Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Лого beka.uz

Сабзавотлардан ниқоб тайёрлаш

 сешанба, 2015 Июл 14    Мухлиса Хакимова  

Сабзавотлардан ниқоб тайёрлаш

Азиз бекажонлар, доим баҳор гулларидек гўзал ва бетакрор бўлиб юришни истасангиз, саҳифамизда берилган юз териси ниқобларидан мунтазам равишда фойдаланишга ҳаракат қилинг. Уй шароитида тайёрланган бир марталик ниқоблар таркибида консервантлар бўлмаганлиги туфайли ҳар доим энг фойдали ва албатта, самарали ҳисобланиб келган. Янги, табиий ниқоблар терини тозалаб, озиқлантиради, намлантириб, таранглаштиради ва юз териси рангини тиниқлаштиради.

Бодрингли ниқоблар юз терисини майинлаштириб, намлантиради ва ажинларни текислайди.  Шунингдек, сўлғинликни бартараф этиб, терини таранглаштиради.

Юз терингиз қуруқ бўлса, 1 ош қошиқ қирғичдан ўтказилган бодрингни 1 ош қошиқ сметана билан аралаштиринг. Ниқобни қалин қилиб суриб, 20 дақиқадан сўнг илиқ сувга намланган пахта билан артиб олинг.

Юз терингиз ранги чиройли бўлиши учун ўртача катталикдаги бодрингни қирғичдан ўтказиб, унга 2 ош қошиқ творог, 1 ош қошиқ сут, 1 чой қошиқ зайтун ёғи, 1/4 чой қошиқ майда ош тузи аралаштириб ниқоб тайёрланг.

Ёғли юз териси учун: 1 дона янги узилган бодрингни қирғичдан ўтказиб, 1 ош қошиқ оқ гил билан аралаштиринг. Ниқоб қуюқ сметана ҳолатига келгунича минералли сув қўшинг. Ниқобни юзингизга чўтка ёрдамида тери чизиқлари бўйлаб суринг ва 15-20 дақиқадан кейин совуқ сувда ювиб ташланг. Ёки 1 дона тухум оқини кўпиртириб, 2 ош қошиқ қирғичдан ўтказилган бодринг билан яхшилаб аралаштиринг. Ниқобни юзингизга суриб, 15-20 дақиқадан сўнг совуқ сувда ювинг.

Юз терисидаги сўлғинликни йўқотиш учун: 1 та бодрингни қирғичдан ўтказиб, 1 ош қошиқ суюқ асал билан аралаштиринг. Ниқобни суриб, 10-15 дақиқадан сўнг совуқ сувда ювинг.

Хом ёки қайнатилган картошкали ниқоблар ҳорғинлик аломатлари билан курашиб, ажинларни текислайди, терини майин қилади.

Юз териси тиниқлашиши учун: ўртача катталикдаги картошкани пўсти билан қайнатинг. Пишгач, иссиқлигича тозалаб, санчқи билан майдаланг ва пюре ҳо­ла­тига келгунича илиқ сут аралаштиринг. Пюре-ниқобни юзингизга суриб, 20-25 дақиқадан сўнг совуқроқ сувда чайинг.

Қуруқ ва сўлғин юз териси учун: 1 дона картошкани арчиб, қирғичдан ўтказинг. Массани дока устига жойлаб, шу ҳолича юзингизга қўйинг. 15-20 дақиқадан кейин совуқ сувда ювинг.  

Помидорли ниқоблар юз терисини таранглаштириб, тетиклантиради ва рангини тиниқлаштиради.

Юз терингиз ёғли бўлса, 1 та помидорни (блендерда) пюре ҳолатига келтириб, 1 ош қошиқ сули ёки гуруч уни ва 1 чой қошиқ янги сиқилган лимон шарбати билан яхшилаб аралаштиринг, ни­қоб­ни чўтка ёрдамида суриб, 15 да­қиқадан сўнг совуқ сувда ювинг.

Намлантирувчи ниқоб: ўртача катталикдаги помидорни блендерда майдалаб, 1 ош қошиқ сут, 1 ош қошиқ янги творог ва бир чимдим майда ош тузи билан аралаштиринг. Ниқобни юзингизга суриб, 15-20 дақиқадан кейин совуқ сувда чайиб олинг.

Латофатли опа-сингиллар, дугонажонлар, кутган натижангизга чиндан-да эришишни истасангиз, ниқобли муолажаларни камида 2 ой давомида ҳафтада бир неча марта мунтазам ва албатта қўлланмада ёзилганидек амалга оширинг.
 



Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг