Ҳар бир кунингиз байрам бўлсин!
чоршанба, 2015 Май 27 Мухлиса Хакимова
Азиз, дугонажонлар, ташқи қиёфа — инсон ички оламининг акси эканига қўшилмай иложингиз йўқ. Ҳозироқ хаёлингиздан ўтаётган кечинмалар бир лаҳзада чеҳрангизга кўчяпти. Тўғрими? Энди бирор ёрқин нарса ёки севимли инсонингиз ҳақида ўйланг, чуқур нафас олиб-чиқаринг, табассум қилиб, ўзингизни бўш қўйинг. Юз мушакларидаги стрессни бартараф этиш учун уни «буриштириш» машқларини ўтказинг. Фақат шундан сўнггина қуйидаги босқичларга ўтинг. Уй шароитида синалган муолажаларни бажаргач, уларни албатта, дугоналарингизга тавсия эта бошлайсиз.
60 дақиқада оқбилак хонимга айланиш
Бир соат ичида толиққан қўлларга «жон киритиш», уларни чиройли ва майин ҳолатга қайтариш учун сеҳргар бўлиш шарт эмас. Бунинг учун яхши тўйинтирувчи крем ёки косметик сирдан воқиф бўлишнинг ўзи кифоя.
Майин тукли сочиқни илиқ зайтун ёғига ботириб, қўл панжаларингизни ўранг, устидан полиэтилен қўлқоплар кийиб олинг. Компресс давомийлиги — 40-50 дақиқа. Йўқотилаётган вақтга ачинманг, сабзавотларни тўғраб, салат тайёрлаш, идишларни ювиш юмушларини бемалол қилаверинг.
Қайта туғилгандек бўлиш ҳисси
Бутун танангиздан чарчоқни чиқариб юбориб, соғлом кўринишга эга бўлиш учун душ ва бир неча тетиклаштирувчи воситалар мавжуд. 20-25 дақиқа илиққина ваннадан баҳра олиб, сўнгра пилинг билан шуғулланинг. Душ учун махсус тозаловчи ёки спа-массаж-гель ҳамда дағал губка ёки қўлқоп асқотади. Совуқ сувда чайининг (бу теридаги тешикчаларни торайтиради). Ёки тетиклантирувчи муолажа — контраст (илиқ-совуқ) душ қабул қилинг. Ёнғоқ ёғли намлантирувчи молочко ёки бир неча томчи мандарин ёғи аралаштирилган оддий крем мўъжиза яратиши ҳеч гапмас. Хўш, кайфиятингиз кўтарилганини сезяпсизми?
Эскирмайдиган турмак
Ёйилган сочлар (албатта, соғлом ва парваришланган бўлса) «замонларнинг барчасида» энг жозибали турмак саналган. Ҳар қандай чалкаш тахламлару (укладка) лак сепилган гажаклар унинг олдида сўзсиз енгилиб келган.
Сочларингиз жилоланиб, нур таратиши учун махсус ниқоб ҳозирланг: тухум сариғига 1 чой қошиқдан асал, зайтун ёғи, коньяк аралаштириб, сочларингизга суринг ва 30-40 дақиқадан сўнг ювиб, 1 та лимон шарбати ва 1 литр сувдан тайёрланган цитрусли сувда чайинг.
Янги, аммо синалган сирлар
Юзни пардоз қилишда, нафақат мода тараққиёти, балки синалган классик қоидаларни ҳам ёдда сақланг. Яқинда харид қилинган қизил тен ёки кўк рангли тушни ҳали синаб кўришга улгурмаган бўлсангиз, муҳим кунда тажриба ўтказманг. Идеал қиёфанинг уч таркибий қисми: бахмалдек майин тери, маъноли нигоҳ ва… намланган лаблар. Ниқобловчи (юз терингиз рангидан бир қадар очроқ) корректор ёрдамида теридаги нуқсонларни «текисланг». Бўйин соҳасини унутмаган ҳолда эҳтиётлик билан тональ асос суринг. Жилмайиб, тери рангидан икки карра тўқроқ ёғупани кенг чўтка билан чакка томонга қарата туртиб чиққан ёноқларингизга оҳиста суринг. Эслатиб ўтамиз, пушти, бинафша ранг-тусли тенлар кўзларга ҳорғинлик бағишлайди. Нигоҳингиз чақнаб туриши учун садаф ёки шампан ранглардан ишлов беринг. Киприклар орти йўли бўйлаб қалам юргизиб чиқинг. Лаб бўёғига келганда, қизил рангдан чўчиманг, у барчага ярашади. Фақат мос тусни топиб олсангиз бўлгани. Лаб бўёқ устидан сурилган шаффоф ялтировчи гель янада нозикликни ифодалайди.
Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг