Бўялган сочлар умрини узайтирамиз!
жума, 2015 Июл 31 Мухлиса Хакимова
Соч бўяшни ният қилиб, бўёқ сотиб олдингиз ва "Гўзаллик салони"га отланяпсиз ёки аксинча, бу муолажани уй шароитида ўтказмоқчисиз. Хуллас, қайси йўлни танлашингиздан қатъий назар, сочни бўяшдан олдин бир-икки кун бошингизни ювманг. Бу соч илдизида махсус ҳимоя қатлами яралишига сабаб бўлади ва бу билан бўёқ таркибидаги кимёвий моддалар таъсирини камайтиради.
Аслида, бўялган сочларни махсус фен ёрдамида қуритиш мумкин эмас. Негаки сочлар бўялганда кўпроқ намлантиришга муҳтож бўлади. Агар сиз мунтазам равишда сочингизни фен билан қуритсангиз, унда сочлар синувчан ва тез тўкиладиган бўлиб қолади.
Бўялган сочларни доим махсус кондиционер билан ювишга одатланинг. Бу сочлардаги рангнинг узоқ сақланишига кўмак берибгина қолмай, балки жилоланишини оширади ва соч илдизини мустахкамлайди. Бундан ташқари, бўялган сочларни ювиб бўлгандан кейин дарров тарашга тушманг. Бу билан сиз сочларингизга жароҳат етказасиз. Бўялган сочларни фақат ёғлилик сезилганда ювиш тавсия этилади. Агар сиз тез-тез сочингизни ювиб турсангиз, унда ранг умрини қисқартириб қўясиз.
Бўялган сочлар парваришига алоҳида ёндашиш лозим. Мутахассислар соч бўялганидан 3 кун ўтиб, бошни ювиш мумкин деб таъкидлайдилар. Шунингдек, энди сиз фақат бўялган сочлар учун мўлжалланган воситаларни ишлатишингиз зарур. Сочлар тўкилмаслиги ва ортиқча жароҳатланмаслиги учун битта фирма махсулотларини танлаб, яқин орада уни ўзгартирманг. Яна бир нарса, бўялган сочлар учун мўлжалланган воситаларни танлашда пулингизни тежаманг. Агар ўша маҳсулот таркибида Е витамини бор бўлса, бу нур устига аъло нур бўлар эди. Шу билан бирга бўялган сочларга ҳафтада бир марта уй шароитида тайёрланган ушбу мустаҳкамловчи ниқоб суртинг:
2 дона тухум сариғини ярим стакан илиқ сув билан аралаштиринг. Сув иссиқ бўлмаслиги керак, акс ҳолда тухум сариғи сув билан аралашмайди. Сўнгра иссиқ сув билан бошингизни ҳўллаб тайёрланган ниқобни соч илдизига уқаловчи ҳаракатлар билан суртиб чиқинг. 5 дақиқадан кейин уй ҳароратидаги сув билан ювиб ташланг. Бу ниқобдан ҳафтада бир марта фойдаланинг.
Баъзан соч бўёқлари нафақат сочга, балки бошга ҳам салбий таъсир кўрсатади. Бунинг натижасида бошда қазғоқ ва қичишиш пайдо бўлади. Ушбу муаммога барҳам бериш ва олдини олиш учун лимон, саримсоқ пиёз сувлари ҳамда зайтун мойи яқиндан ёрдам беради. Бунинг учун номи келтирилган маҳсулотлар сувини бир хил миқдорда олиб аралаштирилади ва 20-30 дақиқага бошга суртиб қўйилади. Белгиланган вақтдан кейин бошни илиқ сув билан ювиб ташланг.
Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг