Камон қошлар сири нимада
якшанба, 2015 Июн 07 Мухлиса Хакимова
Қош чеҳра гўзаллигида асосий роллардан бирини ўйнаб, ҳимоялаш вазифасини ҳам ўтайди. Айнан қош кўзларнинг маънодор ва мафтункор кўринишида катта аҳамиятга эга. Тартибсиз, сийрак ёки сертук қош мукаммал пардозни йўққа чиқариши мумкин. Қошларга доимий эътибор туфайли текис, қалин ва бахмалдек мулойим тусга кириши мумкин. Бунинг учун эса кўп вақт ва пул талаб этилмайди. Ҳар куни 15 дақиқа вақт ажратсангиз, кифоя. Қош илдизлари учун тўғри танланган парвариш усули уларни мустаҳкам, эластик ва ялтироқ қилади. Бу парваришга қуйидагилар киради:
Тараш, озиқлантириш, уқалаш, коррекция.
Ҳозирда дўконларда қошларни парваришлаш учун турли косметик воситаларни учратиш мумкин. Бу борада ҳамёнингизни безовта қилишга ҳожат йўқ. Халқона усуллар ёрдамида ҳам қошлар идеал кўринишга келиши мумкин. Демак, бунинг учун сизда турли мойлар: чакамуғ, зайтун, бодом, шафтоли, маккажўхори, канакунжут ёки кунгабоқар ёғи бўлса, бас.
Қошни ҳар куни тараш лозим. Бунинг учун махсус қош тароғи ёки қаттиқроқ чўтка керак бўлади. Агар сизда бундай воситалар топилмаса, тиш чўткаси ҳам мос келади. Аввалига қошни ўсиш тартибига қарама-қарши томонга тараш лозим, сўнг эса тўғри томонга. Тараш орқали қошдаги ортиқча туклар ва чанглардан халос бўласиз. Шу билан бирга қон айланиши ҳам яхшиланади. Тараб бўлгач, улар бахмалдек силлиқ бўлиши учун махсус бальзам суртилади. Бальзам ўрнига канакунжут, чакамуғ ёки зайтун мойи ҳам мос келади. Бир неча томчи мойни чўткага ботириб, қошларга суртинг. Сўнгра салфеткани қошларга енгил босиб, ортиқча ёғни артиб ташланг.
Қошни қалинлаштирувчи мойли компресслар:
Бунинг учун 10 мл зайтун ва 15 мл канакунжут мойини оласиз. Иккисини яхшилаб аралаштириб, докали тампонга шимдирасиз. Сўнгра тампонни қош устига эҳтиёткорлик билан қўясиз. Ушбу маҳсулотни қуруқ ва қоронғи жойда узоқ вақт сақлаш мумкин. Ҳар сафар ишлатишдан олдин уни чайқатиб олинг. Билсангиз, канакунжут ва чакамуғ мойи қошларни ўстириб, унга бахмалдек ярқироқлик бағишлайди.
Докали тампонни иссиқ мойга ботириб, қошга қўйинг. Сўнг пергамент қоғоз олиб, қошларга босинг ва бинт билан бошни айлантириб мустаҳкам бойланг. Ушбу компрессни қошда ўн беш дақиқа ушлаш керак. Сўнгра тоник ёрдамида мойни артиб ташланг. Ушбу компрессга одатда шафтоли, бодом, ерёнғоқ мойи мос келади.
Қошларни ўстиришда момоларимиз ўсмадан унумли фойдаланишган. Чиндан ҳам ўсма қошларни қорайтиради, қалинлаштиради. Аввалига ўзидан яшил тус қолдирган ўсма сўнгра қораяди. Қорайган ўсма излари анча вақтгача қошларни безаб туради. Агар ўсма доимий суртилса, қошларни қалам билан бўяшдан қутуласиз.
Қошларни уқалаш фойдали жараён. Уқалаш орқали уларни ўстириш, чарчоқни чиқариш, бош оғриғини тўхтатиш, кўзлардаги ҳорғинликни бартараф этиш мумкин. Қўл бармоқлари билан қошнинг ўсиш йўналишига қараб енгил уқаланг. Витаминли крем ҳам қошларни озиқлантиришда муҳим роль ўйнайди. Ушбу кремни уқалаш орқали сингдириш мумкин. Бир тюбик ланолин кремига 15 томчи Е витамини ва 30 томчи А витамини қўшинг. Ушбу витаминли кремни ҳафтада бир неча марта қошга суртиб, енгил ҳаракатлар билан уқаланг.
Қошни тез ўстириш мумкинми?
Албатта! Агар қошларингиз тўкилиб, сийраклашганини сезсангиз, хавотирга тушманг. Уларнинг ўрнини қайта тиклаш мумкин. Бунинг учун бодом ёғини қош устига 10 дақиқага суртиб қўйинг.
Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг