Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Лого beka.uz

Кузда гўзал ва бетакрор бўлинг!

 сешанба, 2015 Июл 21    Мухлиса Хакимова  

Кузда гўзал ва бетакрор бўлинг!

Кузнинг салқин ва ёмғирли кунларида ҳам энг латофатли, бетакрор хонимга айланиш истагидасиз-у, бунга қандай эришиш ҳақида бош қотираяпсиз. Ўйланманг, сизга "бежирим, ёрқин, бир-биридан ажойиб либос"ли маслаҳатларимиз ёрдамга шай!

Қандай ранг урфда бўлади?

Кийим харидидаги энг муҳим жиҳат - мавсумда қандай ранглар ва уйғунликлар урфда бўлишини аниқлаб олишдир. Оқ-қора, зумрад ранг, кўк, оч яшил, кулранг, турли тусдаги пушти ҳамда жигарранг либослар бу мавсумда ҳеч бир хонимни бефарқ қолдирмаслиги аниқ. Бошқалардан ажралиб туришни ёқтирадиган қизлар учун жаҳон модельерлари олтин куз фаслида ёрқин апельсин, сиёҳ, қизил, тилла ва ҳатто неон тусдаги ранг-баранг кийимларни тақдим этишмоқда.

Тўқилган, чарм либослар.

Устки кийимларга тўхталадиган бўлсак, кузнинг дастлабки ойларида тўрсимон, тўқилган ҳамда синтетик матолар жумладан, полиэстердан тикилган турли кўринишдаги кофта,туника ва кўйлаклар урфда бўлса, ёмғирли кунларда анъанавий чарм ва лакланган курткалар тавсия этилади. Машҳур модельерлар мавсум охирида турли узунликдаги қалин свитерлар қаторида, мўйнали либослар ҳам урфга киришини таъкидлашмоқда.

Навбат — пойабзалларга!

Стилистларимиз ёрқинлик ва жимжимадорликни ёқтирган қизларнинг кўнглидан чиқадиган бўлишди! Сабаби, бу мавсумда улар томонидан турли бисер ва тошчалар билан безатилган, сон-саноқсиз камар, боғичи бўлган, баланд ҳамда қалин пошнали, турли ранг ва матолар уйғунлиги акс эттирилган оёқ кийимлар яратилиб, аёлларга тақдим этилмоқда.

Мини ёки макси?

Ёз ойларида айни урфда бўлган макси ва мини узунликдаги кийимларни бир четга қўйиб, тиззадан бироз тушиб турувчи (миди) либосларини қўлга олинг. Кузда ўрта узунликдаги кўйлак, юбка, кузги пальтолар бирдек урфда бўлади. Аммо калта куртка ва тиззагача бўлган плашлар ҳақида ҳам унутиб қўйманг, улар бу мавсумда машҳурлик чўққисида!

Юбка ва шимлар.

Мода билан ҳамнафас бўлиш истагидагилар қаламча, этаклари тўлқинсимон, запахли ҳамда бироз хўрпайтирилган услубдаги юбкаларни танлаб адашмайдилар. Шимнинг эса жинси матосидан тикилган қувурсимон, туника билан кийишга мўлжалланган, бироз ёпишиб турувчи ва ишбилармон хонимлар учун махсус классик услубдагилари тавсия этилади.

Ихчам ва бежирим аксессуарлар!

Бу мавсумда кичик ҳажмдаги ихчам сумкалар яна урфга қайтиши айни муддао бўлди. Айниқса, тўртбурчак ва трапеция шаклидаги клач ва аёллар ҳамёнлари ҳар қандай кўринишга жозибадорлик бағишлайди. Ташқи қиёфангизга ёқут ёки зумрад кўзли, тилла ва кумушдан ясалган тақинчоқлар, бижутериялар ёрдамида сўнгги урғу берамиз.
 



Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг