Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Лого beka.uz

Соч учун парҳез: натижа кафолатланади

 шанба, 2015 Сентябр 05    Мухлиса Хакимова  

Соч учун парҳез: натижа кафолатланади

Камдан-кам аёллар сочларининг бекаму кўст гўзаллиги билан мақтана оладилар. Майин, қалин сочлар бизга табиатнинг инъомидир. Аммо нотўғри парвариш, соч устида кимёвий “операция”лар ва организмда витамин, минералларга бўлган тансиқлик ҳар қандай сочни ҳам кўримсиз ҳолатга олиб келиб қўяди. Ваҳоланки сочга етарлича эътибор табиатан қалин бўлмаган сочларни ҳам соғломлаштириб, уларга ипакдек жило ва гўзаллик бағишлайди.

Парҳезларнинг тури кўп, аммо энг маъқули – инсон саломатлигига путур етказмайдигани. Соч соғломлиги учун ҳам парҳез ушлаш зарур. Кунлик таомномангиздан турли кўкатлар, сабзавот-мевалар ва денгиз махсулотлари имкон қадар кўпроқ ўрин олсин. Кунлик суюқлик миқдори ўртача 5-8 стаканни ташкил қилсин. Соч учун мўлжалланган парҳез таркибидан рух, кремний, темир, оқсил, омега-3 микроэлементлари ҳамда A, C ва B витаминларини ўзида жамлаган озиқ-овқат маҳсулотлари ўрин олади. Булар эса ўз навбатида сочнинг ташқи кўриниши учун ҳал қилувчи аҳамиятга эгадир. Жумладан, соч тўкилиши ва қазғоқда таркибида рух моддаси бўлган таомлар (мол гўшти, қовун уруғи)ни кўпроқ истеъмо қилиш зарур. Кремний моддаси эса сочнинг коллаген қатламини янгилаб унинг ўсишини тезлаштиради ва мустаҳкамлайди. Бу модда кўп миқдорда кўкатлар, бодринг пўстлоғи, булғор қалампирида мавжуд.

Борди-ю, сочларингиз мўртлашиб тез тўкилаётган бўлса, бу оқсил танқислиги белгисидир. Мол гўшти, қора нон, қайнатилган тухум, ёнғоқ ва дуккаклилар оқсилга бой махсулотлардир. Соч кўриниши ачинарли ҳолатга келганда B гуруҳи витаминларини C витамини билан бирга қабул қилиш тавсия этилади. Шу тарзда бу витаминлар яхши ўзлаштирилади. Организмга А витамин ва омега-3 етишмаганда бош териси ёғли бўлиб, қазғоқ кўпаяди. Ушбу ҳолда нафақат pH-баланснинг изидан чиқиши, балки ширинликларни ҳаддан зиёд кўп истеъмол қилиш ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Шунингдек, соғлом соч парҳезида сабзи, бодринг, помидор, картошка, авокадо, лавлаги, брокколи, гулкарам, булғор қалампири, цитрус мевалар, олма, реза, қуруқ мевалар, товуқ гўшти, сут маҳсулотлари, балиқ каби озиқ-овқатлар доимий равишда истеъмол қилиниши лозим.

Организмни соғломлаштириш талабларидан бири – жисмоний фаолликдир. Ҳафта давомида камида 2 соат фитнес билан шуғулланишга вақт топинг. Жуда бўлмаганда, ҳар куни шўх мусиқани қўйиб ярим соат рақсга тушинг. Жисмоний машқлар қон айланишини яхшилайди, бу эса ўз навбатида соч ўсишини тезлаштиради.

Бир ўринда кўп овқат тановул қилишга одат қилманг. Энг маъқули оз-оздан кунига 5 марта овқатланиш. Тановул орасидаги оралиқ 3 соатдан кўп бўлмаслиги керак. Парҳез талабига кўра, қаҳва ва аччиқ чойдан воз кечиш керак. Булар ўрнига шарбат, газланмаган минерал сув, доривор ўтлар дамламаси ичган маъқул.

Тахминий кунлик таомнома:

  1. Нонушта: долчин ва магиз қўшилган ширгуруч.
  2. Иккинчи нонушта: мева ва сутли коктейл.
  3. Тушлик: қовоқча, сабзили қайнатма шўрва ва картошкали пюре, қўзиқорин.
  4. Иккинчи тушлик: мевали салат.
  5. Кечки овқат: денгиз маҳсулотлари қўшиб тайёрланган спагетти.

Тавсия қилинган парҳезга қўшимча тарзда ҳар куни 1 ош қошиқ ўсимлик ёғи, 1 пиёла сули қайнатмаси, сули ёрдамидан тайёрланиб, 1 ош қошиқ асал ва ёнғоқ қўшилган салат истеъмол қилиш тавсия этилади.

Айнан шу талабларга амал қилсангиз. Орадан 1-1,5 ой ўтган кўзланган натижага албатта эришасиз. Сочларингиз соғломлашиб ўзидан чиройли жило таратади. Ҳатто табиий ранги ҳам бирмунча тиниқлашганига гувоҳ бўласиз. Мазкур парҳез нафақат соч, балки юз териси ҳолатига ҳам ниҳоятда ижобий таъсир кўрсатади.

Махсус ниқоб: нуфузли косметик салонларда қўлланиладиган ушбу ниқоб соч ҳолатини сезиларли даражада кўркамлаштиради. Ниқобни мунтазам қўллаш тавсия этилади. Ўсимлик ёғи (зайтун, канакунжут, чакамуғ) иситилади, сўнг унга 1 дона лимон шарбати, “Аевит” витаминидан 5-6 томчи ва 1 ош қошиқ коняк қўшилади. Бош терисига яхшиллаб суртиб бироз массаж қилингач, дастлаб полиетилен билан, сўнг сочиқ билан иссиқ қилиб ўраб қўйилади, ниқоб 1-3 соат давомида ушланади.
 



Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг