Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Лого beka.uz

Аёл машина рулида

 якшанба, 2015 Апрел 19    Лола Хакимова  

Аёл машина рулида

Аёллар учун машина бошқариш - жиддий машғулот. Уларда ўзларини авайлай билиш инстинкти кучли ривожлангани сабабли, машина бошқаришдан асосий мақсад мўлжалланган манзилга тез эмас, балки соғ-омон етиб олишдир. Бунда автомобилга ҳам, машина салонидаги йўловчиларга ҳам зарар етмаслиги муҳим ўринни эгаллайди. Ана шу сабаб аёллар эркакларга қараганда йўлда содир бўладиган автоҳалокатларга камроқ учрашади.

Бундан ташқари, аёллар автомашина бошқараётган пайтда кўпроқ сокин мусиқа тинглашни маъқул кўришади. Маълумки, бу турдаги мусиқа автомобилни бошқаришдан деярли чалғитмайди. Яна аёллар эркакларчалик йўл ҳаракат қоидаларини зўр билмасаларда, иккиланган ҳолатларда бошқаларга йўл берадилар. Машинани ҳам авайлаб бошқарадилар, унга юмшоқ муносабатда бўладилар.

Лекин, ҳамма аёллар ҳайдовчилар ҳам шундай эмас. Эндигина рулга ўтирган аёлларни қўрқув ҳисси узоқ вақтгача таъқиб қилади. Қуйидаги тавсиялар шаҳарнинг гавжум кўчаларида машинани қийинчиликсиз бошқаришга ёрдам беради.

  1. Биринчи навбатда, ўзингизни бўш қуйинг, рулга ёпишиб олманг. Машинани хотиржам бошқариш лозим.
  2. Аксарият катта кўчалар 1 йўналишда 3та қатнов йўлидан иборат. Ўнг қаторни кўпинча такси ҳайдовчилари эгаллаб олишади, Чап қатордан эса "ўпкасини қўлтиқлаган"лар учиб ўтишади. Шу сабабли, манзилингиз ҳали узоқ бўлса, ўрта қаторда ҳаракатланинг.
  3. Агар сиз белгиланган тезлик меъёрида ҳаракатланаётган бўлсангиз, "Тезроқ юр" қабилидаги овозли ва чироқли сигналларга эътибор қилманг, керак бўлса айланиб ўтишади.
  4. Аксарият эркаклар рулдаги аёлларни қўрқитишни ёки эътиборини ўзига қаратиш учун турли "қилиқ"лар қилишади. Айниқса, рулда ёшроқ йигитлар бўлса. Чорраҳада турган ҳолида газни босиш, ўзининг қатори мутлақо бўш бўлса ҳам сизнинг қаторингизга тиқилиш, светофор чироғи яшил ёниб улгурмасидан ғилдиракларни чийиллатиб қўзғалиш шулар жумласидандир. Бундай ҳолатларда бефарқ бўлинг, умуман у томонга қараманг, гўё у сиз учун мавжуд эмас.
  5. Баъзи эркаклар ўзларини кўрсатиб қўйиш учун пойгалар уюштиришади. Улардан ўзиб кетсангиз ўзларини таҳқирланган ҳисоблаб, қандоқ бўлмасин сиздан ўзиб кетишга киришишади. Бундай ҳолатларда "хақиқий эркак"ларга йўл беринг, улар билан ўчакишманг. "Қўриб қўй, сендан зўрман" деб керилиб юраверишсин. Сиз бўлса, машинангизни қийнаманг, у сизга ҳали кўп хизмат қилиши лозим.
  6. Серқатнов кўчаларда оралиқ масофани сақлашни, ён қаторга ўтиш ёки бурилишдан анча аввал огоҳлантирувчи чироқларни ёқишни унутманг. Бу фавқулотта вазиятда олдингиздаги машинага урилмаслик кафолатини беради.

Вақт ўтиб, сизнинг маҳоратингиз ошиб, йўлларда анча эпчил бўлиб қоласиз. Ўша вақт келганида ҳам сиз учун манзилга соғ-омон етиб олиш олий мақсад бўлиб қоладиверади деган умиддамиз.



Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг