Сочларингизни сариққа бўяб нима қиласиз?
пайшанба, 2015 Май 21 Мухлиса Хакимова
Кўча-кўйда деярли ҳар қадамда "олтинсоч" хонимларни учратамиз. Албатта, шарқ аёллари "тундек қора" сочлари билан машҳур, аммо ёрқин рангли сочлар бугунги кунда маълум маънода урфга кириб улгургани ҳеч биримизга сир эмас. Аммо унинг сочларимизга қанчалик зарарли ёки салбий таъсири ҳақида ҳеч ўйлаб кўрмаймиз.
Сочларни ёрқинлаштириш икки турга бўлинади:
Булар оддий тилда "пёрышки" ("патлар") ва "мелирование". Пёрышки — сочларнинг маълум қисмини алоҳида-алоҳида ажратиб олиб, қисман ёрқинлаштириш бўлса, мелирование — сочларни тўлиқ рангсизлантириш демакдир.
Сочларни ёрқинлаштириш водород пероксиди ёрдамида, уй шароитида амалга оширилар экан, кўпчилик бу жараёнда баъзи хатоликларга йўл қўяди.
Ҳимоя чораларини унутманг!
Кимёвий моддалар билан ишлашдан олдин кўзлар ва юз териси ҳимояланган бўлиши лозим. Тери таъсирчанлиги ҳисобга олиниб, албатта, махсус қўлқопдан фойдаланилади. Ажратиб олинган ҳар бир соч тутами остига қалин фольга қўйилиб, аралашма сурилади. Агар рангсизлантиришдан олдинроқ сочларингизни қора рангга бўяган бўлсангиз, кутилган натижа бўлмаслиги мумкин. Бу вазиятда яхшиси соҳа мутахассисига мурожаат қилганингиз маъқул.
Нозик сочларингизни куйдириб қўйманг!
Сочлар бўялганига тўрт ойдан ошган ва бўялмаган (янги ўсиб чиққан) қисми узунроқ бўлса, уларни учидан рангсизлантириб бориш мақсадга мувофиқ. Акс ҳолда, аввал илдиздан бошланган ёки илдизи ва учи бир вақтда рангсизлантирилганда, бўялган қисмининг "оқариши" қийин кечади, янги ўсиб келаётган қисми эса кутилганидан тезроқ "куяди". Натижада, илк хато сочлар рангининг икки хил кўриниб қолишида намоён бўлади. Кейинчалик тараганда зарарланган сочлар синиб, тўкила бошлайди, ўта сийрак ва мўрт бўлиб қолади.
Зарари борми?
Рангсизлантириш кимёвий моддалар ёрдамида амалга оширилгани сабабли, бош териси юмшаб, соч ўсиши тезлашади. Аммо бош териси таъсирчан бўлиб қолади. Шунинг учун рангсизлантиришни нисбатан иссиқроқ мавсумда амалга оширган маъқул. Жараён якунланиб, сочлар ювилгач, уларни натижа рангига мос соч бўёғига бўяш тавсия этилади. Бу соч рангининг "тиниқлиги" ва ёрқинлигини таъминлабгина қолмай, йўқотилган ҳимоя "тангача"лари вазифасини вақтинча бажариб туради.
Алоҳида парваришланг!
Сочлар кимёвий уcул билан ёрқинлаштирилганда унинг парвариши оддий сочга нисбатан кўпроқ эътибор талаб қилади. Витаминли ниқоблар сочларга жило беради ва муолажанинг биз салбий деб ҳисобламайдиган оқибатлари — сийраклашуви, мўртлашуви, витаминларнинг парчаланиши ва ҳоказо ҳолатларни бартараф этишга ёрдам беради.
Сочларга зарар етса…
Агар бу жараёнда сочларингизга жиддий зарар етказиб қўйсангиз, косметологга мурожаат қилинг. Кимёвий моддалар меъёрдан кўпроқ вақт тутиб турилганда сочлар мўрт бўлиб қолса, уларни қайта тиклашнинг иложи йўқ. Табиий сочлар ўсиши давомида бўялган (рангсизлантирилган) сочларни маълум ўлчамда (узунликда) кесиб бориш билан муаммони бартараф этиш мумкин. Рангсизлантирувчи воситалар соч толаларида узоқ муддат сақланиши сабабли, сочлар оқариб қолган тақдирда ҳам айнан шу ечим ёрдамга келади. Муолажа якунида сочларни шампунь, кондиционерда ювиш тавсия этилмайди.
Натижасига ишончингиз комил бўлмаган ҳолатда сочларингизни асло рангсизлантирманг. Ахир, сочларимиз бизнинг ҳуснимиз-ку!
Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг