Янги либосларсиз янги қиёфа
пайшанба, 2015 Июн 04 Мухлиса Хакимова
Вақти-вақти билан ҳаёт тарзимизда ниманидир янгилаш истаги бизни безовта қилиб туради. Бу вазиятда биз, кўпинча, ташқи кўринишимиз, кийиниш услубимизга бироз ўзгариш киритиш ечимида тўхталамиз. Бирданига ҳамма нарсани ташлаб юбориб, янгиларини сотиб олишга ҳар ким ҳам жазм этолмаслиги табиий. Бу усул ўта кескин ва қимматга тушиши ҳам тайин. Бугун эътиборингизни қатъий чораларга мурожаат этмасдан, одатий қиёфани ўзгартириш борасидаги маслаҳатларга қаратмоқчимиз.
Ноодатий уйғунлик
Ўз гардеробингизга янгича нигоҳ ташлашга уриниб кўринг. Балки шу пайтгача мос келмайди, деб ўйлаган буюмларингиз аслида жуда мутаносиб кўринишга эгадир. Баъзан сизнингча, одатий бўлмаган либосларни, ҳатто рангларни уйғунлаштириб, янгича қиёфа кашф этиш ҳам мумкин. Тажриба қилишга иккиланманг.
Янги аксессуарларга мурожаат этинг
Кўпчиликка маълумки, жонга теккан бир хиллик, одатий либосларни аксессуарлар ёрдамида осонгина янгилаш мумкин. Масалан, кўпдан буён кийиб юрган костюмингизга антиқароқ кўринишдаги сумкани танланг, шунингдек, ўзига хос қўлқопчалар ва шарф кўмагида бутунлай янги қиёфага эга бўласиз. Баъзида бир жуфт билагузук, маржон ва зираклар ёки янгича боғланган шарф атрофдагилар нигоҳида услубингизни ўзгартиргандек таассурот қолдиради.
Ёрқин ранглардан фойдаланинг
Бизнес-леди бўласизми, жиддийроқ (ёки оддий) лавозимда ишлайсизми бунинг фарқи йўқ. Айниқса, шу пайтгача сиз учун ноодатий ҳисобланган рангдаги либосларни танланг. Гардеробингизда мавжуд бўлмаган ёрқин рангли бир неча буюмни харид қилиб, уларни кундалик либосларингиз билан уйғунлаштиришга ҳаракат қилинг
Орзуингиздаги либосни харид қилинг
Шубҳасиз, дўкондаги қайсидир буюмга анчадан бери ҳавас қилиб юргандирсиз-у, баъзи сабабларга кўра, уни сотиб олишга ҳали жазм этмаяпсиз. Бу ғайриоддий кўринишдаги пойабзал ёки сизнинг услубингизга хос бўлмаган, аммо кўзни қувнатувчи кўйлак бўлиши мумкин. Бу каби истакларингизга баъзида имкон беринг, балки айнан шу буюм янгича қиёфа яратишингизда омад калити бўлар.
Доимо ясаниб юринг
Кайфиятингизни кўтариши мумкин бўлган қизиқарли ва ноодатий услубда кийиниш учун баҳона изламанг, алоҳида сабаб бўлувчи кунни кутманг. Ҳатто оддийгина дўстона учрашувларга ҳам янгича қиёфа ўйлаб топиш мумкин. Қайси либосни кийиш масаласига қанчалик эътибор билан синчиклаб ёндашсангиз, гардеробингиздан шунча қизиқарли ечимлар чиқа бошлайди.
Унутмангки, ташқи қиёфа (имиж)нинг муҳим таркибий қисми - ўз ўзингизга бўлган ҳурмат ва муҳаббатни ташкил этади. Ўзини ҳурмат қилмаган, ўзига қизиқарли бўлмаган инсон атрофдагилар учун ижобий ва эсда қоларли образ яратиши мушкул. Фақат, бу янги қиёфани яратишда меъёрни унутмасангиз нур устига аъло нур бўлади.
Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг