Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Лого beka.uz

Она сутининг беқиёс хусусиятлари

 душанба, 2015 Март 30    Лола Хакимова  

Она сутининг беқиёс хусусиятлари

Кўкрак сути билан боқиш – бу она ўз боласига бериши мумкин бўлган энг яхши нарсадир. Унинг бор муҳаббати ва ғамхўрлиги ҳар куни фарзандига кўкрак тутганида сути билан бирга қуйилиб келади. XXI асрда технологиялар ва саноат ривожланиши юқори даражада бўлишига қарамасдан, ҳозиргача она сутининг ўрнини босадиган хеч нарса ўйлаб топилмаган. Ушбу озуқа маҳсулоти универсал ва ноёб бўлиб, гўдакнинг нафақат озиқ моддаларга бўлган эҳтиёжини қондиради, балки боланинг овқат ҳазм қилиш тизими имкониятларига ва унинг организмидаги метаболизмнинг ўзига хос ҳусусиятларига ҳам идеал тарзда мос келади.

Бироқ, шунга қарамасдан ҳамма оналар ҳам болани олти ойликкача фақат кўкрак сути билан боқмайди. Хўш, уларни нима безовта қилади ва сунъий аралашмалардан фойдаланишга мажбур этади? Қуйида биз ёш оналар кўп ҳолатларда ишонадиган ва шу боис ўз фарзандларига ўз сутларини беришни истамайдиган ҳолатларга, яни афсоналарга изоҳ бериб ўтамиз.

1-АФСОНА. Мунтазам равишда болага боғланиб қолишга тўғри келади.

Ҳа, бу фикр қисман тўғри. Болани талаби бўйича озиқлантириш дастлабки ойларда тахминан ҳар 3 - 3,5 соатда бир марта амалга оширилади. Аммо бирор жойга боориш зарурати туғилганида сутни шишачага сиқишингиз ва яқинларингиздан гўдак оч қолганида уни овқатлантиришни илтимос қилишингиз мумкин. Кўкрак сутини хона ҳароратида 8 соатга яқин ва музлаткичда уч кун сақласа бўлади.

2-АФСОНА. Сутингиз етмаяпти ва 2-3 ойдан сўнг у йўқола бошлайди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутаҳассисларининг таъкидлашича, кўкрак сутининг йўқлиги ёки унинг етишмаслиги шунчаки болани кўкракка нотўғри тутиш ва йўлга қўйилмаган эмизиш жараёнининг оқибати ҳолос. Лактациясиз аёллар бўлмайди. Агар сиз фарзандингизни туғилган пайтидан эмиза бошлаган бўлсангиз ва қўшимча озуқа бермаган бўлсангиз, сутингиз йўқолмайди. Албатта, истиснолар бўлиб туради. Бунга стресслар, онанинг касалланиши ва бошқалар сабаб бўлиши мумкин. Аммо шифокор ўз вақтида аралашса, болани яна эмиза бошлаш муаммо туғдирмайди.

3-АФСОНА. Кукрак ўз шаклини йўқотади.

Шубҳасиз, аёлнинг кўкраги ҳомиладорлик давридан бошлаб ўзгаради. Аммо бу унинг хунук бўлишини ва осилиб қолишини билдирмайди. Баъзи бир парвариш қоидаларига амал қилсангиз, кўкрагингизни ажойиб шаклда сақлашингиз мумкин. Контраст душ, кўкрак мушакларини мустаҳкамлашга йўналтирилган жисмоний машқлар, махсус ич кийимини кийиш ўз самарасини кўрсатиши тайин.

4-АФСОНА. Кўкрак билан эмизганда ортиқча вазн ортади.

Ушбу фикр хақиқатга мутлақо тўғри келмайди. Аксинча, узлуксиз ва тўғри эмизиш, аёл организмининг тез тикланишига ва унинг туғруқдан олдинги ҳолатига қайтишига ёрдам беради. Гап шундаки, болани эмизиш жараёни бачадонни нормал ҳолатига қайтиши учун “масъул” бўлган окситоцин гормонининг ишлаб чиқарилишини рағбатлантиради.

5-АФСОНА. Эмизувчи оналар қатъий парҳезга амал қилишлари керак.

Ушбу фикр ҳам илмий тасдиққа эга эмас. Албатта, таомномангизга бироз ўзгартириш киритиш керак бўлади, яъни гўдакда аллергия, қорин шишиши, қорин санчиқларини келтириб чиқарадиган маҳсулотларни чиқариб ташлаш керак. Аммо бу маҳсулотларнинг рўйхати унчалик катта эмас. Бунинг устига, гўдак 2 ойга тўлганидан кейин болага қандай таъсир қилишини кузатган ҳолда рационга янги маҳсулотларни киритиш мумкин.

6-АФСОНА. Она сутининг ўрнини босувчи замонавий аралашмалар кўкрак сутиникидай таркибга эга ва у каби фойдали.

Мутлақо нотўғри фикр. Бахтга қарши, у жуда кенг тарқалган. Сунъий аралашмаларни ишлаб чиқарувчи фирмаларнинг ўз маҳсулоти она сутига айнан ўхшаш деб уқтиришлари ва ҳатто статистикани келтириб, бақувват гўдакларни намойиш қилишлари – буларнинг ҳаммаси қудратли реклама компаниясидан бўлак нарса эмас. Она сутининг таркибида сигир сутида мавжуд бўлмаган камида 100 та компонент бор. Айнан шу боис, саноат технологиясида она сутининг ўрнини тўлиқ босадиган маҳсулотни чиқаришнинг иложи йўқ.

Бундан ташқари, ҳар бир онанинг сути айнан ўз фарзандининг эҳтиёжларига мос келади ва шу боис хар доим турли аёлларда сифати ва таркиби бўйича фарқ қилади. Ўзининг озиқлантириш хусусиятларидан ташқари, она сути таркибида гўдакни турли касалликлардан ҳимоя қилиш, унинг яхши ухлаши, ичак инфекцияларига қарши курашиши, бош миясининг ривожланиши, она ва гўдак ўртасидаги алоқанинг мустаҳкамланиши учун зарур бўлган қатор тирик хужайралар ва антижисмлар мавжуд. Эмизиш пайтида, бир-бирига яқин иккита инсон ўртасида эмоционал алоқа ўрнатилади, бу гўдакка ҳимояланганлик, қулайлик ва хотиржамлик ҳиссини бахш этади.

7-АФСОНА. Аёл касал бўлганида эмизиш мумкин эмас.

Кўкрак билан эмизиш таъқиқланадиган ҳолатлар жуда кам. Шамоллаш ва инфекцион касалликларда фарзандингизни қўрқмасдан эмизишингиз мумкин – антижисмларга бой она сути болага касалликка қарши курашда ёрдам беради. Ва инфекцияларнинг энг яхши профилактикаси ҳисобланади. Гўдак касалликка чалинмайди ёки уни енгил шаклда ўтказади.

Сил касаллигининг очиқ шаклида, ОИВда, кўкракда тошма пайдо қилдирадиган герпесда, жигар, буйрак, юрак билан боғлиқ оғир касалликларда ҳамда она кўкрак сути билан бирга чиқадиган антибиотиклар ва токсик препаратларнинг баъзи турларини қабул қилаётган пайтда эмизишни тўхтатиш зарур.



Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг