Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Лого beka.uz

Бахорий 10 ниқоб

 жума, 2015 Феврал 27    Мухлиса Хакимова  

Бахорий 10 ниқоб

Кўклам келиши билан аёллар ташқи кўринишларига алоҳида эътибор билан қарашни бошлашади. Баҳор гўзаллик фасли бўлишига қарамасдан, юздаги барча нуқсонларни ошкор қиладиган палла ҳам ҳисобланади. Шундай нозик фаслда ҳар биримиз юз парваришига бефарқ бўлмай, турли туман ниқоблардан фойдаланишимиз керак. Ўйлаймизки, қуйида тавсия этилаётган ниқоблар янада гўзал ва соғлом кўринишга эга бўлишингиз учун ёрдам беради.

  1. Картошкали ниқоб. Ўртача катталикдаги 1 дона картошка қайнатилгандан сўнг санчқи ёрдамида эзилади. Устига икки ош қошиқ сут солингач, яхшилаб аралаштирилади. Илиқ ҳолатдаги ниқоб юзга сурилади ва 20 дақиқадан кейин илиқ сувда ювиб ташланади. Ушбу муолажа юз терингизни тиниқ кўрсатиш, таранглаштириш  ҳусусиятига эга. Уни ойда икки марта такрорлаб турсангиз, атрофдагиларнинг ҳавас қилгулик чеҳра соҳибасига айланасиз.
  2. Асалли ниқоб. 50 грам асални 50 грам зайтун ёғи ва битта тухум сариғи билан аралаштиринг. Ҳосил бўлган аралашмани юз ҳамда бўйин соҳасига суртинг. 20 дақиқадан кейин илиқ сувда ювиб ташланг. Бундай ниқоб ҳар қандай турдаги юз учун фойдали.
  3. Косметик лойлар. Оз миқдордаги гилни қайнатиб, илиқ сувда аралаштиринг. Аралашма бироз юмшоқ  ҳолга келгандан сўнг юзингизга суринг. 15 дақиқадан кейин олдин илиқ, сўнг совуқ сувда ювинг. Дорихоналарда косметик ва даволаш мақсадида қўлланиладиган гилларнинг турли хилларини топиш мумкин.
  4. Юздаги қизаришни йўқотиш учун. 1 ош қошиқ творогни 1 дона гидроперит таблеткаси билан аралаштиринг. Аралашмани юзингизга суртиб, 20 дақиқадан сўнг илиқ сувда ювинг. Бу ниқоб баҳорда қизарган юзингизни оқартириб, тиниқ ва чиройли кўриниш беради.
  5. Сметанали ниқоб. Редискани майда тишли қиргичдан ўтказинг. 1 ош қошиқ тайёр бўтқага 1 ош қошиқ асал, 1 ош қошиқ сметана қўшинг. Аралашмани 2 дақиқага юзингизга суриб қўйинг сўнг илиқ сувда ювиб ташланг. Бу ниқоб юзингизни ёшартириб, қон айланишини яхшилайди.
  6. Бодрингли ниқоб. Юзингиз тиниқ ва чиройли бўлиши учун бодринг сувидан фойдалансангиз ҳам бўлади. Бунинг учун каттароқ ҳажмдаги бодрингни катта тишли қирғичдан ўтказиб, унга 2 чой қошиқ ароқ ёки спирт (6%ли) қуясиз-да,икки кунга офтобли жойга қўясиз. Тайёр бўлган аралашмани юзингизга суртиб, 10 дақиқадан сўнг юзингизни ювиб ташлайсиз.
  7. Олмали ниқоб.  2 дона олмани қирғичдан ўтказиб, шарбатини докадан ўтказинг. Юмшоқ пахтани шарбатга ботириб, юзингизга суртинг. Ушбу муолажани 10 кун давомида 2 маҳал такрорласангиз, юзингиз тиниқлашиб, юздаги майда қора нуқталар йўқолишига сабаб бўлади.
  8. Ёғли ва қуруқ юзлар учун. Ўртача катталикдаги бодрингнинг пўстини тозалаб, қирғичдан ўтказинг. Тайёр бўтқага 1 чой қошиқ яхши кўпиртирилган тухум оқини қўшинг ва юзингизга суртинг. 20 дақиқадан кейин  илиқ сувда ювиб ташланг. Ушбу ниқоб ёғли юз териси учун жуда фойдали. Агар юзингиз қуруқ бўлса, аралашмага 1 чойқошиқ сметана қўшсангиз кифоя. Юзингиз тиниқлашиб, юмшоқ бўлади.  
  9. Тиниқ юзга эга бўлинг. Қизил лавлагини майда тишли қирғичдан ўтказинг. Унга 1 чой қошиқ сметана ва 1 чой қошиқ тухум сариғи солиб аралаштиринг. Тайёр аралашмани юзингизга суртиб, 20 дақиқадан кейин илиқ сувда ювиб ташланг. Юз териси тиниқ бўлишида бундай ниқобнинг фойдаси катта.
  10. Ажин тушмасин десангиз. Кўкламнинг инжиқ ҳавоси туфайли кўпчиликнинг териси қуриб, ажин тушишга мойил бўлиб қолади. Бундай паллаларда юз учун фойдали бўлган юмшатувчи ниқоблардан фойдаланиш керак. Тоза асал ва сутдан тайёрланган ниқоб энг самарали восита. Икки ош қошиқ асал ва янги табиий сутни яхшилаб аралаштириб, юзга ярим соат давомида суртиб қўясиз. Мазкур ниқобдан кейин компресс қилиш яхши натижа беради.
     


Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг