Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Beka.uz - шарқ аёлларига маслаҳатлар тўплами!

Лого beka.uz

Қўллар парваришининг 5 сири

 якшанба, 2015 Июн 28    Мухлиса Хакимова  

Қўллар парваришининг 5 сири

Соғлом ва чиройли қўлларга эга бўлишни ким хоҳламайди дейсиз. Кундалик ҳаётимиздаги юмушлар натижасида эса кўпроқ бу ҳолатнинг аксига гувоҳ бўламиз. Аммо, ҳар бир аёл киши гўзал бўлишга ҳақли, бунинг учун озгина ҳаракат, хоҳиш ва тўғри маслаҳатлар зарур!

Чораси

Уй юмушларини бажараётганингизда ҳимоя қўлқопини кийишни канда қилманг. Пардоз қуролларингиз орасидан қўл учун мўлжалланган намлантирувчи ва юмшатувчи, таркибида ёғ ва ўсимлик экстракти бўлган кремлар ҳам ўрин олсин. Улардан ҳар куни, қутисида кўрсатилган вақтда мунтазам фойдаланиш мақсадга мувофиқ.

Қўл терисида муаммолар сабаби нимада?

Қўл терисида юздаги каби ёғ қатлами бўлмаганлиги сабабли, вақт ўтгани сайин қуруқлашиб бораверади ва натижада тез шикастланадиган бўлиб қолади. Қўл терисининг биринчи рақамли душмани — хлорли, қаттиқ водопровод суви ҳисобланади. Таркибида триклозан бўлган, бактерияларга қарши курашувчи турли гигиеник совунлар, кундалик турмушимизда қўлланилувчи тозалаш воситаларининг деярли барча турдагиси қўл терисининг таъсирчан ва нозик қисми-эластик ҳимоя қатламини қуритиб юборади.

1. Тухум ва асалли ниқоб: 1 дона тухум сариғига 1 чой қошиқдан асал ва сули уни солиб, сметанага ўхшаш масса ҳосил бўлгунича аралаштирамиз. Тайёр бўлгач, қўлга сурамиз.
Қўлланилиш муддати: 15-20 дақиқада.
Таъсири: терини юмшатиб, ажинларни бартараф этади.

2. Тирсаклар учун: 1 чой қошиқдан майда туз, қаймоқ, лимон шарбати, 0,5 чой қошиқ ичимлик содаси, 1 чой қошиқ водород пероксиди. Масаллиқларни яхшилаб аралаштиргач, тирсакларингизга суриб, целлофан пакет билан ўраб қўйинг.
Муддати: 45 дақиқа.
Таъсири: қуруқлашган ҳамда дағаллашган тирсак терисини соғлом ҳолатга қайтаради.

3. Оқартирувчи: бир бўлак нон мағзи илиқ сутда ивитилади. Аралашмани қўл терисига суриб, муаммоли жойларга ишқаймиз. Шу ўринда лимон ҳам оқартирувчи хусусиятга эгалигини эслатиб ўтмоқчимиз.
Муддати: 20 дақиқа.
Таъсири: ёриқларда тўпланиб қолган кирларни йўқотиб, терини тиниқлаштиради.

4. Майонезли ниқоб: бироз миқдорда майонез олиб, қўлларингизга суринг ва устидан матодан ишланган қўлқоп кийиб олинг.
Қўлланилиш вақти: 30 дақиқа.
Таъсири: терини озиқлантириб, юмшатади.

5. Глицеринли: 1,5 ош қошиқ сули уни, 1 ош қошиқ иссиқ сув, шунча зайтун ёғини яхшилаб аралаштирамиз. Аралашмага 1 ош қошиқ лимон шарбати ва 1 чой қошиқ глицерин қўшамиз.
Қўллаш муддати: 15 дақиқа.
Таъсири: қўл терисини шойи каби силлиқ қилади.

Тирноқларни парваришлаймиз

Бу борада қилиш лозим бўлган қуйидаги тавсияларни бериб ўтамиз:

Озиқлантириш. Тирноқлар синувчанлигини бартараф этиш учун уларни турли ёғ ва кремлар билан мунтазам озиқлантириб туриш лозим. Улар ичида энг самаралиси зайтун ёғи ҳисобланади.

Туз ва йод ҳам тирноқ саломатлиги ва чиройли кўриниши гаровидир. 1 стакан сувга 1 ош қошиқ туз ва бир неча томчи йод қўшиб, аралаштиринг. Суюқликка пахтани ботириб, тирноқларингизни артиб чиқинг. Бу муолажани ҳар куни бажариб туриш тирноқлар қават-қават бўлиб ажралиб қолишининг олдини олади.

Енгил уқалаш — тирноқ ости томирларини ҳаракатга келтиради, уларнинг яхши ўсишини таъминлаб, мустаҳкамлигини оширади. Энг асосийси, бу иш сиздан кўп вақт ҳам, куч ҳам талаб қилмайди.
 



Ижтимоий тармоқларда дўстларингизга тавсия этинг