкилли тери парвариши. Қуёш нурлари сепкилларнинг кескин кўпайишига сабаб бўлади. Улардан ҳимояланиш учун баҳорда ёки ёзда соябон ва шляпадан фойдаланиш мумкин. Март ойидан бошлаб терини парвариш қилишни бошлаш ва уни ултрабинафша нурлари таъсиридан ҳимоялаш зарур. Косметик воситалардан қорайишга қарши енгил крем ёки упадан фойдаланиш жоиз. Бунинг учун ҳар сафар кўчага чиқишдан олдин уларни юпқа қилиб суртиб олиш керак бўлади. Афсуски, крем 6 соат мобайнида ўз таъсирини йўқота бошлайди ва уни қайта суриб олиш эҳтиёжи туғилади. Юз териси кремни тез сўриб олади ва унинг таъсирида енгил сезиларли салқинлик олади.
Сепкилларга қарши курашишнинг маҳаллий усуллари. Ушбу доғларнинг рангини оқартиришни истаганларга қатор маҳаллий усулларни тавсия этамиз.
- Энг кўп тарқалган усуллардан бири - бу бодрингли дамлама. 3 ош қошиқ бодринг уруғига ёки янги тўғралган бодрингга ароқ қуйиб, тун давомида сақланади.
- Қуйида келтирилган масаллиқлардан бири сув билан (1:1) аралаштирилади: петрушка ёки момоқаймоқ шарбати, қатиқ, қайноқ қора чой, лимон шарбати, ерқалампир (хрен) шарбати.
- 1:1 нисбатда аралаштирилувчи сметана ва творогли ниқоб ҳам бу борада жуда машҳур усуллардан бири. Баъзан бу масаллиққа водород перекисини ҳам қўшишади. Ушбу ниқоб суртилгандан кейин 20 дақиқа ўтгач, ювиб ташланади.
- Аччиқ анор сувини олиб, сепкил тошган юз қисмига сурилади ва 10 дақиқадан сўнг ювиб ташланади. Ёғли тери учун анор сувини 1:5 нисбатида сувга аралаштириб суртилса, мақсадга мувофиқ. Худди шу йўсинда юзни грейпфрут шарбати билан ёки унинг бўлаги билан артиш ҳам мумкин.
- Тухум оқини кўпиртириб, лимон шарбати билан аралаштирилади, сўнг 1 қошиқ глицерин қўшиб, 100 грамм одеколон билан аралаштирилади. Ушбу ниқобни уйқудан олдин суртиш тавсия этилади.
- 5 грамм глицерин, 15 грамм лимон шарбати 25 грамм сув билан яхшиллаб аралаштирилади ва юпқа қилиб юзга суртилади. Бироз вақтдан кейин ювиб ташлаб, озиқлантирувчи крем суртилади.
- Лимон шарбатини 100 грамм асал билан аралаштирилади. Дока сочиқчаларга ушбу массадан солиниб, сепкил тошган жойга қўйилади. Ушбу муолажани 15-20 кун давомида қайтарилганда кутилган натижага эришиш мумкин.
- Ярим ош қошиқ пиёз суви билан ярим ош қошиқ дўлана суви аралаштирилади ва кўпиртирилган тухум оқи қўшиб яна аралаштирилади. Пахта тампон билан яхшилаб бир сутка давомида 2 марта суртилади.
- Шу билан бирга календула баргининг суви ҳам катта ёрдам беради. Янги пиёз суви ҳам ўз ижобий таъсирини кўрсатади.
- Кунда 2 маҳал юзни янги клюква суви билан парвариш қилинса ҳам натижага эришиш мумкин. Фақат аллергия бор-йўқлигига эътибор беринг.
Таркибида водород перекиси бўлган воситалардан фойдаланилганда ҳар бир муолажадан сўнг юзга озиқлантирувчи крем суриш керак.
Сепкилларнинг асли келиб чиқиши ирсиятимиз билан боғлиқ ва оддий ниқоблар ёрдамида улардан қутулиб бўлмаса-да, доимий парвариш орқали уларнинг рангларини оқартириб, кўзга камроқ ташланувчи ҳолатга эришиш мумкин.
Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг