Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Лого beka.uz

Фарзандингиз мактабга отланди

 якшанба, 2015 Август 23    Лола Хакимова  

Фарзандингиз мактабга отланди

Етти ёшли болаларда "ўтиш даври" юзага келиши табиий жараён. Аввалига болажонингиз вақтини фақат ўйинлар билан ўтказган бўлса, энди таълим олиш ҳам "жадвал"га киритилди. Боғчада у дунёни ўйинчоқлар орқали англарди, энди эса китоблар. Мактаб формаси, қатъий кун тартиби, эрта уйғониш, дарсликларни кўтариб юриш, ўқитувчининг айтганларига итоат этиш болада стресс уйғотиши мумкин. Хўш, буни қандай енгиш мумкин?

Истакларга тўсиқ. Биринчи синфда бола "мумкин, мумкин эмас" сўзларига тўқнашади. Мактабдаги тартиб-қоида унинг ўз "қоидаларига" зид келиши, истакларини бўғиши турган гап. Бу жараён бир неча ҳафтадан бир йилгача давом этиши мумкин. Мослашишда энг катта ролни ота-оналар ўйнайди. Катталарнинг қўллаб-қувватлаши, тўғри йўл кўрсатиши, болани тушуниши бу паллада жуда муҳимдир.

Кун тартиби. Боланинг ҳам руҳий, ҳам жисмоний ҳолати боғчадагидан кўра анча ривожланади. Тунги уйқу вақти ўн соатдан кам бўлмаслиги шарт. Кундузи очиқ ҳавода сайрга олиб чиқишни унутманг. Бу телевизор ёки компьютер қаршисида ўтиришдан фойдалироқ. Айтганча, невропатологларнинг айтишича, монитор олдида болакай 40 дақиқадан ортиқ ўтирмаслиги лозим (ҳатто планшет ва смартфонларда ҳам). Агар у компьютер ўйинларини яхши кўрса, тез орада атрофдагилар билан мулоқот ўрнатишда муаммолар юзага келади.

Қўшимча оғирлик тушмасин. Болани биринчи синфданоқ қўшимча курс ва тўгаракларга бериш тавсия этилмайди. Бу унга оғирлик қилади. Аввал бола янги кун тартиби ва янги одамларга ўрганиб олсин. Камида ярим йилдан сўнг фарзандингиз хоҳишига қараб, спорт ёки мусиқа тўгаракларига беришингиз мумкин. Болани тонгда уришиб уйғотманг, буни ўзи исташи керак. "Будильник" билан уйғонишни ўргатинг. Шоша-пиша нонушта қилиш ҳам яхши эмас. Мактабдан келиб бироз миғзиб олсин. "Нима, қаерда, қачон, нега?" каби саволларга кўп тутманг.

Уйга вазифа. Унутманг, етти ёшли болалар узоғи билан 20 дақиқа диққатини бирор нарсага жалб эта олади. Уйга вазифаларни тайёрлаётганда танаффус бериб туринг. Аввал оғзаки, сўнг ёзма ишларни бажартиринг. Унинг ўрнига ўзингиз ёзиб берманг! Бола ўз "юмушини" ўзи бажариши лозимлигини тушунсин. Агар масалаларни тушунмаса, танбеҳ берманг. Буни ўйинлар ёрдамида тушунтиринг.

Ўқитувчисини ёмонламанг. Бола ҳаётида сиздан кейин турувчи муҳим инсон - бу унинг биринчи ўқитувчисидир. Ўқитувчи сизга ёқадими, ёқмайдими, унутманг – у фарзандингиз камолотига ўз ҳиссасини қўшади. Агар ўқитувчи билан тортишсангиз, ёмонласангиз, бу болага қаттиқ таъсир кўрсатади. Унга ҳамиша ўқитувчисини мақтанг ва айтганларини қилиши лозимлигини тушунтиринг. Баъзида болакай сизни эмас, ўқитувчисининг гапига киради. Демак, устозга ҳурмат шу даврдан шаклланади.

Қўллаб-қувватланг. Уни доим қўллаб туринг. Паст баҳо олса, уришиб, юқори баҳо олса, мақтасангиз, болада мени баҳоларим учун яхши кўришаркан, деган хулоса уйғонади. Унга доим нейтрал муносабатда бўлинг. Ўзида уйғонаётган кўп саволларга ўзгалардан эмас, сиздан жавоб олишига имкон яратинг. Синфдошлари билан дўстлашишни ўргатинг, ёлғизланиб қолмасин.

Арзимас нарсаларни деб... Бола шахс сифатида ривожланаркан, бу паллада можаролар унга салбий таъсир этади. Арзимас нарсалар учун танбеҳ бераверсангиз, у айбини яширишни ўрганади. Дафтаридаги сиёҳ, ручкасини йўқотиши, дарс жадвалида адашиши каби оддий ҳолатлардан катта фожеа ясаманг. Бу ҳар бир ўқувчи ҳаётида содир бўладиган табиий жараён.

Эрта тонгга тайёрланиш қоидалари:

  1. Эрталаб бола мактабга кеч қолмаслиги учун кечқурун зарур нарсаларни тайёрлаб қўйинг: мактаб формаси, сумка, жадвал бўйича китоб- дафтарлар.
  2. Агар эрталаб болангизни мактабга ташлаб, сўнг тўғри ишга кетадиган бўлсангиз, икки карра кўп вақт кетади. Бунинг учун аввал ўзингиз тайёр бўлгач, сўнг болани кийинтириб, тайёрлатинг.
  3. Нонушта мазали бўлишини таъминланг. Ҳар куни бир хил бўтқа ейиш боланинг кайфиятига таъсир қилади. Ҳафтада икки марта йогурт, шоколодли мюсли, бутерброд қилиб беринг.
  4. Бола мактабга тайёрланаётганда сабрли бўлинг. Тиш ювиши, пайпоқларини кийиши, соч тараши каби вазифаларни ўзи бажаришига имкон яратинг. Бу вақтда уни шошилтирманг ва мажбурламанг.
     


Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг