Гўзаллик бағишлайдиган 8 маҳсулот
шанба, 2015 Июн 13 Мухлиса Хакимова
Агарда сиз соғлом юз кўринишига, чиройли тирноқлар ҳамда узун, ялтироқ сочларга эга бўлишни истасангиз, турли дори ва косметикага ҳожат йўқ. Ҳар бир хонадонда топиладиган ушбу сабзавот ва мева маҳсулотлари орқали ички саломатлик ва ташқи гўзалликка эришиш мумкин.
Сабзи. Таркибида жуда кўп каротин, А витамини мавжуд, улар орқали танамиз меланин ишлаб чиқаради. Агарда сиз қуёшдан олган рангингизни узоқроқ ушлаб турмоқчи бўлсангиз, сабзи истеъмоли сизга албатта, ёрдам беради. У яна калий, олтингугурт, мис, темир, фосфор ва йодга бойдир. У ҳазм қилишни яхшилайди, метаболизмни қўзғатади ҳамда танага оздирувчи таъсир кўрсатади. Сабзи кўзни равшан қилади. Бундан ташқари, сабзи шарбати ичиш эрта соч оқаришининг олдини олади.
Исмалоқ. Ушбу сабзавот таркибидаги C витамини билан машҳурдир. Терингиз эластиклиги учун масъул бўлган коллаген ишлаб чиқишда ва сақлаб қолишда ёрдам беради. Исмалоқ антиоксидантларга жуда бой. Унинг фойдалилигини ошириш учун хом ёки буғда пиширган ҳолда истеъмол қилишингиз зарур.
Брокколи. Брокколи — саратонга қарши курашувчи моддалар, C витамини, олтингугурт ва фойдали аминокислоталари билан таниқлидир. Ушбу сабзавот танани заҳарли моддалардан тозалашда ва қайта тиклашни тезлаштиришда жуда ҳам фойдали. Исмалоқ каби уни хомича истеъмол қилишингиз мумкин.
Салат барглари. Яшил салат барглари нафақат мазали, шу билан бирга иммунитет тизими учун керакли C витаминига бой ҳамдир. Ҳар қандай салатга қўшиб истеъмол қилинса, яхши самара беради.
Карам. Озгина ёғ билан пиширилгани ёки димлангани ич қотишнинг олдини олиш билан бирга оздириш таъсирига ҳам эга. Тузланган карам таркибидаги моддалар заҳарсизлантириш хусусиятига эга, улар боғловчи тўқималарни мустаҳкамлайди, ортиқча сувни чиқариб ташлаш орқали целлюлитдан халос бўлишга ёрдам беради. Тана териси текис ва соғлом бўлади. Карам танани C витамини, калий, мис ва клетчатка билан таъминлайди. Тузланган карам таркибидаги сут кислотаси шишнинг олдини олади ва ичак флорасини тиклайди.
Қичитқи ўт. Қичитқи ўт, ғалати эшитилса-да, бироқ жуда ҳам фойдали. Ундан тайёрланган шўрванинг истеъмоли кунлик темир моддасига бўлган эҳтиёжни қондиради.
Петрушка. Петрушка таркибида C ва Е витаминлари ҳамда керакли ёғлар мавжуд. Улар буйрак касалликларини даволашда ёрдам беради. Петрушка организмни зарарли моддалардан тозаловчи, сийдик ҳайдовчи хусусиятга эга. У терини силлиқлаб, семиришга тўсқинлик қилади.
Қуритилган мева ва ёнғоқлар. Ҳар куни оз-оздан майиз, ўрик қоқиси ёки ерёнғоқ истеъмол қилинг. Улар ширинликлардан кўра фойдалироқдир. Қуритилган мевалар организмни Б гуруҳ витаминлари, ёнғоқлар эса Е витамини ва темир, калий, кальций ҳамда магний каби қимматли минераллар билан таъминлайди. Улар тинчлантирувчи таъсирга эга. Таркибида модда алмашинувини тезлаштирувчи толалар мавжуд.
Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг