Терлашга қарши курашамиз!
сешанба, 2015 Июн 09 Мухлиса Хакимова
Кунлар исиши билан истаймизми-йўқми, терлай бошлаймиз. Аслида организмдан ажраладиган тер рангсиз ва ҳидсиз бўлиб, бизга муаммо келтирмайди. Ёқимсиз ҳид пайдо бўлишига эса терида яшовчи бактериялар сабабчи бўлади. Терлашдан бутунлай қутулиб бўлмаса ҳам уни назорат қилиш, бадбўй ҳиднинг олдини олиш мумкин.
Энг оммавий восита - дезодорантлар
Дезодорант - теридаги бактериялар билан курашиб, улар томонидан чақирилган ёқимсиз ҳидларни бартараф этувчи восита. Унинг таркибида инфекция ва бактериялардан халос этувчи талк, спирт ва триклозан каби моддалар мавжуд.
Дезодорант-антиперсперантлар оддий дезодорантлардан фарқли равишда ҳидни йўқотиш билан бирга, тер ажралишини ҳам маълум муддат тўхтатиб туради. Бунинг сабаби восита таркибидаги алюминий тузи теридаги тешикчаларни беркитишида. Бу муддат қисқа бўлиб, воситадан оддий дезодорантга қараганда кўпроқ фойдаланиш талаб этилади.
Турлари
Дезодорантларнинг сепиладиган (спрей), стик, роликли турлари ишлаб чиқарувчилар томонидан тақдим этилиб келинмоқда. Спрей таъсир этиш вақти жуда қисқа, кўп ҳолларда кийимда ўз "из"ини қолдирадиган восита. Шунга қарамасдан, фойдаланиш учун энг қулай ва оммабоп дезодорант тури ҳисобланади. Роликли турдаги дезодорантлар одатда эмулсия ёки гелдан ташкил топади. Бу восита терига тезда сингиб, узоқ вақтгача терлаш билан боғлиқ муаммолардан халос этади. Қаттиқ турдаги дезодорантларнинг асосий афзалликларидан бири кийимда ҳеч қандай доғ қолдирмаслигидир. Улар юқори таъсирга эга бўлиб, одатда кучли терлашдан азият чекаётган кишиларга тавсия этилади. Агар сиз таъсирчан тери соҳибаси бўлсангиз, таркибида спирт миқдори кам бўлган ёки умуман бўлмаган турдаги воситаларни танланг. Ва яна дезодорант танлашда, умуман ҳидга эга бўлмаган турдагисини тавсия этамиз. Шунда воситанинг ифори атирингиз билан аралашиб кетмайди.
Халқ табобати
Терлаш билан боғлиқ муаммонинг ажойиб ечими мойчечак дамламаси ҳисобланади. Бунда 5 ош қошиқ гулларни 2 л сувда дамлаб, 1 соатча ўраб олиб қўйинг. Шундан сўнг 2 ош қошиқ ичимлик содасини солиб, ҳар куни 6-8 марта дамлама билан қўлтиқ остини ювиш тавсия этилади.
Ёмон ҳиддан қутулиш учун эса эман дарахти пўстлоғини қайнатиб, сувига лимон шарбатини қўшамиз ва қўлтиқ остини ҳар куни бир неча бор артиб турамиз. Бу муолажа ортиқча терлашнинг олдини олиб, хушбўй лимон ифори таралиб туришига сабабчи бўлади.
Иссиқ-совуқ (контраст) душ ҳам муаммони ечишда самарали муолажа ҳисобланади. Аммо бу муолажани мунтазам — эрталаб ва кечқурун бажариб туриш талаб этилади.
Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг