Гўзаллик учун қимматбахо косметика шарт эмас
якшанба, 2015 Апрел 26 Мухлиса Хакимова
Чой. Сочингизни чой билан чайинг, шунда у кўркам кўринишга эга бўлади. Бунинг учун 100 грам қора чойни 0,5 литр қайноқ сувга дамлаб қўйинг. Кейин чой шамасини сузиб олиб, уни 2 литр сувга аралаштирасиз. Ушбу тадбирни ҳафтада бир марта қўллаб турииш мақсадга мувофиқ.
Пиёз. Пиёзнинг органисм учун фойдали эканлиги сир эмас. Ундан юз парваришида ҳам фойдаланиш мумкин. Бунинг учун пиёзни иккига бўлиб, бир бўлагини юзингизга оҳиста суртасиз. Беш дақиқадан сўнг юзингизни илиқ сувда ювиб ташлайсиз. Бу тадбирни ҳафтада бир марта қўллаб туринг. Пиёз суви юз терисини самарали оқартириш ва озиқлантириш хусусиятига эга.
Лимон ва сабзи. Бир дона катта лимон ва битта сувли сабзини қиргичдан ўтказиб, шарбатини аралаштирасиз. Тайёр бўлган аралашма ювилган тоза соч толаларига суртиб чиқасиз. Сўнг сочиқ билан ўраб олинг. 30 дақиқадан сўнг сочингизни шампун билан ювасиз. Кейин бир ош қошиқ олма сиркаси 1 литр қайнатиб совитилган сувга аралаштирилиб, сочларни чайиб юборасиз. Ушбу муолажани ҳафтада бир марта қўллаш лозим. У сочни озиқлантириб, рангини ёрқинлаштириш хусусиятига эгадир.
Сут. Кўз қизарганда сутли компресс ёрдам беради. Бунинг учун сутни бироз илитиб, иккита пахта бўлагига шимдириб оласиз. Сўнг ўн дақиқага иккала кўз устига босиб қўясиз. Бундан ташқари петрушкадан фойдаланиш мумкин. Петрушканинг янги узилган баргларини майдалаб тўғраб, қаймоқ билан аралаштиринг. Бу аралашма кўзга 15 дақиқа давомида қўйилса, ундаги қизариш ва шамоллаш асоратларни тезда йўқотади.
Мойчечак. Иккита халтачага мойчечак гулларидан солиниб, оғзи ёпинг. Сўнг уларни қайноқ сувли идишга 5-10 дақиқага ботириб қўйинг. Кейин ҳалтачалар юмуқ кўзларнинг устига қўйинг. Бу муолажа кўз шамоллаганда ва қовоқ шишганда ёрдам беради. Агар ушбу тадбирни ҳафтада 2-3 марта такрорласангиз, кўз атрофида эрта тушадиган ажиннинг олдини олган бўласиз.
Ўсимлик мойи. Тирноқларингиз нимжонми? Унда сизга қуйидаги муолажани қўллаш асқотади. Ярим пиёла ўсимлик мойини қайноқ сувда илитиб, 3-4 томчи лимон шарбатини қўшасиз. Сўнгра унга бармоқлар 10 дақиқа ботириб турасиз. Шимувчи қоғоз (салфетка) билан эса бармоқларни қуритасиз. Кейин бир неча соат давомида қўлларни ювмай турасиз.
Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг