Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Лого beka.uz

Куз фаслидаги юз парвариши

 душанба, 2015 Август 03    Мухлиса Хакимова  

Куз фаслидаги юз парвариши

Инсоннинг юз териси бошқа фасллардан кўра, кузда кўпроқ парваришга муҳтож бўлиши хеч кимга сир эмас. Кузги парвариш аслида тўрт қисмга бўлинади. Булар: ҳимоя, намлантириш, тўйинтириш, тозалаш. Қуйида биз кутилмаган об-ҳаволарга бой бўлган кузги мавсумда терини тўғри парваришлаш тўғрисида тавсиялар келтирамиз.

Қандай крем танласам экан? Куз фаслида ишлатадиган кремни танлашдан олдин, унинг қадоғида "ҳимояловчи", "қайта тикловчи" ёзувлари борлигига ишонч ҳосил қилинг. Бундай кремлар юз терисида ташқаридаги об-ҳаводан асрайдиган кўринмас девор ҳосил қилади.

Қанча ёғли бўлса шунча яхши! Кузги косметика воситалари қанча ёғли бўлса шунча яхши. Лекин меъёрни унутманг. Масалан, юз терисига ҳаддан зиёд сурилган ёғли крем ҳаво етмайдиган жойда терига салбий таъсир кўрсатиб, ҳуснбузарлар сонини орттириши мумкин.

"Оқариш"га шошилманг! Куз кириб келиши билан негадир кўпчилик терисини оқартиришга киришиб кетади. Мутахассислар оқартирувчи ниқоблардан октябрь ойидан бошлаб фойдаланишни тавсия қилишади. Негаки, қуёшли кунларга бой саналган сентябрь ойи оқартирувчи  ниқобнинг тескари таъсир кўрсатишига сабаб бўлиши мумкин.

Мевалар ҳақида унутманг! Аввало, ёзнинг иссиқ кунлари шарофати билан етилиб пишган мевалар ҳақида унутманг. Куз кунларида терини тўғри намлантиришнинг энг оддий йўли – кундалик таомномаларга меваларни киритишдир. Бу пайтда, айниқса, C витаминига бой меваларни кўпроқ тановул қилинг. Олтин кузнинг олтин меваси ҳисобланмиш олма бу борада сизга ёрдам беради. Олма нафақат терининг чиройли бўлишига, балки қоматни чиройли қилишда қўл келади.

Қуруқ тери учун олмали ниқоб. Яримта олмани пўстлоғидан тозалаб, қирғичдан ўтказинг. Устидан битта тухум сариғи, бир ош қошиқ асал ва бир чой қошиқдан аскорбин кислотаси ҳамда ўсимлик ёғи қўшиб аралаштиринг. Ҳосил бўлган аралашмани 15 дақиқага юзингизга суртиб, кейин совуқ сув ёрдамида ювиб ташланг.

Нормал ва ёғли тери учун тозаловчи восита. Икки-учта алоэ япроқларининг сувини сиқиб олиб, 2-3 қошиқ илиқ сув билан аралаштиринг ва кунига икки марта, эрталаб ва кечқурун юзингизни артинг. Бундай усулда тайёрланган воситани музлаткичда сақлаш тавсия этилади.

Уй шароитидаги ниқоблар:

  • Исталган мева ва сабзавотни қирғичдан ўтказинг ёки қошиқ ёрдамида эзиб, йогурт билан аралаштиринг ва бўтқасимон масса ҳосил қилинг. Тайёр ниқобни 20 дақиқага юзингизга суртиб, илиқ сув билан ювиб ташланг.
  • Бир нечта узум донасини олиб, иккига бўлинг ва кўз атрофига тегдирмасдан юзингизга суриб чиқинг. Умуман олганда, кузда узумдан тайёрланган ниқоб юз териси учун жуда фойдали ҳисобланади.
  • Бир ош қошиқ сули ёрмасини уч ош қошиқ илиқ сут ёки қаймоқ билан яхшилаб аралаштириб, сули суюқликни тўлиқ шимиб олишини кутинг. Тайёр бўлган ниқобни юз ва бўйин қисмларига суртиб, 20 дақиқадан сўнг илиқ сув ёрдамида, совунни ишлатмай ювиб ташланг.
     


Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг