Оёқлар учун ниқоблар
сешанба, 2015 Январ 27 Мухлиса Хакимова
Оёқ кафтини юмшатиш учун. Иккита тухум оқини уқаловчи ҳаракатлар билан оёқ остига яхшиллаб суринг. 15-20 дақиқадан сўнг ювиб ташланг. Оёқ ости терисини оқартириш, юмшатиш учун майонез ва сметанадан фойдаланиш мумкин. Бунда 1 соат ва ундан кўп вақтгача оёқлар ювилмайди.
Оёқ замбуруғига қарши. Қора турп ёки пиёзнинг сувини сиқиб, оёқ пойига сурилади. Бу ўсимликлар замбуруғларга қарши курашиш хусусиятига эга. Уни суртгач тери қуришини кутиб туринг, сўнг оёқларни уқалаб чайинг. Фақат бу ниқобни қўллаш учун оёқда яра чақалар бўлмаслиги керак.
Ёқимсиз ҳидга қарши. Тоғорага 3 литр илиқ сув, 3 ош қошиқ уксус (эссенция бўлмаслиги керак) солинг. Бир неча минут оёқларни шу сувга солиб ўтиринг. Сўнг илиқ сувда ювиб, сочиқ билан қуруқ қилиб артинг.
Бадбўй ҳидни йўқотиш учун. 3 ош қошиқ эман пўстлоғини (дорихонада мавжуд) 1 литр қайноқ сувда қатнатинг. Қатнатмани ярим соат тиндириб қўйиб, дока ёки майда тишли човлида сузиб олинг. Оёқлар ярим соат шу сувга солиб ўтирилади.
Оёқлар чарчоғини олиш учун. Қуритилган ялпизнинг шохчаларини қайноқ сувга солинг. Ёғоч қошиқда эзиб бўтқа ҳолига келтиринг. Эзилган ялпизни оёқларга суртиб чиқинг.10-15 дақиқадан кейин салфетка ёрдамида артиб чиқинг. Қичишиш ва қизаришга қарши бўтқага сув солиб, оёқларни ювиб туриш мумкин.
Оёқ бармоқлари қийилишига қарши. Иккита карам баргини блендерда майдалаб оёқ остига қўйиб полиэтилен пакет ўраб, устидан пайпоқ кийиб олинг. Компресс ярим соат турсин. Сўнг оёқлар совуқ сувда чайилади. Қуруқ қилиб артгач, озиқлантирувчи крем суртиб қўйиш керак.
Эски қадоқларни йўқотиш учун. Картошка пўстлоғини яхшиллаб ювиб, унга кўп бўлмаган сув солиб, юмшоқ бўтқа ҳосил бўлгунча паст оловда қайнатинг. Оёқларингизни сода солинган қайноқ сув буғига тутиб, сўнг картошка пўчоғи бўтқасини суриб чиқинг. 20-30 минутдан кейин илиқ сувда чайиб, қуритиб артинг. Шундан кейин оёқлар незма билан ишқаланади, крем сурилади.
Пуштиранг бармоқларни асл ҳолига қайтариш учун. Сули ёрмасини қайнатиб бўтқа тайёрланади. Бўтқага 1 ош қошиқ сариғёғ солинади. Кейин иккита полиэтилен пакетга солиб, оёқ кафтига ёпиштирилади. 2 соат пайпоқ кийиб юриб сўнг ювиб ташланади.
Шунингдек.
- Ҳар куни кечқурун 1 литр сувга 1 ош қошиқ истеъмол содаси қўшиб, 15 минут давомида оёқларни ванна қилишни одатланинг.
- Ванна қилиб бўлгач, алоэ баргини бўлаклаб ички томонини оёқ терисига қоплаб устидан компресс қоғоз қўйилади ва бинт билан ўралади. Ерталаб оёқни ювиб, артиб, қуритилади. Юмшаган оёқнинг дағал терисини незмада ишқаланг.
- Оёқларни икки кунда 1 марта тузли совуқ сувда ванна қилинг. 3 ош қошиқ ош тузини 3 литр сувда эритинг. Кейин шу сувга оёқларни 5 минутдан 25 минутгача солиб ўтиринг.
- Ҳадеб оёқ тирноқларига лак суравериш, тирноқларни сарғайиб қолишига олиб келади. Тирноқларни лимон суви билан артиб турсангиз, ялтирайди, сарғайишини олдини олади.
Мавзу бўйича бошқа мақолалар
Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг