Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Лого beka.uz

5 босқичли юз парвариши

 пайшанба, 2015 Март 19    Мухлиса Хакимова  

5 босқичли юз парвариши

Ўлкамизга фасллар келинчаги баҳор кириб келди. Баҳор фасли уйғониш ва гўзаллик фасли. Борлиқ қайтадан уйғониб, ўз-ўзига оро беришга киришади. Теварак атроф яшил либосини кийиб, инсон кўзини янада қувнатиб, гулларга бурканади. Қуёш ер юзини янада кучлироқ қиздириб, борлиққа ўз нурларини сочади. Шу билан бирга, биз аёллар кўнглига енгил ташвиш ҳам солади. Қуёш нурлари юзимизга ўз соясини солиб доғ туширади ва сепкилларни бўрттиради. Лекин бу биз учун муаммо эмас. Юзимизни тўғри парвариш қилиб ўз муаммоларимизнинг ечимини топишимиз мумкин.

Табиатнинг ўз кетма-кетлиги бўлганидек, юз парваришида ҳам кетма-кетлик бор, ва у 5 босқичдан иборат:

  1. Юзни гел ёки молочко билан ювиш.
  2. Юзни тоникда артиш.
  3. Юзга ҳимоя қатлам (крем)ни суртиш.
  4. Юзга озуқа қатлам (крем)ни суртиш.
  5. Юзга ниқоб ёки скраб қўйиш.

Гел ёки молочко – юзни ювиш воситаси бўлиб, у юз қатламига зарар етказмайди. Юздаги чанг, кир ва ёғларни эритади. Юз тешикларини очиб кейинги босқичга тайёрлайди. Уни юз теримиз тури ва ёшимизга қараб танлаймиз.

Тоник – юздаги тешиклар ичини чуқур тозалаб, тешикларни ёпади ва юз терисини тортади. У юз тури ва ёш танламайди.

Ҳимоя қатлами – тозаланган юзни кун давомида атроф муҳитдаги заҳарли ва зарарли чанг-ғубордан, қуёшдан сақловчи ҳимоя. Уни юз тури ва ёшга қараб танлаймиз.

Озуқа қатлами – асосан кечки уйқудан 2 соат олдин юзга суртилади. Юзни озиқлантиради, витаминга тўйинтиради. Ажин ва нуқсонларни бартараф этади, муаммоларни ҳал қилади. Юз тури ва ёшга, юздаги муаммоларга қараб танланади. 25 ёшга тўлмаганлар учун бу қатлам шарт эмас. Бу ёшгача танадаги озуқа ва ҳимоя қатлами етарли бўлади.

Ниқоб – юқоридаги жараёнларни янада тезлатиб, ўз самарасини беради. Фақат юз тери ва юздаги муаммоларга қараб танланади. Ёш танламайди.

Скраб – юз терини янгилаб, эски теридан халос этади. Енгил пилинг қилади. Янгиланган тери ўта сезувчан ва таъсирчан бўлгани учун, скраб кечки соат 5 дан сўнг, яъни қуёш нурлари ўз кучини йўқота бошлагандан кейин ишлатилади.

Ушбу маҳсулотлар (молочко, тоник, ҳимоя ва озуқа кремлари) битта тўплам (фирма)дан бўлиши шарт. Акс ҳолда турли тўпламга мансуб маҳсулотлар таркибидаги элементлар реакцияга киришиб бошқа муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Яна бир нарсани билишимиз лозим. Юзимиздаги аксарият нуқсонларнинг асосий сабаби ички аъзолардаги муаммолардир. Булар қуйидагилар:

  1. Ичнинг равон келмаслиги,
  2. Жигар тўғри ишламаслиги, ошқозон-ичак яралари, буйракдаги тошлар мавжудлиги,
  3. Организмга витамин етишмаслиги.
  4. Ҳаётдаги орттирилган стресслар.
  5. Яқин давр ичида бошдан кечирилган жиддий тиббий муолажалар.

Агар сизда бундай муаммолар мавжуд бўлса, юқорида айтилган босқичда парваришни бошлашдан олдин улардан халос бўлишингизни тавсия этаман. Акс ҳолда, парвариш сиз кутган натижани бермаслиги эҳтимоли жуда юқори. Хаттоки, таниқли фирмаларнинг қимматбаҳо маҳсулотларидан фойдаланганингизда ҳам.



Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг