Кузда лаблар парвариши
якшанба, 2015 Август 16 Мухлиса Хакимова
Куз фаслида лаб парваришига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Негаки айнан шу мавсумда лаблар ёрилиши, қуруқшаши ва ачишиши кўп кузатилади. Бундай муаммоларга тез ечим топиш ва олдини олиш мумкин. Бунинг учун қуйидаги керакли маслаҳатлардан фойдаланиш лозим.
Уқалаш. Ҳар куни уқаланадиган лаблар янада майинлашиб, чиройли рангга эга бўлади. Бунинг учун юмшоқ оддий тиш чўткаси керак бўлади. Уқалашни бошлашдан олдин лабингизга озгина юз учун мўлжалланган крем ёки лаблар малҳами суртинг. Бу муолажани бармоқ билан ҳам бажариш мумкин, бармоғингизга пахмоқ сочиқ ўраб, суртилган крем ёки малҳам лабга тўлиқ сингиб кетгунча айлана ҳаракатла билан уқаланг.
Ажинга қарши машқлар. Совуқ тушиши билан, киши териси тез қаришни бошлайди. Шу сабабдан куз ва қиш кунларида кўпчилик аёллар лаблари атрофида ажин пайдо бўлганидан шикоят қилишади. Бу муаммонинг ечими жуда осон, кунора 8-10 маротабадан "А" "О" "И" "У" "И" ҳарфларини овоз чиқариб айтсангиз кифоя. Яна битта машқ, ҳар куни худди шамни ўчираётгандек саккиз марта пуфланг.
Шакарли пилинг. Лаблар ёрилмаслиги учун, қуйидаги муолажани ҳафтасига 1 маротаба қўлланг. Уч ош қошиқ асални 1 ош қошиқ шакар билан яхшиллаб аралаштириб, бир неча сонияга микротўлқинли печга солиб қўйинг. Сўнгра хосил бўлган массани лабларга суртиб, енгил ҳаракатлар билан уқаланг ва илиқ сув ёрдамида ювиб ташланг
Махсус ниқоблар. Агар сизнинг лабингиз қуришишга мойил бўлса, унда мунтазам равишта лаблар учун мўлжалланган махсус ниқобдан фойдаланиб туришни тавсия қиламиз. Ниқобни тенг миқдордаги творог ва қаймоқдан тайёрлаш мумкин. Аралашмадан хосил бўлган бўтқасимон массани 10-15 дақиқа лабингизга суртиб қўйиб, кейин юмшоқ мато билан оҳиста артиб олинг. Яна бир усул: қатиқни лабингизга суртиб, бироз қуришини кутинг ва устидан яна суртинг, шундай қилиб муолажани 10 марта такрорланг.
Асалли ниқоб. Ёрилган лабларни энг яхши ва самарали даволайдиган восита бу асалдир. Шунчаки 10 дақиқа лабингизга исталган турдаги асални суртиб қўйиб, нам салфетка билан артинг. Бу муолажа фақат асалга аллергияси бўлмаган хонимларга тўғри келади
Ўсимлик ёғи ҳам фойдали. Кузда лаблар аллергияга мойил бўлади, шу сабабдан мутахассислар декоратив лаб бўёғи ўрнига оддий ўсимлик ёғидан фойдаланишни тавсия қилишади. Кўчага чиқишингиздан ярим соат олдин лабингизга ўсимлик ёғи суртиб қўйишни одат тусига киритсангиз, ачишиш ва лаблар ёрилишининг олдини олган бўласиз.
Тўғри бўяш қоидалари. Ёрқин ва тўқ рангдаги лаб бўёғини суртишдан олдин, лабингизга гигиеник лаб бўёғи суртинг. Сўнгра махсус қалам билан лабингиз атрофини чизиб чиқинг ва ундан кейин тўқ рангли лаб бўёғини суртинг. Лабдаги ранг узоқ сақланиши учун, бўялган лабларни хўл салфетка билан намлантиринг.
Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг