Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Лого beka.uz

Пардоз воситалари хариди

 сешанба, 2015 Феврал 24    Мухлиса Хакимова  

Пардоз воситалари хариди

Баъзида фалон пулга номдор пардоз воситасини сотиб оламиз-у, қалбакилиги ёки муддати ўтганини кейин билиб қоламиз. Бу восита ҳуснимиз ва саломатлигимизга зарар етказса-чи? Унда бир дардимиз ўн бўлади. Хўш, ҳақиқийсини қалбакисидан қандай ажратиш мумкин? Бунда қуйидаги белгилар бизга ёрдам бериши мумкин:

  1. Қадоқни яхшилаб текшириб кўриш лозим. У шикастланмаган, буст-бутун, қутиси, ўрами ва қоғози олий сифатли, елимлари ташқарига чиқиб кетмаган, ёзуви аниқ-равшан ва бехато бўлиши керак. Қадоққа ўзбек тилида маҳсулот ҳақида маълумот битилган ёрлиқ ёпиштирилган бўлиши лозим. Қадоқсиз пардоз воситасини сотиб олманг.
  2. Штрих-кодига эътибор қаратиш лозим. Ундаги илк икки рақам ишлаб чиқарувчи давлатни билдиради. Масалан, агар код 400-440 рақамлари билан бошланса, маҳсулот Германияда ишлаб чиқарилган. Ҳар бир мамлакатнинг ўз штрих-коди бор. Уни интернетдан билиб олсангиз бўлади.
  3. Пуркаладиган атир (спрей)ларнинг пуркагичига эътибор қаратиш лозим. Агар флакон ичида кўриниб турган пуркагич найи флаконнинг ўзидан узунроқ бўлса, эгилиб, буралиб турса, билингки, бу қалбаки маҳсулот. Атир шаффоф бўлиши керак.
  4. Маҳсулот ҳақида маълумот бўлиши лозим. Ҳар бир компания ўзи ишлаб чиқарган янги маҳсулот ҳақида интернет сайтида маълумот беради. Шундай экан, янги маҳсулот сизда шубҳа уйғотаётган бўлса, интернетга бир мўралаб қўйишдан эринманг.
  5. Сотувчининг ҳамма гапи ҳам рост бўлмайди. Профессионал қўлланишга мўлжалланган пардоз воситалари кенг омма учун савдога чиқарилмайди, махсус дўконлардагина сотилади. Шунинг учун молини "Бундан манаман деган визажистлар фойдаланади", дея мақтаётган бозордаги сотувчиларга ишонманг.

 



Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг