Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Лого beka.uz

Бодрингли парҳез

 жума, 2015 Август 28    Лола Хакимова  

Бодрингли парҳез

Бозор ва дўкон расталари янги узилган бодринглар билан тўлиб турган бир пайтда биз аёллар учун ёшариш ва ортиқча вазндан халос бўлиш учун ажойиб имкон пайдо бўлади. Бодрингли парҳез 3 ёки 5 кунга мўлжалланган. Унинг турлари кўп бўлишига қарамай, ҳар бир парҳездан кейин сиз 2-4 кг вазндан халос бўлишингиз мумкин. Шунингдек, бодринг ошқозон, бўғимлар ва буйракни тозаловчи энг яхши восита. Бу сабзавот ҳатто теридаги турли-туман доғларни самарали кетказади. Хуллас, бодрингли парҳез давомида сиз битта ўқ билан бир нечта "душман"лардан халос бўлишингиз мумкин.

Нега самарали ҳисобланади?
Биринчи навбатда бодринг таркибидаги табиий клетчатка ва 95% сувдан иборат эканлиги билан бошқа сабзавотлардан фарқ қилади. Агар эътибор қилган бўлсангиз, кўпгина бошқа парҳезларда кунига 2-3 литр сув ичиш тавсия этилади. Бодрингли парҳез бундан мустасно, чунки 2 кг бодринг таркибида 1900 мл сув мавжуд. Энди иккинчи фойдаси хақида гапирамиз. Бодринг ошқозон ишини яхшилаб, уни тошқол (шлак) ва токсинлардан халос этади. Бундан ташқари, бодринг пешоб ҳайдаш хусусиятига эга. Бу дегани, сиз организмингизда бир неча вақтдан буён йиғилиб қолган ортиқча суюқликдан ҳам қутуласиз.

Энг осон усул.
3-5 кун давомида ҳар куни 1,5 кг. бодринг ейиш тавсия этилади. Бунда сиз бодрингдан тайёрланган ҳар хил салатлар билан кундалик таомномангизни бойитишингиз мумкин. Энг асосийси, парҳез учун тайёрланган салат ичига туз қўшманг. Яна бир нарса: фақат 12-13, 16-17, 19-20 соатлар оралиғида овқатланинг. Нонушта ҳар доимгидек, чой, қаҳва ва сув исталган миқдорда. Қуйида уч хил салат тури билан танишасиз:

Биринчи салат.
1-2 кг. бодрингни катта бўлакларга бўлиб кесинг. Кейин 30 гр майонез ва таъбга кўра ҳар хил кўкатлар билан аралаштиринг. Тайёр салатни 3-5 бўлакка бўлиб, кун давомида истеъмол қилинг.

Иккинчи салат.
Юқорида айтилган миқдордаги бодрингларни ёғ миқдори кам бўлган сметана ёки кефир билан аралаштириб, таъми яхшиланиши учун ичига 1-2 дона қайнатилган тухум ва тузсиз зираворлар қўшиб аралаштиринг.

Учинчи салат.
1,5 кг. майдаланган бодрингни, 500 гр. помидор билан аралаштириб, ичига 1 чой қошиқ ўсимлик ёғи ёки сметана қўшинг. Бу салатга таъбингизга қўра озгина қайнатиб пиширилган ёғсиз гўшт ҳам қўшишингиз мумкин. Муҳими, туз қўшмаслик.

ДИҚҚАТ!
Гастрит, организмида кислота миқдори юқори бўлган ва ошқозон яраси касали бор кишиларга бодрингли парҳез тутиш қатъиян ман этилади!

Юқоридаги парҳезни 7 кун тутиб, сиз 5 кг. вазндан халос бўлишингиз мумкин. Лекин бодрингли парҳез айрим кишилар саломатлиги учун жуда хавфли бўлиши хеч гап эмас! Шу сабабдан бу парҳезни қўллашдан олдин, албатта, шифокор билан маслаҳатлашинг!
 



Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг