Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Лого beka.uz

Қуёшдан ҳимояловчи восита

 шанба, 2015 Июн 06    Мухлиса Хакимова  

Қуёшдан ҳимояловчи восита

Офтоб нури кўринувчи — кундузги ва кўринмайдиган инфрақизил ҳамда ультрабинафша нурлардан иборатдир. Ультрабинафша нурларнинг меъёридан ортиғи организмда салбий оқибатларга олиб келади. Хусусан, юз терисининг эрта ажин тушиб, тез қаришига сабаб бўлади. Одатда қуёш нури терига тўғридан-тўғри тушадиган бўлса, 15 дақиқадан сўнг унда ўзининг "изи"ни қолдиришни бошлайди.

Косметологлар терининг гўзаллиги ва ёшлигини сақлаб қолиш учун уни мунтазам равишда қуёш нуридан ҳимоя қилишни маслаҳат беришади. Бунинг учун эса SPF индексли пардоз воситаларидан фойдаланишни тавсия этишади. Бундай воситаларда қуёш нурининг терига тушишидан муҳофаза этувчи моддалар бор. SPF ҳимоя креми вақт ўтиши билан юз терисида пайдо бўладиган ажин ва доғларнинг олдини олишга хизмат қилади. Ҳамда терини саратон касаллигига чалинишдан асрайди.

SPF ҳимоя кремини ишлатиш тартиби қуйидагича:

  • Қуёшли кунда кўчага чиқишдан 20-30 дақиқа олдин суртиш ва уни кўрсатилган муддатига қараб янгилаб туриш даркор.
  • Офтобдан сақловчи кремни бошқа пардоз воситаларидан сўнг қўллаш қатъиян ман этилади, чунки бунинг натижасида офтоб нури таъсирида аллергик реакциялар келиб чиқиши эҳтимоли бор.
  • Бу каби воситаларни ҳар мавсумда алмаштириш лозим. Чунки ўтган вақт мобайнида унинг таркибидаги моддалар ўзининг хоссасини йўқотган бўлиши мумкин.


SPF воситаларни танлаш

Биринчи ўринда унда келтирилган рақамларга эътибор қаратиш лозим. SPF индекси қуёшдан ҳимояловчи кремнинг кучини эмас, вақтини кўрсатади. Уларнинг таъсир муддати ана шу рақамларга қараб аниқланади. SPF ҳимоя индексини 15 га кўпайтириб, бу восита ҳимоясида қанча вақт қуёш тиғида юриш мумкинлигини билсангиз бўлади. Мисол учун:

SPF 4 (4 х 15) – 1 соат.
SPF 8 (8 х 15) – 2 соат.
SPF 10 (10 х 15 ) – 2 соат 30 дақиқа.
SPF 15 (15 х 15) – 3 соат 45 дақиқа.
SPF 20 (20 х 15) – 5 соат.

Билиб қўйинг!

Ушбу кремдан фақат қуёшли кунларда эмас, булутли, ёмғирли об-ҳавода ҳам фойдаланиш тавсия этилади. Чунки ультрабинафша нурлар соя жойларда ҳам мавжуд бўлиб, улар бутун атмосферага бир хил тарқалади.

Шунингдек

Юз териси доғ тушишига мойил бўлса, қуёш нурлари у қадар фаол бўлмаган пайтларда 25, қуёш қиздирган кунларда эса SPF индекси 30-40 дан кам бўлмаган пардоз воситаларини харид қилганингиз маъқул.
SPF 50 ва SPF 50+: қуёш нурларининг зарарли нурларидан 98-99 фоиз ҳимоя қилади.
Меъёрдаги терига даражаси 10-20 бўлган SPF кремлар тўғри келади.
Тери ранги қанчалик оч бўлса ҳамда қуёш нури қанчалик кучли бўлса, SPF индекси шунчалик юқори бўлиши лозим.

Бу хато!

Кўпчилик қуёшдан ҳимояловчи турли воситалардан бир вақтнинг ўзида фойдалансам, яхшироқ натижага эришаман, деб ўйлайди. Бу тўғри фикр эмас! Агар сиз 15 индексли SPF тонал креми ва шундай рақамли SPF упасидан фойдалансангиз, натижа 30 эмас, атиги 16 SPF га тенг бўлади.

Эслаб қолинг!

"Sunblock" ("қуёшни тўсиш") — одатда бу ёзув SPF 35 ва ундан юқори бўлганда кўрсатилади.
UVB-фильтр — UVB (терида ва сочда меланин ферментини ишлаб чиқарадиган) нурлардан асрайди.
UVA-фильтр — ультрабинафша нурнинг А туридан (тери саратони ва фотоқаришга сабаб бўлади) ҳимоялайди.

 



Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг