Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Лого beka.uz

Минг йиллик гўзаллик

 душанба, 2015 Июл 20    Мухлиса Хакимова  

Минг йиллик гўзаллик

Қадимги юнон халқлари орасида алоҳида қадрланган зайтун мойи ҳозирда кундалик турмушимизда ҳам кенг қўлланилаяпти. Ёғ таркибидаги кўп миқдордаги табиий антиоксидантлар, А, Е витаминлари, кислота ва микроэлементлар ҳақиқий мўъжизага қодир. Ушбу шифобахш мой терининг қуруқ соҳалари: тирсак, тизза ва товон парваришида жуда фойдали саналади. Бунинг учун сув ҳаммомида қиздирилган зайтун мойини қуруқ терига суртиш кифоя.

Қадимда замонавий косметологиянинг ботокс, фотоёшартириш, тери мезотерапияси, лифтинг каби муолажалари бўлмаса ҳам аёллар ҳамиша соҳибжамол ва мафтункор кўринишга эга бўлишган. Бу борада уларга зайтун мойи ёрдамга келган.

Клеопатрани кашф этган гўзаллик

Миср маликаси Клеопатранинг ҳусну жозибаси ҳанузгача гўзалликка ошно қалб соҳиблари тилларида достон бўлиб келмоқда. Унинг дилбарликда тенгсизлиги ва сарвқомати сири билан қизиққан олимларнинг айтишича, соҳибжамол малика бўйнида осиб юрадиган маржон шодалари орасида кичик шиша идишчада зайтун мойи олиб юргани ҳақида қадимги битикларда қайд этилган. Қадимги мисрликлар ҳам бу мойдан кенг фойдаланган. Хусусан, зайтун ёғи ёрдамида тери, сочни парвари­ш қилишган. Асрлар давомида йиғилган ушбу гўзаллик усуллари ўта махфий сақланган ва фақат зодагон табақа вакилларига хос бўлган.

Сочлари сумбул малак

Агар сочларингиз қуруқ ва нурсиз бўлса, иссиққина зайтун мойини соч илдизларига суртинг ва айланма ҳаракатлар билан енгил уқаланг. Витаминлар яхши сингиб, соч илдизлари мустаҳкамланиши учун сочларингизни йиғиб, бошга полиэтилен халта кийиб, сўнг юмшоқ сочиқ билан ўраб қўйинг. Ниқобни 1-1,5 соатдан сўнг, шампунда бош терисига ёқадиган илиқ сувда ювиб ташлашингиз мумкин. Муолажадан тез-тез фойдалансангиз, соч тўкилишининг олдини оласиз ва тез орада узун, жилокор ва мустаҳкам соғлом сочлар соҳибасига айланасиз.

Мунтазам равишда фойдаланадиган соч бальзами ҳамда шампунингизга зайтун мойидан қўшинг (500 мл миқдорига 2 ош қошиқда зайтун мойи).

Юзимга қаранг, олмадек таранг

Аёл лобарлигининг асосий белгиларидан бири — соғлом ва силлиқ юз терисидир. Ҳар кунги нонуштада зайтун меваси ёки зайтун ёғи билан седана қўшиб истеъмол қилишни одат қилсангиз, тез орада бунга осонгина эришасиз.

1 ош қошиқ зайтун ёғига, 3 ош қошиқ миқдордаги сув аралаштиринг ва 5-6 дона узум мевасидан солиб, паст оловда димланг. Сўнг узумни эзиб, бўтқасини юзингизга суртинг. 15-20 дақиқа ўтгач, юқоридаги зайтунли қайнатмага ботирилган тампон (пахта) ёрдамида юздаги ниқобни артиб олинг. Бу ниқоб теридаги чуқур ажинларни силлиқлаб, мимик ажинлар тушишининг олдини олади.

Шунингдек, илиқ сутга 4-5 томчи зайтун мойидан томизинг ва махсус пардоз диски ёки пахта ёрдамида тоза юз, бўйин, қўл териси соҳаларини артиб чиқинг. Муолажа терининг намлик даражасини ошириб, тери ости қаватидаги кичик капилляр томирларидаги қон айланишини яхшилайди, юз таранглигини ошириб, етарлича витаминлар билан тўйинтиради.

Камон қошлар, узун киприкларга эга бўлай десангиз

Бунда сизга киприклар учун мўлжалланган эски тушь ёки тиш чўткаси қўл келади. Уйқуга кетишдан олдин ҳар куни киприк ва қошларингизга шифобахш мойдан суртишни канда қилманг. Шунда тўкилишга мойил ва сийраклашган қош ҳамда киприклар саломатлигини сақлаб қоласиз.

Гўзал ва бетакрор бўлиш учун озроқ қунт, вақт топсангиз бўлгани. Қолганига табиат инъомлари кўмакка келади.
 



Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг