Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Лого beka.uz

Оналар алласи

 шанба, 2015 Апрел 25    Лола Хакимова  

Оналар алласи
Алла қайси элда, қайси тилда айтилмасин, эшитган одам юрагида ҳасрат ва ҳаяжон жўш уради. Алла айтмаган она бормикан бу дунёда?! Алла бўлажак йигитга қувват, қизга эса ҳаё ва иффат бахш этади! Алла айтган оналар миллат хотирасини асрайдилар!
 
Алла - бешик қўшиғи бўлиб, бола туғилгандан то бешикдан чиққунча айтилган. Яна у халқ оғзаки ижоди намуналарида ҳам кенг куйланган. Болани йўргаклаш, бешикка солиш, ухлатиш, уйғонган болани йўргакдан ечиб олиш сингари машғулотлар куйлар, чиройли оҳангдор сўзлар билан безалган бўлади. Бундай дилни эркаловчи қўшиқлар болага ҳам хуш ёққан. Ана шу шеърий тўқималар турли воқеаларга, айрим маросимларга боғлаб айтилган бу қўшиқни алла қўшиқлари дейишган.
 
Қуйида сизга таниқли аллаларни келтирамиз.
 
Алла айтай, жоним болам,
Қулоқ солгин, алла
Ширин аллам тинглаб аста,
Ухлаб қолгин, алла
 
Кўзларинга томган сувга
Ҳайрон бўлма, алла-я
Бахтимга сен катта бўлгин,
Хазон бўлма, алла
 
Истиқболинг порлоқ сенинг,
Жажжигинам, алла-я
Бахтимга сен катта бўлгин,
Хазон бўлма, алла
 
Севганимдан ёдгоримсан,
Олтин қўзим, алла-ё
Мен шўрликдай тўкилмагин,
Кўрар кўзим, алла
 
Алла, алла, алла-ё
 
* * *
 
Болагинам боласи, алла,
Қантак ўрик донаси, алла.
Қантдан ҳам ширин экан, алла,
Болагинамнинг боласи, алла.
 
Боғда узумнинг ғўраси, алла,
Тоғда кийикнинг боласи, алла.
Дўпписида уккипари, алла,
Бу кимнинг невараси, алла.
 
Асака йўли тўп чинор, алла.
Болалар отини қамчилар, алла.
«Буви» деган тилингдан, алла,
Обиноввот томчилар, алла.
 
Алла, алла аҳди бор, алла,
Ётадиган тахти бор, алла.
Отаси бору, онаси бор, алла,
Шу боламнинг бахти бор, алла.
 
Оймома юзинг, алла,
Юлдузлар кўзинг, алла.
Ота-онанг гул бўлса, алла,
Ғунчаси ўзинг, алла.
 
Тоғдаги гулим, алла,
Уйдаги булбулим, алла.
Онаси япроғим, алла,
Боласи юмшоғим, алла.
 
Олмалардан бешиги, алла
Олиб қўйсин отаси, алла.
Беҳилардан бешиги, алла.
Белаб қўйсин бувиси, алла.
 
Аллалари ёдимда, алла.
Беланчаги ёнимда, алла,
Момоси алла айтар, алла,
Неварасин отиндан, алла.
 
* * *
 
Ўргилайин ўзингдан, алла,
Шамчироқдек кўзингдан, алла.
Обиноввот томчилар, алла,
«Буви» деган сўзингдан, алла.
 
Айланайин қароғим, алла,
Уйда ёнган чироғим, алла.
Дўстим кўрса, ярашиб, алла,
Душманимга яроғим, алла.
 
Қалам-қалам қошингдан, алла,
Қаландарлар айлансин, алла.
Хумор-хумор кўзингдан, алла,
Хуморалар айлансин, алла.
 
Чимчилаб қўйган бурнингдан, алла,
Чимқўрғонликлар айлансин, алла.
Ангишвонадек оғзингдан, алла,
Аровонликлар айлансин, алла.
 
Қўлвоғингнинг қатидан, алла,
Қўнғирот эллари айлансин, алла.
Тўшагингнинг тахидан, алла,
Туркман эллари айлансин, алла.
Бешигингнинг бандидан, алла,
Боғдод эллари айлансин, алла.
 
Ўрик ёрочдан бешигинг, алла,
Ўргилаб кетсин онанг, алла.
Тут ёгочдан бешигинг, алла,
Термулиб ўтсин онанг, алла.
 
Жийдалардан бешиги, алла,
Жирканмасин опаси, алла.
Ўриклардан бешиги, алла,
Ўйнатади акаси, алла.
 
Бабалаки бўпписи бор, алла,
Бошчасида дўпписи бор, алла.
Кайвони бувиси бор, алла,
Саркори буваси бор, алла.
 
* * *
 
Ойни олиб берайми, алла,
Кунни олиб берайми, алла,
Беланчагинг бошига, алла,
Сара гуллар терайми, алла?
 
Алла, дейин, ўпайин, алла,
Қиёсингни топайин, алла.
Тилинг чиқиб «нон» десанг, алла,
Кунда кулча ёпайин, алла.
 
Олтин бешик олдирай, алла,
Кумуш бешик олдирай, алла.
Болагинам тагига, алла,
Бахмал тўшак солдирай, алла.
 
Онаману онаман, алла,
Болам учун ёнаман, алла.
Болам тинчликда ўсса, алла.
Орзуларга қонаман, алла.
 
Қизил гул новдасидан, алла.
Камар қилай белингга, алла.
Сочларим толасидан, алла,
Боғич қилай тўнингга, алла.
 
У ёнимга қўяйин, алла,
Бу ёнимга қўяйин, алла.
Гулдек ширин исингни, алла,
Ҳидлаб-ҳидлаб тўяйин, алла.
 
Алла айтсам яйрайсан, алла,
Кулиб-кулиб қарайсан, алла.
Полвон қилиб ўстирсам, алла,
Бир кунимга ярайсан, алла.
 
Жонимнинг учи, болам, алла,
Меҳримнинг кучи болам, алла.
 
* * *
 
Алла, алла, оппоғим, алла,
Гул ичида япроғим, алла.
Кизил гулнинг бутоғи, алла,
Онанг шунинг адоғи, алла.
 
Ўзинг гулзор боғимсан, алла,
Суянишга тоғимсан, алла.
Қоронғу кечаларда, алла,
Ёндирган чироғимсан, алла.
 
Сутдан оппоқ, гулдан ислим, алла,
Бу дунёда йўқдир мислинг, алла.
Ўғилларимнинг султони, алла,
Сенга тасаддуқ. шу жоним, алла.
Орзуларим олтин тожи, алла,
Менинг жоним – шунинг божи, алла.
 
Алла, болам – бозорим, алла,
Диққат бўлсам, ёзарим, алла.
Ухла, кўзи хуморим, алла,
Ором ол, беозорим, алла.
 
Оқ шоҳидан рўмолим, алла,
Оқ юзингни артайин, алла.
Чўлпон кўзингни юм қўзим, алла,
Сенга алла айтайин, алла.
 
Боғимдаги гул-ғунчам, алла,
Ухлаб олсин тўйгунча, алла,
 
Кўк гули юлдузгина, алла,
Ой ёруғ ёлғизгина, алла.
Ой – юзи, юлдуз – кўзи, алла,
Мунча ширин бу қизгина, алла.
 
Алла, алла оппоғим, алла,
Гул ичида япроғим, алла.
Япроқлари сўлмагай, алла,
Паймонаси тўлмагай, алла.
 


Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг